Афғонистонда афюн ишлаб чиқариш кескин камайган, аммо...

Image caption Бу йил Афғонистонда кўкнор ҳосили 50 фоизга камайган

Бирлашган Миллатлар Гиёҳванд моддалар ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш идорасининг айтишича, Афғонистонда афюн етиштириш кескин камайган.

Аммо халқаро идорага кўра, афюн нархи кўтарилиб бораётгани боис деҳқонлар яна кўкнори етиштиришга тушишлари эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

Сўнгги ҳисоб-китобларга кўра, охирги бир йил ичида Афғонистонда кўкнор ҳосили 50 фоизга тушиб кетган.

БМТ томонидан ўтказилган охирги тадқиқотлар натижаси ана шу каби хушхабарни тақдим этган.

Сўнгги йилларда афюн бозорида нарх-наволарнинг изчиллик билан тушиб бораётгани кузатилганди. Аммо яна нархлар кўтарила бошлаган.

Шу сабаб, халқаро ташкилот, хотиржамликка асос йўқлиги билан ҳам огоҳлантирмоқда.

Янги ҳисоботда айтилишича, бу йил кўкнор ҳосилининг кам бўлишига асосий сабаб замбуруғ касаллигининг тарқагани бўлган.

Афғонистонда жаҳонда истеъмол этиладиган афюннинг 90 фоизи етиштирилади ва ҳукуматнинг кўкноризорларни йўқотиш чораларига қарамай, кўкнор экилган майдонлар миқёси камаймаган.

Кўкнори асосан Афғонистоннинг Ҳелманд, Қандаҳор каби беқарор жанубий ва ғарбий вилоятларида етиштирилади.

Бу эса, афюн савдоси ва исёнкорлик орасида бевосита боғлиқлик борлигини алоҳида урғулайди.

Янги ҳисоботини эълон этиши ортидан халқаро идора афюн таҳдидига қарши кенг кўламли стратегия ишлаб чиқишга ҳам даъват этган.