Толибон жангарилари Афғон армияси ва полицияси сафига кириб бормоқда

Узоқ йиллар БМТда ишлаган мулозимга кўра, Толибон Афғонистон армияси ва полицияси сафларига кириб олмоқда.

Би-би-си билан гаплашган БМТ собиқ мулозими Антонио Мариа Костанинг айтишича, иттифоқ кучларига қарши ҳужумларини кучайтириш ниятидаги Толибон вакиллари Афғонистон армияси ва полицияси ичига кириб олишмоқда.

Бир неча йил давомида БМТ Гиёҳванд моддаларга қарши кураш идорасини бошқарган Доктор Коста сўнгги йиллардаги қатор худкушлик ҳужумларини амалга оширганлар, аслида, илгари Афғонистон армиясида хизмат қилган шахслардир, деб айтди.

"Улар ҳужум қилиш учун ишора кутиб туришади ва бу Афғонистондаги сўнгги пайтлари кузатилаётган улкан муаммодир" - деб қайд этди БМТ собиқ мулозими.

Жаноб Коста бу борада қўлида "далиллар етарли"лигини урғуламоқда.

Келаси тўрт йил ичида эса, иттифоқ кучлари Афғонистондаги хавфсизлик учун масъулиятни маҳаллий полиция ва армия назоратига топшириши керак.

Аммо бу учун бир йил ичида хавфсизлик кучлари сафига 141 минг нафар янги аскар топиб, қабул қилиш керак.

Сўнгги йиллари армия сафидаги афғон аскарлари бир неча бор хорижий мураббий ва сафдошларига қарши ўт очишди. Лекин Афғонистондаги иттифоқ кучлари бош қўмондони ўринбосари генерал Ник Паркернинг таъкидлашича, исёнкорларнинг армияга суқилиб кириб олиши жуда кам учрайди ва Афғонистон армиясидаги аксар аскарлар ҳукуматга содиқлар.