Қозоғистонда 900 га яқин меҳнат муҳожири қўлга олинди, орасида ўзбеклар ҳам бор

Олма ота шаҳрида “Тоза шаҳар” акцияси давомида 900 га яқин меҳнат муҳожири қўлга олинган. Асосан Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон фуқаролари эканлиги айтиладиган ушбу меҳнат муҳожирлари Қозоғистон миграцион қонунларини бузган ҳолда ишлагани айтилади.

Олма ота шаҳар ички ишлар департаментидан олинган хабарга кўра, уларнинг бир қисми Қозоғистондан чиқариб юборилган ва қолганлари ҳам яқин орада ватанига юборилади.

Қўлга олинганларнинг асосан, қурилиш, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш соҳаларида ишлагани айтилади.

Қозоғистон Марказий Осиёда иқтисоди гуркираб ривожланаётган республика ҳисобланади. Бироқ жаҳонда рўй берган иқтисодий инқироз ортидан Қозоғистон раҳбарияти биринчи галда ўз фуқароларини иш билан таъминлашни мақсад қилиб қўйди.

2009 йилдаги Миграция бўйича қабул қилинган қонунга кўра, яқин хориждан келиб ишламоқчи бўлган мутахассисларнинг рухсат олиши мураккаблаштирилди.

Энди иш берувчи тегишли органларга келаётган мутахассиснинг маҳаллий мутахассислардан афзал эканлиги ва ё-да ноёблигини исботлаб бериши лозим. Акс ҳолда ишлаш учун рухсат олишнинг имкони йўқ.

Шундай бўлса-да, Қозоғистонга Ўзбекистон ва бошқа қўшни давлатлардан келаётган меҳнат муҳожирларининг сони камаяётгани йўқ.

Асосан Ўзбекистондан келган ишчилар Қозоғистон тамаддихоналаридаги энг керакли мутахассис ҳисобланишади. Бундан ташқари бозорларни ва савдо-сотиқ нуқталарини ҳам ўзбекистонликлар эгаллаганини кўриш мумкин.

Меҳнат муҳожирларининг ичида энг кўп учрайдигани - тўсиқларга қарамасдан қурилишда ишлайдиганлар ташкил қилиб турибди.

Давлат томонидан бериладиган буюртмаларда ўзбекистонлик арзон ва малакали ишчиларга тақиқ қўйилган бўлишига қарамасдан, хусусий уй, дўкон ва маиший хизмат уйларини қуришда ўзбекистонликлар ўринларини маҳаллийларга бўшатиб бергани йўқ.

Айни дамда қиш кириб келаётганига қарамасдан, Ўзбекистон ва Қозоғистон чегараларида Россия ва Қозоғистонга ишлаш учун ўтаётган меҳнат муҳожирларини кўплаб учратиш мумкин.

Чегарадан ўтиб, Олма отага ишлашга келаётган 40 ёшли фарғоналик Маҳмуджоннинг айтишича, Ўзбекистонда иш йўқлиги боис Қозоқ ерларига келиб ишлашга мажбурлар.

-Колхозлар тарқаб кетганидан сўнг фермер бўлдим. Аммо қарзга ботиб, фермерликдан бир амаллаб қутилганимдан сўнг, ишсиз қолиб кетдим. Россияга ишлашга кетдим. У ерда қул қилиб сотилиб кетишимизга бир баҳя қолди. Шунинг учун ҳам маоши камроқ бўлса ҳам яқинроқ ва хавфсизроқ деб Қозоғистонга келамиз, дейди ўзбекистонлик Маҳмуджон.

Унинг қўшимча қилишича, ишлаш учун рухсат олиш ўта қийинлиги боис, хусусий уй қурилишида ишлайди. Ҳужжатлари тўғри бўлмагани туфайли Олма отага келиб-кетиши бошқаларга қараганда 3 баробар қимматга тушади.

- Олма отага келаёганда қозоқ чегарасидан ўзлари олиб чиқиб автобусга солиб юборишади, 4,5 минг танга (67 500 сўм) бераман. Ўзбекистонга қайтиб келаётганда эса, 6 минг танга (90 минг сўм) бераман. Ҳужжатларим жойида бўлмаса ҳам ўзлари қозоқ чегарасидан олиб ўтиб қўйишади. Ўзбекистон томонига ҳеч нарса керак бўлмагани боис ўзимиз ўтамиз, дейди бола-чақасини ташлаб, Олма отага ишлаш учун кетаётган Маҳмуджон ака.

Маҳмуджон акага ўхшаганларнинг кўчага чиққанида ёки ишлаётган жойига полиция ходимларининг бориб, ҳужжатсиз ишлаётгани учун Ўзбекистонга депортация қилмаслигига ҳеч ким кафолат беролмайди.