Қирғизистондаги сайловлар бошбошдоқликларга чек қўя оладими?

Қирғизистондаги сайловларга катта умид билан қаралмоқда: Келаётган якшанба куни мамлакат халқи нафақат янги парламентни сайлайди, балки янги сиёсий тузумга ҳам асос солади. Бўлажак сайловлар, шунингдек, Қирғизистонда бир неча ойдан буён давом этаётган бошбошдоқликка нуқта қўйишига умид қилинмоқда. Шу йил апрелида Қурманбек Бакиев ҳукумати ағдарилди ва июн ойида мамлакат жанубида этник зўравонликлар юз берди. Сўзсиз, беқарорликлар ва зўравонликлардан азоб чекиб келаётган бошқа ҳудудларда ҳам сайловлар бўлиб ўтган. Дейлик, Афғонистонда. Бироқ Ўш ва Жалол-Обод гувоҳ бўлгани каби қонли тўқнашувлар ортидан Қирғизистонда муваффақиятли сайловлар ўтказишнинг ўзи қанчалик имконли? Ушбу саволга Британияда чоп этилувчи "Индепендент" газетасининг хорижий масалалар бўйича мухбири ва етакчи шарҳловчиси Мэри Дежевский жавоб беради:

Мэри Дежевский: Назаримда, сайловларни ўтказмагандан кўра, ўтказган яхшироқ. Чунки сайловларни бекор қилиш мамлакат беқарор ва сайлов ўтказишга қодир эмас, деган муждани беради. Қирғизистон июн ойидаги зўравонликлардан кейиноқ референдумни ўтказди, тўғрироғи, бу референдум ҳали зўравонликлар давом этаётган пайт бўлиб ўтди. Яъни Қирғизистон сайловларнинг тақдири савол остида бўлган бир ҳолатда ҳам овоз бериш жараёнларини ўтказишга қодирлигини намойиш қилди. Шу асно, агар кичикроқ бир манзарага қараладиган бўлса, ҳа, сайловлар ўтавериши мумкин. Аммо каттароқ манзарага қаралса, мамлакат этник жиҳатдан бўлинган бир шароитда бу каби сайловларни ўтказиш қанчалик маъқул, деган савол ҳам пайдо бўлади.

Би-би-си: Сайловлар фуқароларга эркин танлов ҳуқуқини беради, бунинг учун эса, улар ҳеч нарсадан қўрқмаган ҳолда, эркин ва махфий овоз бериш имконига эга бўлишлари лозим. Аммо, ҳақиқатда, Қирғизистон жанубидаги жуда кўп одамлар учун ҳақиқий ҳаёт демократия идеалларидан анча фарқли, минглаб одамларнинг ҳаётлари остин-устун бўлган бир мамлакатда эркин ва хавфсиз сайловларни кафолатлаш мумкинми?

Мэри Дежевский: Ҳа, бу мутлак ҳақиқат. Менинг тушунишимча, ҳозирда Қирғизистонга сайлов процедураларини текшириш учун бутун дунёдан турли-туман кузатувчилар оқиб келишаяпти. Аммо албатта, сайловлар эркин ва адолатли бўлмайди, дея уларни бекор қилиш нотўғри. Мен ҳали айтганимдек, сайловларнинг бўлмаганидан кўра, бўлгани яхшироқ, деб ҳисоблайман. Албатта, сайловларда қандайдир даражада сохталиклар, коррупция ва шаффофликнинг етишмаслиги сингари муаммолар бўлади. Аммо шунда ҳам уларнинг бўлгани яхшироқ...

Би-би-си: Апрел воқеалари чоғида қирғиз ҳукумати қулади ва бўлинган мухолифат ҳокимиятни ўз қўлига олди. Улар, ўз навбатида, бўлинган вақтли ҳукуматни туздилар. Энди эса, ҳукуматнинг бўлинган унсурлари иккита сиёсий лагерга бўлиниб, сайловда мусобақа қилаяпти. Сизнинг-ча, янги конституция бу майда-чуйда унсурларни бир ерга тўплаб, рисоладагидек демократия яратиш учун етарлими?

Мэри Дежевский: "Биласизми, бу жуда қийин. Тарихан демократия бўлмаган мамлакатларда демократия ўрнатиш йўлидаги энг катта савол ҳам шу. Яқинда кимдир Американинг собиқ президенти Жорж Бушнинг энг катта хатоси - демократияни сайлов жараёни билан боғлагани бўлди, деб айтди. Менимча, бу тўғри. Масалан, Ироқ ва Афғонистонни олинг. Президент Буш одамларни сайловга олиб келсангиз, бўлди, шунинг ўзи демократияни яратади, деб ишонган. Аммо бундай эмас. Этник жиҳатдан бўлинган давлатларда икки карра бундай эмас, деб айта оламиз. Бу Қирғизистонга ҳам, Марказий Осиёнинг бошқа давлатларига ҳам бирдек тегишли. Ўзининг этник қобиғига ўраниб олган партиялар қайтага, зўравонликларга олиб келган бўлинишларни янада кучайтиради.