Рашт водийсида тикучар ҳалокати оқибатида ҳалок бўлганлар сони 7 кишига етди

Image caption Рашт водийсида ҳукумат кучлари сентябрдан бери қуролланган гуруҳларга қарши амалиётлар олиб бормоқдалар.

Тожикистон Миллий Гвардияси матбуот котиби Хайринисо Комилованинг маълум қилишича, 6 октябр куни Рашт тумани Ғарм ҳаво қўналғаси яқинида рўй берган тикучар ҳалокатида жароҳатланган 3 нафар йигитнинг бари кеча кечга яқин вафот этганлар.

Тикучар қулаган вақтдаёк 4 нафар эпикаж аъзоси ҳалок бўлганлиги ҳақидаги хабар аввалроқ эълон қилинганди.

"Бугунга келиб ҳалокатда Миллий гавардиянинг ҳаммаси бўлиб 7 нафар хизматчиси ҳалок бўлди",- деди матбуот котиби.

Комилова хонимга кўра, катор интернет саҳифаларида пайдо бўлган гуё 28 нафар ҳарбий тикучар ҳалокатида ҳалок бўлган, деган хабарлар нотўғри. Расмийларга кўра, Раштда автомашина ҳалокатга учраган ва 6 нафар киши ҳалок бўлган, деган хабарлар ҳам асоссиздир.

Оммавий ахборот воситалари вакиллари эса расмийлардан Раштдаги амалиётлар борасида маълумот олиш ўта мушкуллиги ва Рашт водийси билан телефон алоқалари тамоман узилганлиги сабаб, расмий хабарларни мустақил манбалар ёда гувоҳлар орқали тасдиқлашнинг иложи йўқлиги ҳақида айтмоқдалар.

Миллий гвардиянинг кеча оқшом вафот этган хизматчилари бугун ўз ватанларида дафн этилган.

Ўтган ой худди шу ҳудудда ҳукумат аскарлари тушган ҳарбий карвонга қарши пистирма уюштирилган ва камида 25 нафар армия зобитлари ва аскарлар ўлдирилганди.

Ҳукумат бунда Бирлашган Тожик Мухолифати собиқ дала қўмондонларини айблаган.

Ундан олдинроқ эса, Душанбе марказидаги Миллий Хавфсизлик Қўмитасининг тергов ҳибсхонасидан 25 маҳбус қочишга муваффақ бўлганди.

Маҳбуслар исломий жангарилар экани, терроризм ва гиёҳванд моддалар контрабандасида айбланиб, узоқ йиллик қамоқ жазоларини адо этаётган бўлганликлари маълум қилинган.

BBCUZBEK.COM таҳририяти SMS рақами +447786201124