'Сайловлардан сўнг Қирғизистон демократияга айланишига Ўзбекистон ишонмайди'

Ўш ва Жалолободдаги зўравонликлар тугар-тугамас парламент бошқарувига ўтган Қирғизистон ҳозирги парламент сайлови вазиятни изга туширади, деб айтмоқда.

Аммо таҳлилчиларга кўра, қўшнилар, хусусан Ўзбекистон бу гапларга ишонмайди ва шундай йўл тутишга ҳақли ҳамдир.

"Ўзбекистон Қирғизистондаги ўзбекларнинг камситилишини истамайди ва шу боис у ердаги сайлов ва сиёсий жараёнларни кузатиб боришга қонунан ҳақли" - деб айтди Би-би-си билан суҳбатда Лондондаги Уруш ва Тинчлик муаммоларини ёритиш институти таҳлилчиси Жон Маклауд.

"Шунингдек, ҳозирги сайлов ортидан Қирғизистон тезда демократик мамлакатга айланиб қолмаслигига ҳам Тошкент ишонолмайди. Ва бу ерда ҳам Ўзбекистон ҳақ" - дейди таҳлилчи.

Кузатувчиларга кўра, қўшнилар ҳозир Қирғизистонда иш тутиш мумкин бўлган қандайдир барқарор тузум бўлишини истайдилар.

Аммо Қирғизистонда бошбошдоқлик ҳукмрон, халқ миллатига қараб бўлиниб кетган ва у ердаги қарийб бир миллионлик ўзбеклар ҳамон қўрқувда, камситиш ва таҳқирларга чидаб яшашаётгани ҳақида айтишади.

Шундай ҳолатда балки Қирғизистонда ҳам қўшни Ўзбекистондаги каби кучли ва марказлашган бошқарув керак эмасми, каби саволлар янграмоқда.

Бироқ ўтмишда авторитар бошқарувни ўрнатишга уринган собиқ президентлар - Асқар Акаев ва Қурманбек Бакиев ҳам бу мамлакатни бошқара олишмаган.

Таҳлилчиларга кўра, аҳвол шу даражага етганки, аксарият барқарорликни таъминлайдиган ҳар қанақа тузумга рози. Бироқ агар Қирғизистонда йўлга қўйилаётган парламент бошқаруви ҳам иш бермай, заиф бўлиб қолаверса, у ҳолда юзага келадиган сиёсий бўшлиқни тўлдиришда ташқи кучлар иштирок этишлари ҳақида ҳам саволлар ўртага чиқмоқда.

Аммо таҳлилчиларга кўра, Бишкекнинг яқин дўстлари - Россия ва Қозоғистон ҳам охирги инқироз пайти бу мамлакатдаги ғавғога аралашмадилар.

Ҳатто муваққат ҳукумат раҳбари Роза Ўтинбоеванинг ёрдам сўраб қилган мурожаатларини ҳам Москва рад этди.

"Минтақадаги яна бир мамлакат - Ўзбекистон эса қўшни Қирғизистонда ўзбеклар истиқомат қилишлари туфайли ҳам бефарқ эмас" - деб айтади Жон Маклауд - "Аммо негадир жанубий Қирғизистондаги низо чоғи Ўзбекистон Қирғизистон ҳудудига ўз қўшинларини киритмади. Бўлмаса, кўпчилик мана энди Ўзбекистон Қирғизистонга қўшин киритади, деб ўйлаганди. Бироқ бундай бўлмади".

"Лекин агар яна шундай қақшатқич миллий низо юзага келса, Ўзбекистон ҳукумати ана энди нимадир қилмасак бўлмайди, деб ҳаракат қилиши ва Қирғизистондаги воқеаларга аралашиши ҳам мумкин" - деб айтади Лондондаги таҳлилчи.

Лекин кузатувчиларга кўра, бу билан Қирғизистон давлат сифатида янада заифлашади, холос.

Ўзларининг нафақат оддий одамлар, балки милиция ва расмийлар тарафидан ҳам ҳамон камситилиб, таҳқиромўз муносабатга лойиқ кўрилаётганини айтаётган Қирғизистон ўзбеклари эса ўз ҳимоялари учун халқаро ҳамжамият ва ё қўшни мамлакатлар бефарқ бўлмаслигини талаб қилишса-да, ҳозиргача бу борада йирик қадамлар қўйилмади.

Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти полиция маслаҳат гуруҳини мамлакат жанубига жойлаштириш масаласи эса қирғиз миллатчилари қаршилиги боис ҳамон орқага сурилмоқда.

Шундай шароитда минтақада яна бош кўтараётган исломий жангарилар бу бўшлиқни тўлдиришлари ҳақида ҳам фаразлар ўртага чиқаётир.

Фарғона водийсида исломий давлат ташкил этиш ниятидаги Ўзбекистон Исломий ҳаракати каби гуруҳлар ҳозир Афғонистондан Тожикистон ҳудудларига кириб, жанг қилишаётгани ҳақида аллақачон айтилмоқда.