'Бакиевни қайтариш ниятидаги партия кўп овоз тўплаган'

Image caption "Ата Журт" партиясининг сайлов натижаларида етакчилиги Қирғизистонда кўпчиликни ҳайратлантирган

Қирғизистондаги парламент сайловлари дастлабки натижаларига кўра, мухолифатдаги миллатчи "Ата Журт" партияси кўп овоз тўплаган.

"Ата Журт" раҳбарияти ҳокимиятдан кетказилган президент Қурманбек Бакиев қўли остида ишлаган шахслар бўлиб, улар қудратга келадиган бўлсалар, Бакиевни яна Қирғизистон президентлигига қайтариш ғоясини илгари сурганлар.

Шунингдек, "Ата Журт" раҳбарларидан Қамчибек Ташиев Қирғизистонда бошқа миллатлар қирғизлар билан тенг ҳуқуқлиликка даъво қилмасликлари лозимлигини айтиб чиққан.

Апрел ойидаги қонли тўқнашувлар ортидан қудратга келган муваққат ҳукумат раҳбарлари мамлакатда президентлик бошқаруви ўзини оқламагани сабабидан парламент бошқарувидаги республика тизимига ўтиш режасини эълон қилганлар.

10 октябрдаги сайловлардан кейин энг кўп овоз олган партиянинг ҳукумат тузиши кўзда тутилган.

11 октябр куни Қирғизистон Марказий Сайлов комиссияси жами бюллетенларнинг ўндан тўққиз қисми санаб чиқилганда "Ата Журт" партияси олдинда бораётганини эълон қилган.

Парламентда ўринга эга бўлиш учун талаб этиладиган беш фоизлик тўсиқдан ҳукуматпараст Социал-демократик ҳамда яна тўрт партия ўтишга муваффақ бўлгани хабар берилган.

Овозлар бўйича "Ата Журт" партияси биринчи ўринда, собиқ бош вазир Алмазбек Атамбоев етакчилигидаги Социал-демократик партия иккинчи, собиқ бош вазир Феликс Кулов раҳбари бўлган "Ор-номус" учинчи, "Республика" партияси тўртинчи, муваққат ҳукумат раҳбарларидан бири Омурбек Текебаевнинг "Ота макон" партияси бешинчи ўринни эгаллаганлар.

Бундай шароитда бирорта партия парламентдаги аксар ўринларни эгаллай олмайди, партияларнинг коалицион ҳукуматни шакллантириш учун бирлашишлари талаб этилади.

Қирғизистон Жоқорғу Кенешидаги 120 ўрин учун сайловларда 29 партия беллашди.

Якшанба кунги сайловлар Қирғизистон жанубида камида 400 инсон умрига зомин бўлган миллатлар ўртасидаги қонли ҳодисалардан бир неча ой ўтиб ўтказилди.

Сайлов мулозимларига кўра, овоз беришда жами сайловчиларнинг қарийб 57 фоизи иштирок этган.

Би-би-сининг Марказий Осиё бўйича мухбири Райҳон Демитрие ёзишича, "Ата Журт" партиясининг сайлов натижаларида етакчилиги Қирғизистонда кўпчиликни ҳайратлантирган.

Марказий Сайлов комиссияси расмийлари айтишларича, овоз бериш пайтида "аҳамиятсиз" қонун бузилиши ҳоллари кузатилган.

Аксар кузатувчилар сайловларни адолатли ва шаффоф ўтди деб баҳолашган.