Толибон: 'Афғонистон шимолидаги ҳужумларда Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг алоқаси йўқ'

Афғонистон шимолида ўз фаолиятини кучайтириш билан таҳдид қилган Толибон ҳаракатининг баён қилишича, у ерда кечаётган жангларда Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг ҳеч бир алоқаси йўқ.

Толибон воизи Забиуллоҳ Мужоҳиднинг айтишича, Афғонистон шимолидаги маҳаллий жангариларини қайта уюштиришга муваффақ бўлишган.

"Бизнинг бошқа вилоятлардан шимолга ўз жангариларимизни олиб келишга эҳтиёжимиз бўлмаган бир пайтда, Ўзбекистон ёки бошқа давлатлардан бўлган мужоҳидларнинг бизга нима кераги бор," деб айтган Толибон воизи.

Бундан сал аввалроқ Афғонистондаги ISAF кучлари воизи Жозеф Блоц (Josef Blotz) Афғонистон шимолидаги хавфсизлик билан боғлиқ вазиятнинг ёмонлашиши билан огоҳлантирганди.

Генерал Блоц бунга толибларнинг Натонинг Афғонистон жануби ва шарқидаги ҳужумларидан қочиб, шимолга ўтганликлари, Толибон сафларида Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг аъзолари борлиги ва Натонинг Афғонистон шимолида лозим сондаги қўшинларига эга эмаслиги сабаб эканини айтганди.

Биз халқаро ҳарбий таҳлилчи Пол Рожерс билан боғланиб, аввалига Толибоннинг Ўзбекистонга чегарадош Афғонистон шимолида ўз ҳужумларини кучайтириш таҳдиди қанчалик жиддий, деб сўрадик:

Пол Рожерс: Менимча, Толибоннинг таҳидида анчагина жиддий. Ўтган икки йил ичида Толибоннинг таъсири Афғонистон жануби ва жануби-шарқидан Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқига ёйилди. Шимолий Афғонистоннинг ISAF кучлари, жумладан, олмон ҳарбийлари назорати остида бўлган ҳудудларида Толибоннинг қатор ҳужумлари кузатилди. Бу Толибон таъсири ва қудратининг Афғонистоннинг фақат паштунлар яшайдиган минтақаларидан анча олисга етганига далолат қилади. Вужудга келган бу каби вазият Афғонистондаги хорижий кучлар учун урушнинг анчайин мураккаблашиб бораётгани нишонасидир. Агар Афғонистон шимолида Толибоннинг фаоллиги ортидан бўлса, уларга бас келаман, деб иттифоқ кучлари жуда танг аҳволда қолишлари мумкин.

Би-би-си: Толибон ўзининг сўнгги баёнотида Афғонистон шимолидаги барча ҳужумлар фақат ўзларининг ишлари экани, бу ерда Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг бирор бир алоқаси йўқлигини баён қилган. Сизга яхши маълумки, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати шу пайтгача Толибон билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келган. Толибоннинг бу каби баёнотини қандай тушуниш мумкин?

Пол Рожерс: Афғонистон шимолида Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг иштирокини буткул назардан соқит этиб бўлмайди. Аммо Толибон тарғибот мақсадларида шундай йўл тутган, менимча. Чунки улар ўзларини Афғонистондаги хорижий кучларга қаршилик кўрсатаётган яккаю ягона куч сифатида намоён этишни исташади. Бу масалада ўзларини бошқа гуруҳлар билан уйғунликда кўрсатиш ниятлари йўқ. Улар ўзларини Афғонистондаги хорижий кучларга мухолифатда бўлган кучларнинг ҳақиқий раҳбари сифатида кўришларини хоҳлашади. Уларнинг сўнгги баёноти ҳарбий тарғиботдан бошқа нарса эмас.

Би-би-си: Лекин амалда олиб қараганда, Толибон ва Ўзбекистон Исломий Ҳаракати орасидаги алоқаларнинг бугунги даражасини қандай баҳолайсиз?

Пол Рожерс: Менимча, амалда улар Афғонистоннинг турли ҳудудларида фаолият олиб бораётган бўлишлари мумкин. Аммо бу икки гуруҳнинг қарашлари анча бир-бирига яқин. Толибон анчайин миллатчи гуруҳ бўлса-да, икковлон ягона душман қаршисида якдил. Аммо шунда ҳам, уларнинг мавқеълари ҳар хил, деган бўлардим. Демоқчиманки, Толибон Афғонистондаги хорижий кучларга қаршилик кўрсатаётган энг асосий куч сифатида таассурот уйғотишни истайди.

Би-би-си: Толибоннинг Афғонистон шимолида ўз ҳужумлари ва фаолиятини кучайтириш таҳдиди амалда унга қўшни Марказий Осиё давлатлари учун қанчалик хавфли бўлиши мумкин?

Пол Рожерс: Марказий Осиё давлатларини хавотирга солиши мумкин бўлган нуқталардан бири шундаки, Афғонистон шимолида беқарорликлар қанча кучайса, бунинг чегараоша минтақанинг бошқа давлатларига ҳам ёйилиши эҳтимоли бўлади. Худди шу нуқтаи-назардан Афғонистон шимолида хавфсизлик билан боғлиқ вазиятнинг издан чиқиши уларнинг жиддий хавотирларига сабаб бўлиши тайин. Чунки бу катта таҳдид. Шундоққина чегарангизнинг нариги томонида Толибон ўз фаолиятини кучайтирса, Афғонистондаги хорижий кучларнинг қарши ҳужумлари остида улар сизнинг ҳудудингизга ўтишга мажбур бўлиши мумкин. Менимча, мазкур муаммонинг энг хавотирга лойиқ нуқтаси ҳам беқарорликларнинг чегараоша ёйилишидир.