Қозоғистондаги автобус ҳалокатида '9 нафар ўзбекистонлик ҳаётдан кўз юмган'

Image caption Ўзбекистонликлар бораётган автобус бутунлай ёниб кетган

Қарағанда вилоятида 2 автобус ва 2 юк машинасининг тўқнашуви натижасида 11 киши ҳалок бўлган, улардан 9 нафари Ўзбекистон фуқароларидир.

Олма-Ота-Екатеринбург автойўлининг 929 километрида юз берган ҳодисада яна 7 нафар ўзбек фуқаролари жароҳатланган.

Чоршанба куни маҳаллий вақт билан 17.40 да юз берган ҳодисада 2 та "Камаз" юк машинаси, улардан юиттаси прицепли бўлган ва 2 та "Сетра" русумли йўловчи автобуслари тўқнашган.

Ўзбекистонликлар бораётган автобус ва "Камаз" бутунлай ёниб кетган.

Иккинчи "Камаз" ва автобус ҳамда ундаги йўловчиларга зарар етмагани айтилади.

Ўзбекистонликларнинг Россияга иш излаб бораётган меҳнат муҳожирлари экани тахмин қилинмоқда.

Қозоқ расмийларига кўра, ҳозирда ҳалок бўлганларнинг шахсини аниқлаш жараёни кетмоқда.

Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳозирда шифохонага ётқизилган ўзбекистонликларнинг рўйхатини эълон қилган.

Улар: Назаров Б. 1955 й.т., Ахметов А.З. 1981 й.т., Еркав Э.Т. 1982 й.т., Пўлатов Б.Т. 1985 й.т. , Юсупов М.К. 1975 й.т., Юсупов М.А. 1985 й.т., Аминжонов М. 1947 й.т.

Жароҳатланган 7 ўзбекистонлик Ақсу Аюли қишлоғидаги шифохонага келтирилган. Шифохонадаги манбаъларнинг Би-би-сига айтишича, уларнинг аҳволи қониқарли.

Ҳалокат сабаби қилиб автобус ҳайдовчисининг қарама қарши йўлга чиқиб кетгани айтилмоқда.

Бу каби автоҳалокатлар Қозоғистонда тез тез учраб туради. Бундан икки ярим ой муқаддам Жамбил вилоятида рўй берган автаҳалокатда 20 киши ҳалок бўлган ва уларнинг аксарияти Ўзбекистон фуқаролари эканлиги айтилганди.

Ўзбекистонликларнинг кўпчилиги Қозоғистон ёки Россияга ишлаш учун кетаётганда ҳаракатланиш воситаси сифатида автобусларни танлашади.