Қирғизистондаги аксарият ғолиб партиялар Кремлдан маслаҳат сўрашмоқда

Қирғизистон парламент сайловларида ғолиб чиққан қатор партия раҳбарлари Россияга боришган.

Россиядаги ҳукуматга яқин манбаларнинг ёзишича, "Ата-Журт", "Ар-Намыс" ва "Республика" партиялари бошлиқлари Кремлдан маслаҳат сўраганлар.

Хабарларга кўра, Москва уларни коалицион ҳукумат тузишга чақирган.

Ўз навбатида, қирғиз лидерларининг Москвада ўтган учрашувлари натижалари ҳақида ҳозирча бирор маълумот берилмаган.

Москвага Қирғизистондаги парламент сайловларида ғолиб чиққан партиялардан: "Ата-Журт", "Ор-Намыс", "Республика" партиялари лидерлари Мыктыбек Абдылдаев, Феликс Кулов ва Омурбек Бабановлар ташриф буришгани айтилади.

Кузатувчилар Кремл ушбу партияларнинг парламентда коалицион ҳукумат тузиш эҳтимоли юқори эканлигини назарга олиб даъват этганига ишора этишади.

"Ар-Намыс" ва "Республика" партиялари Қирғизистондаги энг россияпараст сиёсати билан танилган партиялардан саналади.

Москвалик сиёсий таҳлилчи Санобар Шерматованинг фикрича, қирғиз сиёсатчилари коалицион ҳукумат тузишда Москва воситачилигига умид қилишади.

"Россия воситачи сифатида қирғиз лидерларига маслаҳат бериши, яъни коалицион бирлашув вариантларини олдинга суриши мумкин. Яъни ким бош вазир ва ким парламент раиси этиб сайланиши каби масалалар муҳокама этилади. Қирғизистон, Украина ва Молдовани ҳисобга олмаганда, МДҲ давлатлари орасида ягона парламент бошқарув тизими - Парламент республикаси саналади. Илк бор коалицион иттифоқ тузиш ўта мушкул саналади, дейди таҳлилчи Санобар Шерматова.

Москвалик сиёсий шарҳловчи, профессор Алексей Малашенкога кўра, қирғиз лидерларининг Россия ёрдамида коалицион ҳукумат тузиш уринишлари ижобий натижа бермаслиги мумкин.

"Уччовлон, яъни "Ата-Журт", "Ор-Намыс" ва "Республика” партиялари билан коалиция тузилган тақдирда ҳам президент Роза Ўтинбаева ҳамкорлик қилган "Социал демократлар" партияcисиз иттифоқ тузиш жуда қийин кечади. Бу яна парламентда парчаланишни, ихтилофни юзага келтиради. Бундан ташқари, "Ата-Журт", "Ор-Намыс" ва "Республика” партиялари асосан жанубликлардан иборат. Москвага келган партиялар лидерлари учун Россия дастагига эришиш етарли эмас. Қирғиз янги сиёсий элитаси учун ҳозирда асосий вазифа бу республикани яна икки қарама-қарши жабҳа - шимол ва жанубга бўлиб ташламасликдир," дейди профессор Алексей Малашенко.

Экспертлар коалиция тузишда президент Роза Ўтунбаевага яқин "Республика” партияси етакчи роль ўйнаши мумкинлигига ишора этишади. Россия матбуотига кўра, Кремл “Республика” партияси қатори, сиёсатчи Феликс Кулов раҳбарлик қилган "Ор-номус" партиясини қўллаб-қувватлайди.