Собиқ тожик дала қўмондонлари нега қўлларидан қуролларини қўйишмоқчи?

Тожикистон Бирлашган мухолифатининг икки таниқли собиқ дала қўмондони - Мирзохўжа Аҳмадов ва Мулло Садриддин авф ва жиноий жавобгарликдан буткул халос этилиш эвазига қўлларидан қуролларини қўйишга рози бўлишган.

Мирзохўжа Аҳмадов Рашт водийсидаги таниқли йўлбошчилардан бири саналади. Тожикистонлик масъуллар 19 сентябрда Камароб дарасида ўз ҳарбийларига қарши уюштирилган ҳужумда Мирзохўжа Аҳмадов дохил бир қатор собиқ дала қўмондонларини айблашганди.

Шу ҳафта бошида Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон қўлларидан қуролларини қўйиб, осойишта ҳаётга қайтишса, Раштдаги ноқонуний қуролли гуруҳ аъзолари жавобгарликка тортилмай, авф этилиши мумкинлигини айтганди.

Ҳукуматнинг Рашт водийсидаги ноқонуний қуролли гуруҳларни йўқ этишга қаратилган ҳарбий амалиёти эса, қарийб бир ойдан буён давом этади.

Хўш, нега томонлар кутилмаганда музокараларга боришга рози бўлишди? Илгари сурилган шартлар нималардан иборат эди? Биз ушбу савол билан Тожикистондан журналист Искандар Фирузни суҳбатга тортдик:

Искандар Фируз: Ҳалича музокаралар тафсилотлари расман эълон қилингани йўқ. Аммо музокаралардан икки кун аввал Тожикистон Бош прокурори агар жангарилар қўлларидан қуролларини қўйишга рози бўлишса, улар авф этилишлари мумкинлигини айтганди. Шунинг эртасигаёқ Тожикистон парламенти қуйи палатасининг воизи Зуҳуржон Шукуров Раштга жўнаб кетганди. Кеча эса, икки ўртада музокаралар бошланиб кетганига оид хабарлар кела бошлади. Расмийлар ва мустақил манбалардан олган хабарларимизда айтилишича эса, собиқ дала қўмондони Шоҳ Искандаров уларнинг ўртасида воситачилик қилган. Қўлимизда бўлган маълумотларга кўра, собиқ дала қўмондони Мирзохўжа Аҳмадов ва Мулла Садриддиннинг қуролли жангарилари қуролларини топширишга рози бўлишган. Айрим хабарларга кўра, икковлон Мулла Абдулло ва унинг жангариларини топиш ҳамда йўқ этишда тожик ҳукумати билан ҳамкорлик қилишга ҳам кўнишган. Мулла Абдулло 19 сентябр куни Рашт водийсининг Камароб дарасида ҳукумат кучлари карвонига қарши ҳужум уюштиришда айбланади.

Би-би-си: Агар қўлингизда бор маълумотлардан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, улар қандай шартлар эвазига қўлларидан қуролларини қўйиб, ҳукумат томонига ўтишга рози бўлишган?

Искандар Фируз: Ҳозир қўлимизда бўлган маълумотларга таяниб айтадиган бўлсам, ҳукумат уларнинг шахсий хавфсизликларини таъминлаш ва ноқонуний равишда қурол олиб юрганликлари учун жиноий жавобгарликка тортилмасликларини кафолатлашга ваъда берган. Бу икковлон томонидан қўйилган асосий шартлардан бири бўлган. Аммо айрим экспертлар музокаралар чоғида муайян суммадаги маблағ ҳақида ҳам сўз борганини айтишади. Лекин бу каби хабарлар ҳозирча бирор бир томон тарафидан тасдиқланмаган. Лекин энг асосийси расмийлар собиқ дала қўмондонлари ва уларнинг қуролли жангариларини жиноий жавобгарликка тортмасликка ваъда берган.

Би-би-си: Ҳозир Рашт водийсидаги вазият қандай ва Мулла Абдуллонинг қаердалиги борасида бизга нималар маълум?

Искандар Фируз: Шуни таъкидлаш жоизки, 22 сентябрдан бошлаб Рашт водийси буткул ихоталаб қўйилган, барча алоқалар узилган. Аҳолининг ҳаракатланиши чекланган. Журналистларнинг ушбу минтақага киришлари тақиқланган. Шунинг учун ҳам ҳозирча ҳукумат матбуот хизматлари тарқатаётган хабарларга қаноат қилишимизга тўғри келмоқда. Бу хабарларда айтилишича, минтақани тозалаш амалиётлари давом этмоқда, жангариларни топишга қаратилган тадбирлар ўтказилмоқда. Аммо Мулла Абдулло ва жангариларининг Камароб дарасида яширинганликлари айтилади. Камароб Рашт тумани марказидан 100 чақиримча узоқликда жойлашган. Аммо мустақил манбаларга кўра, тожик ҳукумати уларнинг аниқ қаерда эканликларини ҳануз аниқлашга муваффақ бўлмаган.

Би-би-си: Август ойи охирларида Тожикистон Миллий Хавфсизлик қўмитасининг вақтинчалик ҳибсхонасидан қочишга муваффақ бўлган маҳбусларнинг тақдирлари борасидаги сўнгги хабарлар нималардан иборат, энди?

Искандар Фируз: Қочиб юрган маҳбусларнинг тақдирларига оид сўнгги хабарлар шундан иборатки, улардан 15 нафари ҳануз очиқда юришибди. Бугун Тожикистон Ички ишлар вазирлиги матбуот воизи билан боғланганимизда, уларнинг аниқ қаерда эканликлари борасида қўлларида бирор бир маълумот йўқлигини айтди. Аммо қочиб юрганларидан ташқари уч маҳбус ўлдирилган. Қолганлари ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қайта қўлга олинган. Лекин Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ўзининг расмий баёнотида Афғонистонга ишора қилиб, катта сондаги маҳбусларнинг хавфсиз ерга ўтказилганликларини айтган.