Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Қонли миллий низолар ортидан Ўшни тарк этаётганлар сони кескин ортган

Қирғизистон жанубидаги масъулларга кўра, ўтган июн ойида юз берган этник зўравонликлар ортидан муҳожирлик оқими кескин ортган.

Дейлик, июн билан сентябр ойлари оралиғида қонли низолардан энг кўп жабр кўрган Ўш шаҳрини 40 мингга яқин киши тарк этган.

Шаҳар ичкарисида ўз турар-жойларини ўзгартиришга мажбур бўлган инсонлар сони эса, мингдан ортиқ экани айтилади.

Маҳаллий масъулларга кўра, Ўшни тарк этаётган оилаларнинг барчаси мажбурий муҳожирлик мақомини олиш учун мурожаат этишган.

Аммо маҳаллий кузатувчилар, журналистлар ва халқаро инсон ҳақларини сақлаш ташкилотлари ҳақиқий рақамлар қирғиз расмийлари келтираётганидан анча кўплигини айтишади.

Ҳукумат масъулларининг ҳисоб-китобларига мувофиқ эса, бор-йўғи икки мингга яқин киши Ўшни тарк этган, холос.

Қирғизистон жанубидаги вазият ҳануз танглигича қоларкан, маҳаллий инсон ҳуқуқлари фаоллари айнан хавфсизлик билан боғлиқ вазият сабаб, одамлар Ўшдан кетишга мажбур бўлишаётганини айтишади.

Аввалроқ Бирлашган Миллатларнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Неви Пиллай ҳам Қирғизистон хавфсизлик кучлари мамлакат жанубида қийноқ қўллаш ва ўзбошимча ҳибсга олишлар сингари инсон ҳуқуқларини бузиш ҳолларини такрор ва такрор содир этаётганликларини баён қилганди.

Ҳамда аксар ўзбекларга ноқонуний муомала қилинаётгани ҳолларига қарши Қирғизистон расмийлари чора кўрмаётганликларини билдирганди.

Июн ойидаги миллий низолар сабаб, кўплаб турар-жойлар билан бирга одамларнинг тижоратлари ҳам вайрон бўлганди.

Сўнгги расмий ҳисоб-китоблар айнан этник зўравонликлар сабаб Қирғизистоннинг жанубий минтақаларида 20 мингдан ортиқ аҳоли ишсиз қолганлигини кўрсатганди.

Биз Ўшдаги маҳаллий инсон ҳуқуқлари фаоли Равшан Гапиров билан боғланиб, мажбурий муҳожирлик кўлами билан қизиқдик.