Қирғизистонни тарк этган таниқли инсон ҳуқуқлари фаоли мамлакатга қайтди

Толекан Исмоилова
Image caption Толекан Исмоилова: Мамлакат жанубига албатта бораман!

Ўш ва Жалолободдаги этник зўравонликлар ортидан Қирғизистонни тарк этган инсон ҳуқуқлари фаолларидан бири мамлакатга қайтган.

Фуқаролар Коррупцияга қарши нодавлат ташкилоти раҳбари Толекан Исмоилова Ўш қирғини ортидан расмийларни танқид қилганди.

Кейинроқ у ўзининг ҳаётига хавф пайдо бўлгани ва пўписалар қилинганини айтиб, Қирғизистондан чиқиб кетганди.

Халқаро ташкилотларга кўра, ҳали ҳамон Қирғизистондаги миллий низоларда айбланаётган одамлар ва уларнинг ҳимоячиларига ҳужумлар бўлиб турибди.

Би-би-си шундай шароитда Толекан Исмоиловадан қай сабаблар уни Қирғизистонга қайтишга ундаган деб сўраган:

Толекан Исмоилова: Сайлов ўтгандан кейин дарҳол қайтиб келишга аллақачон қарор қилганман, чунки сайловдан сўнг Қирғизистон бошқача бўлиб ўзгарган, ҳокимият қонуний тарзда шаклланиши шарт. Ахир олдинроқ референдум, мана энди парламент сайлови ҳам ўтказилди. Жиноий доиралар билан биргалашиб фаолият қилган баъзи сиёсатчилар, раҳбарлар бугун халқ босими билан ёки шаффофлик талаб қилаётган умумий жамият босими билан ҳокимиятдан кетишга мажбур бўлмоқда. Ҳамда, ватанимдан ташқарида юрган вақт мен учун қулай шароит яратилиб, мен анча куч тўпладим ва олдинги хавф-хатарларга тоқатлироқ билан муносабат қила бошладим. Иккинчидан, хорижда мен ўз ҳамкорларимиз билан бирга Барселона, Варшава, Парижда ахборот анжуманларини ўтказдим, Қирғизистонга қандай ёрдам кераклигини муҳокама қилиб, турли масалалар борасида фикрлар алмашдик. Мана жума куни директорлар кенгаши ҳам қарор қилди яъни, бизнинг ташкилотимиз инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва тинчликни ўрнатиш йўлида ўз фаолиятини давом этаверади...

Би-би-си: Сиз ўзингиз учун хавфли бўлган мамлакат жанубига яна бормоқчимисиз?

Толекан Исмоилова: Албатта, бораман. Чунки, Қирғизистон бутун давлат, биз-инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Қиргизистонни икки ёки беш ҳудудга ажратган эмасмиз. Мустақилликга эришилиши билан биз ҳам, нодавлат фаоллар, Қирғизистонимизга бутун мамлакат сифатида муносабат билдириб келмоқдамиз. Турли ҳудудларда яшаб, ишлаётган инсонлар маълумот ва бошқа заҳиралардан тенг ҳуқуқда фойдаланишларига имкон яратилиши учун ҳаракат қилиб келганмиз. Бугун навбатдаги вазифамиз - инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятга ва ҳуқуқ ҳимоячилари аҳволини монитор қилиш, уларни қўллаб-қувватлаш ҳамда айниқса, маҳкама жараёнларига иштирок этганлар учун хавфсиз шарт-шароит яратиб, мазкур маҳкамалар қонунга мос ўтказилишига ёрдам беришни афзал кўрамиз.

BBCUZBEK.COM таҳририяти SMS рақами +447786201124