Қозоғистонда икки нафар ўзбекистонлик бошпана изловчи ҳибсга олинди

БМТнинг Қочқинлар билан ишлаш олий комиссарлиги ва миграция қўмитаси идораси
Image caption БМТнинг Қочқинлар билан ишлаш олий комиссарлиги ва миграция қўмитасидан бу борада бирор изоҳ олишнинг имкони бўлмади

Қозоғистонда бўлиб турган ўзбекистонлик бошпана изловчиларнинг иккитаси Олмаота ички ишлар бошқармаси томонидан ҳибсга олинган. Уларнинг бири ҳужжатлари йўқликда айбланаётган бўлса, иккинчисининг устидан фирибгарлик билан шуғулланган деган шикоят тушган.

Бошпана изловчилар Умид Ўринбоев ва Фазлиддин Умаровлар Олмаота ички ишлар департаменти томонидан қўлга олинган.

Умид Ўринбоевнинг паспорти йўқолган бўлган, лекин Олмаота миграция қўмитаси томонидан берилган ҳужжати бўлган.

Умид Ўринбоевни танийдиган қочқиннинг айтишича, Умиднинг қўлида миграция қўмитаси томонидан миграция полицияси берилган йўлланма бўлган. Бироқ, полиция ушбу қоғоз бўлишига қарамасдан, ундан шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар талаб қилган.

Олмаота миграцион қўмитаси Умиднинг шахсини тасдиқлашдан ва унинг бошпана изловчи эканлигини айтишдан бош тортган. Бу иш бўйича югур югур қилиб юрган дўсти Шералига кўра, ҳануз бирор ечим топилмаган.

БМТнинг Қочқинлар билан ишлаш олий комиссарлиги ва миграция қўмитасидан бу борада бирор изоҳ олишнинг имкони бўлмади. Аммо Олмаота миграция қўмитаси Умид Ўринбоевнинг яқинларига унинг комиссиядан рад жавоби олганлигини, шунинг учун ҳимоя қилмаслигини айтган.

Қочқинларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш билан шуғулланадиган юрист Денис Живаганинг айтишича, Қозоғистон қонунлари бўйича кишининг шахси тасдиқланмаган тақдирда бир ойнинг ичида ҳибсдан озод қилиниши керак.

-Қонун бўйича бир ойгача маъмурий ҳибсда ушлаб туришлари мумкин. Кейин қўйиб юборишади. Агар у бошқа давлат фуқароси бўлса, ҳужжатари бор бўлган тақдирда Қозоғистондан чиқариб юборишлари мумкин. Ҳужжатлари бўлмаса Қозоғистондан чиқариб юборишга ҳақлари йўқ, дейди Денис Живага.

Яна бир бошпана изловчи Фазлиддин Умаров ҳам Умид билан бир кунда ушланган. Унга фирибгарлик билан шуғулланган деган айб қўйилмоқда. Шикоятни Қозоғистон фуқароси ёзган.

Фазлиддининг ҳозир қаерда сақланаётгани ва ким томонидан бундай шикоят берилгани ҳақидаги батафсил маълумот олишнинг имкони бўлмади. Олмаота шаҳар ички ишлар департаменти матбуот хизмати изланишлар давомида унинг қаерда сақланаётгани борасида айни дамгача бирор маълумот беролмаслигини айтди.

Бироқ Фазлиддинни яқиндан танийдиганлар унинг фирибгарлик қилишига ишонмаслигини айтишади.

- Унақа бировни алдаб кетадиган бола эмас эди. Уйларни таъмирлаш ишлари билан шуғулланарди. Оғзаки шартнома тузиб ишини қилиб бергач, пулини олиб юрарди, дейди Фазлиддининг танишларидан бири.

BBCUZBEK.COM таҳририяти SMS рақами +447786201124