''Матбуотни назоратда ушлаш чоралари натижалари тескари бўлиши мумкин'

Image caption Тожикистонда охирги кунларда мустақил газеталар чоп этилмасдан қолган

Тожикистон матбуот эркинлигини чеклагани ва мамлакатдаги мустақил газеталарга босим ўтказгани учун халқаро ташкилотларнинг тобора кучлироқ танқидларига учрамоқда.

Мамлакатда баъзи тожик ва хорижий ахборот веб-сайтларига умуман кириб бўлмайди.

Бир қатор мустақил рўзнома ва нашриётларга солиқчилар бориб, текширув ўтказганлар ва натижада мустақил газеталар чоп этилмасдан қолган.

Тожикистондаги веб-саҳифаларга қарши ҳаракатлар 29 сентябрда бошланганди.

Бу чоралар билан бир вақтнинг ўзида солиқ хизмати назоратчилари қатор мустақил рўзнома ва нашриётларга жўнатилган.

Мустақил матбуотга қарши кураш дея талқин этилаётган бу чоралар сентябр ойи ўрталаридан бери мамлакат шарқидаги Рашт водийсида қуролланган жангарилаига қарши олиб борилаётган амалиётлардан сўнг йўлга қўйилмоқда.

Бу амалиётлар ҳақида ахборот тарқатган мустақил рўзномани Тожикистон мудофаа вазири "жангарилар билан ҳамкорлик қилишда" айблади.

Президент Имомали Раҳмон ҳам мустақил матбуотдан нолиди.

18 октябр куни Овўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг матбуот эркинлиги бўйича расмийси Дуня Миятович Тожикистон Ташқи ишлар вазири Ҳамрохон Зарифийга мактуб йўллади.

Миятович хоним веб-саҳфиларнинг тўсиб қўйилиши, мустақил рузномаларни чоп этишни чеклаш ва солиқ ва бошқа назорат текширувларини ўтазишни Тожикистоннинг матбуот эркинлиги соҳасида ташкилот ўнгида олган мажбуриятларини бажармаслик, дея таърифлади.

Қароргоҳи Парижда жойлашган журналистлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи "Чегара билмас мухбирлар" халқаро ташкилоти ҳам ўз муносабатини билдирди.

"Чегара билмас мухбирлар" баёнотида айтилишича, Тожикистон расмийларининг амаллари ноўрин ва мамлакатнинг халқаро саҳнадаги обрўсига зарар етказувчидир.

Ташкилот Тожикистон расмийларини эркин матбуотга қарши ҳаракатларини тўхтатишга даъват қилди.

Уларга кўра, Тожикистон расмийлари вазиятни назорат қилаётганликларини кўрсатиб қўймоқчидирлар, лекин бу каби чораларнинг оқибати улар кутганидан тескари бўлиб чиқиши мумкин.