Канада Марказий Осиёда ўзига ҳарбий база қидирмоқдами?

Image caption Канада матбуоти Афғонистондаги амалиётлар учун таъминот етказиш мақсадида Марказий Осиёдан ҳарбий база қидирилаётганлигини хабар бермоқда.

Канада матбуотининг хабар беришича, мамлакат Олмониянинг Ўбекистондаги ёда АҚШнинг Қирғизистондаги ҳарбий базаларидан фойдаланиш имконларини қидирмоқда.

"Toronto sun" рўзномасида чоп этилган мақолага кўра, Канада қуролли кучлари шу вақтагча фойдаланиб келган Бирлашган Араб Амирликларидаги ҳарбий базадан шу ой охирига қадар чиқиб кетишлари сўралган.

Канада эндиликда Афғонистондаги амалиётларга таъминот етказиш учун бошқа ҳарбий базага муҳтождир.

Рўзномага кўра, Канада мудофаа вазирлигидаги ўз исмини ошкор этишни истамаган юқори лавозимли расмий ҳарбий база сифатида икки эҳтимол, Ўзбекистондаги Термиз ва Қирғизистондаги "Манас" ҳарбий базаларидан фойдаланиб туриш имконлари кўриб чиқилаётганлигини айтган.

Мудофаа вазири Питер Маккай эса Бирлашган Араб Амирликларидаги ҳарбий база ўрнига бошқасини топиш ҳаракатлари кетаётгани, бу борада музокаралар ўтказилаётганини айтди, аммо айнан қайси мамлакатлар назарда тутилаётганлигини маълум қилмади.

Канададаги Карлтон Университетининг Жосуслик ва Хавфсизлик тадқиқотлари бўлинмаси раҳбари Жез Литтлвуднинг айтишича, ҳозирда Канада зудлик билан Дубай яқинидаги ҳарбий базанинг ўрнини қоплай оладиган база топиш эҳтиёжига эгадир.

Унга кўра, матбуотда Ўзбекистон ва Қирғизистондаги ҳарбий базалар назарда тутилаётгани ҳақидаги хабарларда мантиқ бор, чунки биринчидан бу базалардан биргаликда фойдаланиш Канда учун ўзининг энг яқин иттифоқчилари АҚШ ва Олмония билан бирга ишлашини англатади.

Бошқа томондан бу икки мамлакатдаги базалар Афғонистонга яқин ерда, лекин мамлакатдан ташқарида жойлашган ва Канадага керак бўлган техник ва бошқа имкониятларни тақдим эта олади.

"Қирғизистондаги беқарор вазият ва Ўзбекистон раҳбариятининг ғарб давлатлари билан бирда илиқ, бирда совуқ муносабатларига келсак, бу каби жиҳатлар Канада расмийлари томонидан албатта назарда тутилаётган бўлса керак", дейди Жез Литтлвуд.

"Лекин Канада Афғонистондан ўз қўшинларини яқин йилларда олиб чиқиш ҳаракатида, шунинг учун Марказий Осиёда узоқ муддатли эмас, шу яқин муддатда фойдаланиб туриш учун база қидираётган бўлиши мумкин. Лекин шунга қарамай сиёсий вазият ва иносн ҳуқуқлари каби масалалар албатта назарда тутилади ", дея илова қилди Жез Литтлвуд.