Ўзбек-Тожик чегарасида Тожикистон фуқароси яраланган

Тожикистон чегараси ва Тожикистон чегарачиси
Image caption Икки мамлакат чегарасида у ёки бу мамлакат чегарачилари томонидан оддий фуқароларга ўқ отиш ҳоллари биринчи марта юз бераётгани йўқ

Бир Тожикистон фуқароси Ўзбек-Тожик чегараси яқинида ўзбекистонлик чегарачи томонидан узилган ўқдан яраланган.

Бу ҳақда Тожикистон Ички ишлар вазирлиги Суғд вилояти бошқармаси хабар берган.

Мазкур бошқармадан билдиришларича, Спитамен туманида яшайдиган 25 ёшли Эркин Ниёзалиев чегарага яқин ерда мол боқиб юрганда ўзбекистонлик чегарачи огоҳлантиришсиз ўқ узган.

Натижада Эркин оёғидан яраланиб, Спитамен тумани марказий беморхонасига ётқизилган.

Воқеа Тожикистоннинг Ҳаштияк қишлоғи яқинидаги Ширинсой мавзеи атрофида юз берган.

Бу ерда Тожикистоннинг Спитамен тумани ва Ўзбекистоннинг Бекобод шаҳри ўртасида чегара мавжуд.

Айни бир пайтда Ҳаштияк қишлоғида яшайдиган айрим одамлар Эркин Ниёзалиев чегарадан яширинча мол ўтказаётган одамларга қарашаётган пайтда яраланганини айтишмоқда.

Икки мамлакат чегарасидау ёки бу мамлакат чегарачилари томониданоддий фуқароларга ўқ отиш ҳоллари биринчи марта юз бераётгани йўқ.

Ўтган йили Тожикистоннинг Зафаробод туманида яшайдиган йигит мотоциклда чегарадан мол олиб ўтаётганда чегарачи ўқидан ҳалок бўлганди.

Ўзбекистонлик чегарачилар фақат чегара бузилган ҳолдагина ва огоҳлантиришдан сўнг ўқ узишларини айтиб келишади.

Спитамен тумани марказий беморхонасидан билдиришларича, Эркин Ниёзалиев оёғида жарроҳлик амалиёти ўтказилган.

Тожикистоннинг Спитамен (собиқ Нов) ва Ўзбекистоннинг Бекобод туманлари аҳолиси илгаридан яқин қўшничилик муносабатларида бўлиб келган.

Новлик юзлаб одамлар Бекобод шаҳридаги металлургия комбинати, цемент заводи ва қурилиш ташкилотларида ишлашган.

Бу Шўролар Иттифоқи парчалангач , мамлакатлар истиқлолиятининг биринчи ўн йиллиги даврида ҳам давом этган.

Лекин кейинчалик тожикистонликлар қўшни мамлакатда қонуний ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилганлар.

Бироқ ўртадаги қуда-қудағайлик, яқин қариндошлик боис ҳар икки туман аҳолиси борди-келди қилиб туришади.

Айни пайтда Тожикистон ҳужжатларга асосан Бекобод шаҳрининг бир қисми ерлари ўзига тегишли эканлигини исботлагач, Бекободнинг икки маҳалласи ва ўттизга яқин объект жойлашган ҳудуд Тожикистон тасарруфига ўтган.