Тожикистон расмийлари: "Мулло Абдулло Раштда халқаро террорчилик жамлоғини ташкил этмоқчи".

Image caption Тожикистон расмийлари собиқ дала қўмондонларидан Мулло Абдуллонинг Рашт водийсида халқаро террорчилик жамлоғини ташкил қилиш ҳаракатида бўлганлигини даъво қилмоқдалар.

Тожикистон Ички ишлар вазири Абдураҳим Қаҳҳоровнинг айтишича, бирлашган тожик мухолифатининг таниқли собиқ дала қўмондонларидан Мулло Абдулло Рашт водийсида халқаро террорчилик жамлоғини ташкил этиш режасида бўлган.

Бу ҳақда жаноб Қаҳҳоров Душанбеда берган матбуот анжумани чоғида айтди.

Тожикистон Ички ишлар вазирига кўра, Мулло Абдулло лақаби билан танилган Абдулло Раҳимов айнан шу мақсад билан Афғонистондан Тожикистонга ўтган.

Аммо жаноб Қаҳҳоров Мулло Абдуллога жамлоқ ташкил этиш буйруғини ким берганлигини очиқламади.

Унга кўра, ҳозирда Мулло Абдулло ва Али Бедаки лақаби остидаги яна бир собиқ дала қўмондони Аловиддин Давлатовларнинг гуруҳлари Рашт водиёсидан 100 чақирим узоқликда жойлашган Камароб дарасида қуршаб олинган. Вазирнинг айтишича, ҳар бир гуруҳ тахминан 20 кишидан ташкил топган.

Тожикистон Ички ишлар вазирининг айтишича, Али Бедаки Мулло Абдуллога бўйсинади.

Вазир жанобларига кўра, Мулло Абдуллога қарашли жангариларнинг аксарияти Афғонистондан Тожикистонга ўтиб келишган.

Унинг айтишича, жангарилар Афғонистондан Тожикистонга кичик-кичик гуруҳ бўлиб ўтган бўлишлари мумкин, катта сондаги жангариларнинг Тожикистонга ўтганликлари кузатилмаган.

Бундан бир ой аввал Тожикистон чегарачилари Афғонистон билан чегарада қирққа яқин жангари билан жанг олиб боришганди. Оқибатда жангариларнинг ярмига яқини ўлдирилган. Тожикистонлик масъуллар уларнинг барчаси Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг аъзолари эканини айтганди.

Тожикистон ҳукумати Мулло Абдуллони шу йилнинг сентябр ойи ўрталарида Камароб дарасида ўз ҳарбийлари карвонига қарши уюштирилган ҳужумларда айблайди.

Ҳодисада ўттизга яқин ҳарбийлар қурбон бўлишганди.

Мулло Абдулло 1990 йиллра бошларидан бери Бирлашган Тожик мухолифатининг дала қўмондонларидан бири бўлиб келган ва фуқаро уруши ниҳоясида эришилган Тинчлик битимига қўшилмаган.

Тожик расмийлари уни шунингдек 1998 йили БМТнинг мамлакатдаги уч ходиминиўлдиришда айблаб келадилар.

Шунингдек даъво қилинишича, у 2000 йили Қирғизистон ҳудудига ўтишга ҳаркат қилган, аммо чегара қўшинлари томонидан йўли тўсилган.

Ўша йили Мулло Абдулло ҳукумат томони билан музокараларга киришиб, қуролини ташлашган рози бўлган. аммо кўп ўтмай битимни бузиб, Афғонистонга ўтиб кетган. Норасмий хабарларга кўра, 2009 йили бир гуруҳ тарафдорлари билан Тожикистоннинг Тавилдара минтақасига қайтиб ўтган.

Рашт водийсидаги вазиятга тўхталар экан, Тожикистон Ички ишлар вазири вазият буткул назорат остида эканлигини айтди.

Унга кўра, бошқа бир дала қўмондони Мирзохўжа Аҳмадовга мойил ўттизга яқин жангари тоғдан тушиб, ҳукуматга таслим бўлишган.

Вазир жаноблари амалиётларнинг 10 кундан кейин тугашига умид қилаётганликларини айтди.

Би-би-сининг Душанбедаги мухбири Искандан Фирузга кўра, амалиётлар ниҳоясига етиб бораётганининг бошқа белгилари ҳам кўзга ташланади. Яъни Душанбедан Раштга кетувчи йўлдаги назорат нуқталари сони жиддий равишда камайган.

Жанглар эса, Рашт туман марказидан анча олис бўлган тоғлар бағрида олиб борилаётган бўлиши мумкин.