'Роғун ГЭСи қурилса, Хоразм ва Бухорога ҳам сув етмайди'

Ўзбекистонлик мутахассисларга кўра, агар юқори оқимдаги Тожикистон улкан Роғун ГЭСини қурса, Ўзбекистоннинг Хоразм ва Бухоро вилоятлари ҳам сувсиз қолиши мумкин.

Бу ҳолат Ўзбекистон халқининг озиқ-овқат хавфсизлигига таҳдид солиши айтилмоқда.

Ўзбекистон раҳбариятининг хавотирланишича, токи бир неча йил давомида Роғун сув омбори тўлгунича, Амударёдан сув ичадиган Ўзбекистон далалари ва аҳолиси сувсиз қолиши мумкин.

Ўзбек томони, шунингдек, Амударёнинг мавсумий оқими бузилса, Орол бўйидаги экологик фожеа ҳудудлари кенгайиб, мамлакат марказига қадар келишини айтади.

Қорақалпоғистонга сафари пайти Президент Ислом Каримов, Ўзбекистон Амударё сувини камайтиришга йўл қўймайди, деб айтган.

Тожикистон Ташқи ишлар вазири Ҳамрохон Зарифий эса Роғун сув омборини тўлдириш учун саккиз йил керак бўлиши ва бу вақтда Ўзбекистон сувсиз қолиши ҳақидаги изоҳларни асоссиз дея таърифлаган.

Душанбеда ташкил этган махсус матбуот анжуманида Тожикистон ташқи ишлар вазири айтишича, янги сув омборида Тожикистонга тегишли сув ҳажмига қараб ва Орол денгизига оид Марказий Осиё республикалари эришган битимлар асосида босқичма-босқич тўпланади.

Би-би-си хавотирланишга асос йўқ деган Душанбе сўзларини Ўзбекистон қандай қабул қилаётганини ўрганиш учун Тошкентдаги Оролни қутқазиш агентлигидан Усмон Бўроновга мурожаат этди.

Усмон Бўронов: Айтишим мумкинми, Роғун ГЭСини қуриш қарори Совет даврида берилган. Ўшанда бутун минтақа сув хўжалиги ягона Москва бошқаруви остида бўлэди. Мажмуий бошқарув схемаси бўйича эса, ўшанда Сибир дарёларининг бир қисмини бизнинг минтақамизга келтириш кўзда тутилганди. Яъни Роғун учун кетган сувни қоплаш учун. Бироқ Сибир дарёларини келтириш режаси амалга ошмади. Ҳозир эса Роғун қурилганидан кейин, унинг сув омбори суғориш талабига мос тарзда ишлайди, деган кафолат йўқ. Бунинг устига, уларнинг қишда электр ишлаб чиқаришлари керак бўлади.

Би-би-си: Роғун ГЭСи қурилиши Ўзбекистондаги экологияга салбий тасъир қилади деган фикрлар-чи? Қандай асослаш мумкин?

Усмон Бўронов: Мен айтишим мумкинки, бугунги кунгача Тожикистондаги Нурек ГЭСи қурилгани сабабли биздаги тўқайзорларнинг 90 фоизи йўқолиб битди. Бу энди рад этиб бўлмайдиган ҳақиқат. Чунки гидроэлектр станциялари қурилса, дарёларнинг табиий оқими бузилади. Улар ҳозир "салбий таъсир этмайди" дегандек ҳар нарсани айтишлари мумкин. Мутахассис олимлар оқ ва қорани жуда осонлик билан ажратиб оладилар.

Би-би-си: Мана Роғун қурилди, дейлик. Унда Ўзбекистонда айнан қандай ўзгаришларни кутиш мумкин?

Усмон Бўронов: Аввало, айтганимдек дарё оқими тартиби бузилади. Қиш бўйи электр олиб, сувни чиқариб ташлашади. Ёзда эса бизда деҳқончилик учун суғорадиган сув керак бўлиб турган вақтда сув келмайди. Бизда аҳоли сони жуда катта. Шунга қарамасдан, биз экин майдонларимизни кенгайтираётганимиз йўқ. Ўтган аср охирида ҳам суғориладиган далаларимиз 4 ярим миллион гектарга етар-етмас эди ва ҳозир ҳам шундай қолаяпти. Биз бу далаларни сув билан таъмин эта олмай қолишимиз мумкин. Лекин агар қўшнилар ГЭС қуришни тўхтатмасалар, унда Ўзбекистон халқини озиқ-овқат билар таъминлаш учун қандайдир контррегуляторлар қуришимизга тўғри келиши мумкин. Дейлик, қишда чиқарилган сувни йиғиб олиб, ёзда суғориш учун оширадиган сув омборларини тиклаш зарур бўлади. Бошқа илож қолмайди.

Би-би-си: Суғориш суви масаласи шундай ҳал этилса, унда атроф-муҳитга салбий таъсир этиши борасидаги хавотирлар ечими борми?

Усмон Бўронов: Унда нафақат Қорақалпоғистондаги суғорма экинзорлар қисқаради. Балки Хоразм ва Бухорода ҳам экинзорлар сувсиз қолиб, далаларни қисқартириш керак бўлиб қолади. Чунки ёзда сув камайиб кетади. Аммо бизда аҳоли Тожикистондаги каби 5-6 миллион эмас, балки 27 миллиондан ошиб кетган. Бунча одамнинг озиқ-овқат эҳтиёжларини қоплаш учун деҳқончилик ва сув керак. Тожикистон учун Роғун четга сотадиган арзон электр қуввати манбаи.

Би-би-си: Тожикистонга энергия керак. Ўзбекистон сувга ташна. Бундай ҳолатда Рогун масаласини икки тарафга ҳам мақбул тарзда ижобий ҳал қиладиган қандай йўл бор?

Усмон Бўронов: Мен бу ерда бошқа бирон йўл кўра олмаяпман. Агар улар кунлик ва ё ойлик бошқарилувчи кичикроқ ГЭСларни қуришса, оладиган электр қуввати нархи анча баланд бўлади. Шунинг учун ҳозирги ҳолат боши берк кўчага ўхшаб қолган. Мен сув бўйича мутахассисман ва бу ерда энди Ўзбекистон нима қила олиши мумкинлиги борасида сизга бирон нарса айтолмайман.