Президент Каримов ортидан Россия раҳбари Туркманистонга сафарини бошламоқда

Image caption Россия Туркманистоннинг газ сиёсатида ўз таъсирини сақлаб қолишни истайди

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг ташрифи якун топиши биланоқ россиялик ҳамкасби Дмитрий Медведев Туркманистонга икки кунлик сафарини бошламоқда.

Ўтган йилги аччиқ-тизиқлар ортидан расмий Ашхобод Россия билан алоқаларини кучайтириш мақсадида эканини айтмоқда.

Хабарларга кўра, яна туркман гази масаласи ўзаро музокаралар кун тартибидан асосий ўринни эгаллайди.

Россия яқин-яқингача туркман газининг асосий харидори ҳисобланарди. Айрим ҳисоб-китобларга кўра, 2009 йилнинг апрел ойига қадар Россия Туркманистондан йилига 70 миллиард кубометрга яқин газ сотиб олган.

Сўнгги глобал молиявий инқироз ортидан газга бўлган талабнинг камайиши газ нархининг пасайишига ҳам сабаб бўлган.

Туркманистон Россияга ўз газини Оврўпо бозоридаги нархда сотишни истайди.

Айнан газ нархи юзасидан келиб чиққан келишмовчилик ўтган йили икки давлат орасидаги муносабатларга жиддий рахна солганди.

Алал-оқибат "Газпром" Туркманистон газини Оврўпо нархларида сотиб олишга рози бўлган, аммо жаҳондаги молиявий инқироз сабаб газга талабнинг камайиши ортидан ширкат аввал келишилган ҳажмдаги газни ўзлаштиролмай қолгани айтилганди.

Ҳозирга келиб, Россия Туркманистондан сотиб олаётган газ миқдори йилига 10 миллиард кубометрга тушиб қолган.

Бу гал ҳам глобал молиявий инқироздан жиддий зиён кўрган Россия раҳбари сотиб олажак туркман газининг нархи борасида яхшигина савдолашишни кўзламоқда.

Аммо туркман раҳбарига кўра, савдо-иқтисодий ва нефту газ соҳаларидаги ҳамкорлик ҳар икки давлат учун ҳам стратегик аҳамиятга эгадир.

Ҳаммаси силлиқ эмас

Россия қарийб бир йиллик узилишлар ортидан ўтган йилнинг охирига келибгина газ қувуридаги портлаш сабаб тўхтаб қолган газ экспортини қайта йўлга қўйишга рози бўлганди.

Президент Медведев айнан газ таъминотини қайта йўлга қўйиш учун ўтган йилнинг декабр ойида Туркманистонга сафар қилганди.

Ўтган йилнинг 4 апрел куни "Марказ-4" қувурида содир бўлган портлаш Ашхобод ва Москва ўртасидаги муносабатларнинг совуб кетишига сабаб бўлган эди.

Туркманистон Президенти ҳодисада Россия томонини айблаганди.

Туркман расмийлари "Газпром" туркман томонини аввалдан огоҳлантирмаган ҳолда газ ҳажмини камайтиргани ва босимнинг пасайиши натижасида портлаш юзага келганини айтишганди.

Таҳлилчилар газ қувуридаги портлаш сабаб Туркманистон эгаллаган қатъий мавқеъни расмий Ашхободнинг Ғарбга ишораси сифатида ҳам талқин этишганди.

Ҳодисадан кўп ўтмай, туркман раҳбари Туркманистон Оврўпонинг Россияни четлаб ўтувчи "Набукко" қувурига газ етказиб беришга тайёрлигини изҳор қилганди.

Президент Бердимуҳаммедов экспорт йўлларини турфалаштиришни ўзининг газ сиёсатидаги устивор йўналиш, деб эълон қилган.

Ўтган йили Туркманистондан Хитойга узанган газ қувурининг Ўзбекистон ва Қозоғистон қисмларидаги ишлар ниҳоясига етгани ҳам билдирилганди.

Туркманистон, шунингдек, Эрон билан ҳам салмоқли миқдордаги газ экспорти бўйича келишувларга эришган.

Аммо ҳозирча Туркманистон Россия қувурларига қарам.

Бу Россия президентининг Туркманистонга тўртинчи сафаридир.