Пьер Морель: 'Қирғизистон жанубидаги вазият ОХҲТ кучлари фаолияти учун мақбулдек'

Image caption Пьер Морелнинг айтишича, Қирғизистон жанубидаги вазият ҳозир анча барқарорлашган

Оврўпо Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Пьер Морелнинг айтишича, Қирғизистон жанубидаги вазият Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг хавфсизлик кучлари ўз фаолиятларини бошлашлари даражасида барқарордир.

Бу ҳақда Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлигининг матбуот хизмати хабар берган.

Вазирлик матбуот хизматининг билдиришича, жаноб Морель ушбу масалани Қирғизистон Ташқи ишлар вазири Руслан Казакбаев билан учрашуви чоғида кўтарган.

Оврўпо Иттифоқининг махсус вакили Қирғизистонда парламент сайловлари ўтиб бўлгани ва мамлакат жанубидаги вазият ОХҲТи хавфсизлик кучлари ўз фаолиятларини бошлашлари даражасида осойишта эканини айтган.

Оддий аҳоли, жумладан, ўзбеклар июн ойидаги қонли миллий низоларга саҳна бўлган Қирғизистон жанубидаги ҳозирги вазиятни қандай баҳолашади? Ўшлик суҳбатдошимиз билан шу хусусдаги суҳбатимизни бу ерда тинглашингиз мумкин:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти 2002 йилдан буён Қирғизистондаги ҳуқуқ-тартибот идораларини ислоҳ этиш масаласида ўз дастагини кўрсатиб келади.

Жаноб Морелга кўра, халқаро ташкилотнинг полиция маслаҳатчилари Қирғизистон хавфсизлик кучларига мамлакат жанубида тинчлик ўрнатиш ва аҳолининг ишончини қайта қозонишларига кўмак беришлари мумкин.

Қирғизистон ташқи ишлар вазири, ўз навбатида, жаноб Морелни убу масала қирғиз ҳукуматининг кун тартибида эканига ишонтиришга уринган.

Жаноб Казакбаев ОХҲТи Полиция Маслаҳатчилар Гуруҳи масаласи Қирғизистондаги ижтимоий-сиёсий вазиятга қараб, кўриб чиқилишини айтган.

Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти июл ойида Қирғизистон жанубига жўнатилажак полиция гуруҳи раҳбари этиб швециялик Нут Дрейерни тайинлаганди.

Нут Дрейер 2007-2008 йилларда Қирғизистон милициясини ислоҳ қилиш амалиётларида маслаҳатчи бўлиб фаолият олиб борган.

Аммо...

Қирғизистон президенти Роза Ўтинбоева 52 кишилик хорижий полиция кучларининг июн ойидаги этник низолардан жиддий жабр кўрган жанубий Ўш ва Жалол-Обод шаҳарларида август ойининг ўрталарида иш бошлашларига умид қилганди.

Аммо июл ойи охирларида Ўш шаҳар кенгаши аъзолари Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг полиция маслаҳат кучларининг киритилишига қарши овоз беришганди.

Шу вақтгача Ўшда халқаро полициячиларнинг киритилишига қарши қатор намойишлар ҳам бўлиб ўтган.

Қирғизистондаги ўнлаб ёшлар ташкилотлари ҳам президент Роза Ўтинбоеванинг ушбу қарорига норозилик билдириб, ягона ҳаракатга бирлашишган.

Уларнинг айтишларича, ОХҲТ полиция кучларининг сафарбар этилишини маъқуллаш қарори билан президент Роза Ўтинбоева ўз ваколатини суиистеъмол қилган.

Ёшлар ташкилотлари агар ўз талаблари инобатга олинмаса, хорижий кучларни Ўшга киритмаслик билан ҳам пўписа қилишганди.

Улар Ўшдаги стратегик жиҳатдан муҳим авто-трассани ёпиб қўйиш ва шаҳар аэропортини қамал қилишгача боришлари мумкинлигини айтишганди.

Ва агар шунда ҳам ОХҲТ кучлари шаҳарга сафарбар этилишса, фаолиятларига тўсқинлик қилиниши ва уларнинг хавфсизликларини ҳам ҳеч ким кафолатлай олмаслиги билан таҳдид этишганди.

Ўш шаҳрининг ўзида эса, ёшлар ташкилотлари ОХҲТи полиция кучларининг юборилишига қарши махсус идоралар ҳам ташкил этишганди.

Ўш шаҳар кенгаши депутатларининг ОХҲТ қуролсиз полициячиларини жойлаштиришга қарши чиқарган қарорига муносабат билдираркан, халқаро ташкилот вакили бу борада Қирғизистон марказий ҳукумати билан ҳамкорликда ишлаётганларини айтганди.

Шу йилнинг июн ойида Қирғизистоннинг жанубий минтақаларида келиб чиққан этник низоларда юзлаб кишилар қурбон бўлган, минглаб кишиларга тан жароҳати етган ва юз минглаб кишилар бошпанасиз қолишганди.

Маҳаллий аҳоли миллий низолардан уч ой ўтиб ҳам Қирғизистон жанубидаги вазият ҳануз беқарорлигича қолаётганини айтади.