Нурсултон Назарбоев: Қозоғистон Афғонистонга қўшин жўнатади

Назарбоев
Image caption Назарбоев жанобларининг сафари душанба кунидан бошланди

Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев Афғонистондаги халқаро кучлар қароргоҳига аскар жўнатиши ҳақида айтган.

У бу ҳақда НАТО Бош котиби Андерс Фог Расмуссен билан учрашуви ортидан билдирган. Қозоғистон ва НАТО ўртасида ҳамкорлик 1992 йилдан бошланган. Ўша йили Қозоғистон НАТОнинг Шимолий Атлантик Ҳамкорлик Кенгашига (1997 йилда бу кенгаш Овро-Атлантик ҳамкорлик кенгаши дея ўзгартирилган) қўшилганди.

2010 йилнинг февралида Қозоғистон ва НАТО мамлакат темир йўли орқали Афғонистонга ноҳарбий юкларини ўтказиш бўйича келишув имзолаган.

Ўтган август ойида эса, Қозоғистон жануби-шарқида Қозоғистон-НАТО қўшма ҳарбий машқлари ўтказилганди.

Қозоғистонликлар НАТО билан ҳамкорликнинг ривожланишини ташқи сиёсатларидаги муҳим нуқталардан бири сифатида кўришади.

Оврўпо Иттифоқи ва Қозоғистон

Аввалроқ, Назарбоев жаноблари Брюсселда Оврўпа Иттифоқи президенти Ҳерман Ван Ромпее билан учрашган.

Икки ўртада Қозоғистон ва Оврўпо Иттифоқи ўртасида ҳамкорликни кучайтириш масалалари мубоҳаса этилган.

Президент Назарбоев музокараларни самарали дея баҳолаган.

"Оврўпо Иттифоқи президенти билан шахсий алоқалар жуда муҳим ва бу иккитомонлама яқин ҳамкорликка хизмат қилиши керак", деган Қозоғистон раҳбари.

Ҳерман Ван Ромпее эса, Қозоғистон Президенти билан Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти олдидаги вазифалар ва мушкулотлар ҳамда Остонада ўтажак саммит мубоҳаса этилганини маълум қилган.

Унга кўра, Оврўпода Ҳамкорлик ва Хавфсизлик Ташкилоти саммити муваффақиятли ўтиши учун Қозоғистон билан яқиндан ҳамкорлик қилинади. Анжуман декабр ойига режаланган.

Қозоғистон Президентининг Оврўпо Комиссияси раиси Жозе Мануэл Барозо, Оврўпо Парламенти раиси Ержи Бузек, Франция Президенти Николя Саркози ва бош қатор сиёсатчилар ҳамда бизнес одамлари билан ҳам учрашиши кутилади. Қозоғистон Оврўпо Иттифоқининг савдо ва сармоя соҳасида Марказий Осиёдаги энг йирик ҳамкоридир.

Худди шунингдек, Оврўпо Иттифоқи ҳам Қозоғистон учун энг катта савдо шериги ҳисобланади.

Қозоғистон Оврўпо Иттифоқига асосан нефт ва газ сотади. Шу боис ҳам Президент Назарбоевнинг сафари чоғи энергетика соҳасида ҳамкорлик масалалари муҳокама этилиши кутилаётган эди.

Оврўполикларга Қозоғистоннинг нефти ва гази, Қозоғистонга эса, уларнинг пул ва билим-тажрибалари муҳим.