Birgit Brauer:'Qozog‘istonning omadi ulkan tabiiy zahiralarida'

Ovro‘po bo‘ylab safar qilayotgan Prezident Nazarboyev Fransaga rasmiy tashrifini boshlagan.

Janob Nazarboyevning Prezident Sarkozi bilan muzokaralari chog‘ida iqtisodiy hamkorlikka doir bir qator kelishuvlarning imzolanishi kutilmoqda.

Ovro‘po Ittifoqi Qozog‘istondagi eng yirik xorijiy sarmoyador hisoblanadi.

Ovro‘po sarmoyalarining uchdan ikki qismi gaz va neft loyihalariga kiritilgan.

Janob Nazarboyev seshanba kuni Bryusselda OI Prezidenti Joze Manuel Barozu bilan muzokaralar olib borgan.

Janob Barozuning ma‘lum qilishicha, Ovro‘po Itifoqi Qozog‘iston bilan Sheriklik va Hamkorlik Shartnomasi yuzasidan muzokaralarni boshlash niyatida.

Оврўпо Иттифоқи президенти иттифоқ Қозоғистоннинг Жаҳон Савдо Ташкилотига аъзо бўлиш саъй-ҳаракатларини тўла қўллаб-қувватлашини билдирган.

Жаноб Назарбоевнинг сафари Қозоғистон Оврўпонинг муҳим хавфсизлик идораси-Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотига раислик қилаётган пайтга тўғри келган.

Кузатувчилар Қозоғистон президенти ўз мамлакатини замонавий ва Оврўпо давлати сифатида тақдим этишга уринаётганини айтишади.

Би-би-си жаноб Назарбоевнинг Оврўпога сафари ҳақида "Экономист" журналистнинг Олма-Отадаги мухбири Биргит Брауэр билан суҳбатлашган.

Биргит Брауэр: Фикримча, жаноб Назарбоевнинг Оврўпо Иттифоқи томон анчайин иқтисодий интилишлари бор. Оврўпо Иттифоқи Қозоғистоннинг энг йирик тижорий ҳамкорларидан бири. Қозоғистоннинг ўзи эса, молиявий инқироздан эндигина оёққа турмоқда ва сармояларга муҳтож. Ана шу нарса уни Оврўпога етаклаб борган асосий сабаб менимча. Оврўпода ҳам Қозоғистон ривожланиш йўлида эканлигини билишади, ширкатлар Қозоғистонга келиб, ишлаш йўлларини қидиришмоқда.

Би-би-си: Қозоқ ҳукумати хорижлик сармоядорларни вақти-вақти билан, таъбир жоиз бўлса, жазолаб туради. Бугунги хабарда ҳукумат Қорачаганакдаги конда ишлаётган икки ғарб ширкатидан қўшимча 1.2 миллиард доллар солиқ ундиришга қарор қилгани айтилади. Қозоғистондаги сармоя муҳити ҳақида нима дея оласиз?

Биргит Брауэр: Қозоғистон заҳирларга бой мамлакат. Бу ерда улкан нефт конлари бор. Қозоғистон шунингдек, жаҳонда энг кўп уран ишлаб чиқарувчи давлат. Яъни Қозоғистоннинг Оврўпога таклиф қилиши мумкин бўлган нарсалари талайгина ва мустақиликка эришганидан сўнг, мамлакатга бир қатор ғарб шикратлари кириб келдилар. Лекин Қозоғистон ўзини сармоя ётқизиш учун қулай мамлакат қилиб кўрсатиш ҳаракатларига қарамай, сармоя ётқизиш муҳити таъбир жоиз бўлса, иродаси бўшлар учун эмас. Ширкатлар билан ҳукумат ўртасида келишмовчиликлар чиқиб туради, қонунлар баъзида ўзгартирилади. Лекин мамлакатда заҳиралар кўп бўлгани учун, айниқса кон ўзлаштирувчи ширкатлар шунга қарамай юрак бетлаб келаверадилар. Лекин нефт ва газ каби табиий заҳиралардан ташқари соҳаларда иш юритмоқчи бўлган ширкатлар учун муҳит анча қийинроқ.

Би-би-си: Кузатувчилар жаноб Назарбоев Қозоғистонни замонавий гарбча демократияга асосланган давлат сифатида тақдим қилишга ҳаракат қилмоқда, дейишади. Лекин Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотига раислик қилаётган мамлакат матбуот эркинлиги ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги камчиликлар учун танқид қилинади. Шу маънода жаноб Назарбоевнинг уринишлари қанчалик самарали, деб ўйлайсиз?

Биргит Брауэр:Менинг фикримча, Қозоғистонга Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти раислиги мамлакатнинг халқаро саҳнада тутмоқчи бўлган ўрни учун мукофот сифатида берилди. Балки бу уриниш саъй-ҳаракатларнинг самараси бўртиррилгандир, лекин мамлакат ичида бу худди ана шундай тақдим қилинмоқда. Мамлакатни демократик деб бўлмайди, менимча уларнинг ўзлари ҳам "биз демократик давлатмиз", деб баралла айтаётганлари йўқ. "Демократияга интилаётган давлат" ибораси тўғрироқ бўлади менимча. Лекин бу ҳам амалда нотўғри, мамлакат авторитар усулда бошқарилади. Аммо Қозоғистоннинг омади, ҳали айтганимдек, улкан табиий заҳираларида. Шунинг учун аксар сиёсатчилар мамлакатнинг дамократия соҳасидаги камчиликларига кўз юмишга ҳам тайёрлар. Қозоғистон замонавий давлатми деган саволга келсак, замонавий бўлишга ҳам қўлидан келганча ҳаракат қилмоқда. Минтақа иқтисоди нуқтаи назаридан қаралса, бунга ҳеч шубҳа йўқ.