Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

'Қотиллик иқрорлари шафқатсиз қийноқлар оқибатида олинди'

Ўш шаҳрида Қорасув туман милицияси бошлиғи ва ҳайдовчисини ўлдиришда айбланганлар устидан маҳкама қарори эълон қилинди. Бироқ Би-би-си билан суҳбатда ҳукм ўқилганлардан бири айтишича, қийноқларга чидай олмаган йигитлар қотилликни бўйниларига олганлар.

Айбланувчиларга июн ойидаги зўравонликлар пайти Қорасув туман милицияси бошлиғи Адилбек Султанов ва унинг ҳайдовчиси Уран Шамурзаевни ўлдириш айби қўйилган.

Маҳкама ҳукмига кўра, полковник Адилбек Султанов ўлдириб ёқиб юборилган, Уран Шамурзаевнинг боши танасидан жудо қилиниб, жасадлар дарёга ташлаб юборилган.

Милиция ходимларининг июн ойидаги зўравонликлар пайти асосан ўзбеклар истиқомат қиладиган Наримон қишлоғига боришгани ва наримонликлар ушбу қотилликларни содир этгани хабар қилинган.

Маҳкама 10 айбланувчидан беш нафарини бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм этган.

Қолганларга саккиз, беш, тўрт ва бир йиллик қамоқ жазолари белгиланган.

Айбланувчилардан бирининг руҳий хаста ёки йўқлигини текширишга қарор қилинган.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари хунрезликлар ортидан Наримон қишлоғида ўтказилган рейдларни қоралаган, Қирғиз махсус кучлари амалиёти пайтида икки наримонлик ўзбек отиб ўлдирилган.

Халқаро Human Rights Watch ташкилоти Қирғизистон жанубида июн ойидаги зўравонликларга алоқадорликда ҳибсга олинган ўзбекларнинг тергов жараёнида қийноқ ва бошқа ноинсоний муомалага тутилгани билан боғлиқ ўнлаб ҳолатлани ҳужжатлаштирган.

Би-би-си маҳкамада узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилган айбланувчилардан бири билан боғланишга муваффак бўлди.

У қийноқлар натижасида иқрорлик кўрсатмаси беришга мажбурланганини айтди.