Ўзбек пахтаси: "Олмон ширкатлари замонавий қулликдан фойда кўрмоқдаларми?"

Image caption "Ўзбекистонда пахта далалрида болалар меҳнатидан фойдаланиш болаларни қулликка мажбурлашдан бошқа нарса эмас" - деб ёзади "Spiegel".

Олмонияда чоп этиладиган "Spiegel" рўзномаси Ўзбекистонда пахта йиғим-теримида болалар мажбурий меҳнатидан фойдаланиш ва ғарб ширкаталарининг бунга не қадар алоқаси борлиги ҳақида мақола чоп этган.

Мақола муаллифлари Ерих Фолас ва Кристиан Ниф яқинда ЎЗбекистонга қилган сафарлари натижасида кўрган-кузатганларини туркум мақолаларга жамлаб, пахта ҳақидагисини "Олмон ширкатлари замонавий қулликдан фойда кўришаяптими?", деб номлаганлар.

Муаллифлар мақолада келтирилган "қуллик" иборасини Андижонлик 11 яшар Назира мисолида асослашади.

Назира ўқиган мактаб пахта мавсумида ёпилган ва барча болалар ҳамда муаллимлар саҳар соат еттидан пахта теримига чиқадилар.

Болаларга 10 килодан пахта териш нормаси юкланади.

"Мен нари борса уч кило пахта тера оламан", - деб айтади Назира. Қизалоқ бутун мавсумда ишлаган пулини онасига беради. Аммо бу пул ҳатто битта қишки шапка сотиб олишга ҳам етмайди.

Сабаби, Ўзбекистонда болалар терган пахта учун жуда кам пул тўланади. Бўлмаса, сўнгги 140 йил бадалида жаҳонда пахта ҳозиргидек қиммат нархда сотилмаган, деб эслатади "Spiegel".

Нашрнинг ёзишича, пахта териш нормасини бажаролмаган болалар калтакланадилар. Ҳатто икки йил олдин нормани бажариш босимлармга чидолмай, ўзини дала четидаги дарахт шохига осиб қўйган 17 яшар Умида исмли қизнинг фожеаси ҳам мисол сифатида келтирилади.

"Ўзбекистондаги содир бўлаётган бу ишлар болаларни қулликка мажбурлашдан бошқа нарса эмас" - деб "Spiegel" га айтган Халқаро Аксилқулчилик ташкилотидан Жоанна Эварт-Жеймс. "Ўзбекистон қулчиликни маън қилувчи кўплаб халқаро конвенцияларга қўшилган, аммо қишлоқ жойларида деярли ижобий кузатилмайди".

Ғарб ширкатлари бу қулликдан фойда кўришаяптими деган саовлга келганда эса, "Spiegel" масалан "Олмония ширкатлари манфаатдор бўлишмоқда", дея қайд этади.

"Spiegel" нинг ёзишича, Оврўподаги бир нечта пахта савдоси билан шуғулланувчи ширкатлар устидан шикоятлар жўнатилган. Шикоятда қайд этилишича, айни ширкатлар Оврўпо Иқтисодий Ҳамкорлик ва Тараққиёт Ташкилоти тамойилларини бузиб, Ўзбекистонда суистеъмол қилинаётган бола меҳнатидан фойда кўришмоқда.

Олмонияда эса Конституцион ва Инсон Ҳуқуқлари бўйича Оврўпо Маркази қитъадаги йирик пахта даллоли бўлмиш "Stadtlander" ширкатига қарши шикоят ҳозирламоқда.

"Spiegel"нинг ёзишича, йилига 138 миллион долларлик пахта савдоси билан шуғулланувчи бу ширкатлар йиллар давомида Тошкентда ўз қароргоҳига эга бўлган ва Президент Каримов ҳукумати билан яхши алоқаларни йўлга қўйган.

Аммо "Stadtlander" ширкати ҳеч қачон адолатли ишлаш шароити яратишини урғуламаган. Бунинг устига, нашр Оврўподаги қонун-қоидаларни "юмшоқ ва тишсиз", деб атайди. "Қонунан инсон ҳуқуқларини бузадиган ширкатлар уларга тегиб бўлмайдиган даражада ўзи хон, кўланкаси майдон тарзида иш юритадилар", деб ёзади "Spiegel".

"Spiegel"га кўра, Олмония банклари ҳам пахта садвосидан даромад кўришмоқда.

"Stadtlander" тутаётган йўл Олмон ҳукуматининг Ислом Каримов тузумига нисбатан тутган мавқеига жуда мос, дейди нашр. Олмон аскарлари Ўзбекистондаги база орқали Афғонистонга йўл солишади.

Ғарбдаги қатор йирик супермаркет тармоқлари ҳозир Ўзбекистон пахтасидан тайёрланган маҳсулотларни сотишни исташмайди. Аммо ўртадаги даллол ширкатлар Ўзбек пахтасини бошқа мамлакатлардан олинган пахта билан аралаштириб ташлашмоқда. Бу эса маҳсулот кимнинг пахтасидан тайёрланганини аниқлашни жуда қийинлаштириб юборган.