Москвада мусулмон кўп, масжид оз

Москва жануби - шарқи "Текстилшики" метроси яқинида янги масжид қуриш режаси катта баҳсу мунозараларга сабаб бўлган.

Бир гуруҳ маҳалий аҳоли, рус миллатчилари иштирокида, масжид қуришга қарши намойиш ўтказишган.

Бу борада мингдан ортиқ имзо тўплаб, президент Медведевга ҳам мурожаат этилган.

Масжид қурилиши тарафдорлари эса, 2 миллионга яқин мусулмон яшаётган Москва учун масжидлар етишмаётганини урғулашади.

Мусулмонлар раҳбарларига кўра, ушбу муаммога Россия раҳбарияти аралашиши лозим.

Москва жануби-шарқи “Текстилшики “ туманида янги масжид қурилиши бошланмасдан, бир гуруҳ маҳалий аҳолининг кескин норозилик билдирмоқда.

Қурилишга ижозат берган маҳаллий ҳокимият, аҳоли норозилиги боис, масжид қурилишини бошқа ҳудудга кўчириш таклифи билан Москва ҳокимига мурожаат этди.

Россия Муфтийлар кенгаши раисдоши Нафиғулла Ашировнинг фикрича, Россия ҳокимияти ҳозирча тортишувдан ўзини чеккага олмоқда.

“Юзга яқин маҳаллий аҳолиси норозилик намойишидан сўнг, “Текстилшики” тумани амалдорлари ўзи чиқарган қароридан бош тортди. Бу адолатли қарор эмас. Чунки Москвада масжидлар етишмайди. Мисол учун жума намози пайтида, масжидлар одамлардан тўлиб тошади, ўн минглаб мусулмонлар қор ва ёмғирларда масжидга туташган кўчаларда намоз ўқишга мажбур бўлишади” - дейди Нафиғулла Аширов.

Муфтий Ашировга кўра, масжид қурилишига қарши намойишларга рус миллатчи ташкилотлари бош-қош бўлишган.

“Ноқонуний миграцияга қарши ҳаракат” ташилоти лидерларидан бири Александр Белов, рус миллатчилари «Текстилшики» туманида масжид қурилишига қарши намойишчиларга ҳар томонлама ҳуқуқий ёрдам беришганини тасдиқлади.

“Биз имзо тўплаш ва бошқа ишларда фаол иштирок этдик. Мусулмонларни Москвада масжид етишмайди деган сўзлари сафсата. Москваликлар янги масжид пайдо бўлишидан қўрқишади. Улар қўрқувида асос бор. Маҳаллий аҳоли фикрини ҳурмат қилиш керак. Масжид бошқа ерга, Москвадан ташқари ҳудудларда қурилиши керак,” - дейди Александр Белов.

Мусулмон кўп, масжид оз...

Image caption Имом Садеқов мусулмонларга нисбатан ёвқараш кучаяётганидан ташвишда

Экспертлар Москвада яшаётган тахминан 2 миллионга яқин мусулмон учун атиги 4 та масжид жуда оз эканлигини таъкидлашади.

Мисол учун, 1,5 млн мусулмон яшайдиган Франция пойтахти Парижда 70 та масжид борлиги айтилади.

Москвадаги Тарихий масжид - Россия пойтахтида қурилган энг қадимий масжидлардан саналади.

1816 йил августида москвалик мусулмон савдогарлари Макай Абдулов, Надран Измайлов, Мирза Ради Наврўзов ва мулло Абдулла Ўзбековлар “Император Олий жанобларига йўллаган мактубда Қозон ва Санкт-Петербургдаги каби Москвада ҳам тошли мачит қуришга ижозат беришни сўрашган.

Фақат 1823 йилга келиб, 1812 йил Франция императори Наполеонни тор-мор этишда мусулмонлар ҳам кўрсатган қаҳрамонликлари боис, Рус подшоси масжид қуришга ижозат берган. Ва масжидга “Тарихий масжид” номи берилади.

Тарихий масжид имоми Рамил Садеқовнинг фикрича, янги масжид қуриш тортишуви Россияда Исломга қарши кайфиятларнинг нақадар жиддийлигини яққол ошкор этди.

Image caption Москвадаги Тарихий масжид

«Биз Москва татарлари, расмийлар билан бўлган барча учрашувларда, мусулмонлар йўлиқаётган муаммоларни кўтарамиз. Бу бизнинг фикримизча сиёсий масаладир. Афсус, янги масжид масаласи Россия фуқаролари орасида мусулмонларга бўлган нафратнинг нақадар кучли эканлигини кўрсатади. Нафақат рус миллатчи ташкилотлари, балки православ черковининг айрим вакиллари орасида мусулмонларга нисбатан нафрат ўта юқори. Биз буни яхши сезаяпмиз, “- деб айтди Тарихий масжид имоми Рамил Садеқов.

Москвадаги “Православ биродарлар иттифоқи” ташкилоти вакиллари, токи Москвада яқин йилларда расман қурилиши белгиланган 600 та православ черкови ибодатхоналари қуриб битирилмаганига қадар, бирорта ҳам янги масжидга ижозат берилмаслигини талаб этишди.

Расмий рақамларга кўра, Москвада ҳозирда 836 та православ ибодатхонаси мавжуд.

"Ҳукумат додимизни эшитсин!.."

Image caption Москвада миллатчилик ва ирқчилик тобора чуқурроқ илдиз отаётганидан хавотирлар янграган

Москва ҳокимининг муовини Владимир Ресин, яқинда Россиядаги анъанавий динлар лидерлари билан бўлган учрашувда, мусулмонларга масжид қуриш учун ер ажратилишини билдирди.

«Барча динлар учун ибодатхоналар қуриш биз учун муҳим масала ҳисобланади. Биз барча динларга бир кўз билан қараймиз, бирини бошқасидан айирмаймиз» деб айтган эди Владимир Ресин.

Москва ҳокимининг муовини, шу қаторда янги масжид қуриш қарори аҳоли муҳокамасидан ўтгандан кейингина, қабул қилиниши лозимлигига ишора этди.

Москвалик шарқшунос, профессор Георгий Мирскийнинг фикрича, маҳаллий ҳокимият мусулмонларнинг янги масжид қуриш талабини қондириши лозим.

“Москвада азалдан жуда кўп сонда татарлар яшаб келишган. Сўнгги пайтларда Қафқоз ва Марказий Осиёдан келган фуқаролар ҳисобига ҳам мусулмонлар сони бир неча бараварга кўпайган. Ҳатто, Оврўпо шаҳарлари билан солиштирганда, Москвада масжидлар жуда кам. Албатта, мусулмонларнинг Москвада масжидлар қуриш талаблари ҳақли талабдир. Россия раҳбарияти мусулмонлар билан муносабатни бузишни истамайди. Лекин бошқа тарафдан маҳаллий аҳоли янги масжидлар қад кўтаришидан норози. Уларни радикал йўналишдаги мусулмонлар фаолияти хавотирга солади, ”- дейди профессор Георгий Мирский.

Ўз навбатида Муфтий Нафиғулла Ашировнинг фикрича, аксинча янги масжидлар қуришга изн бермаслик сиёсати, мусулмонларнинг радикал кучлар таъсирига тушиб қолишларига йўл очади.

“ Агар расман масжид очишга ижозат берилмаса, мусулмонлар ўзларича уйларда ёки ертўлаларда йиғилиб, намоз ўқишга мажбур бўлишади. Бундай вазиятда улар радикал кучлар таъсирига тушиб қолишлари мумкин. Расман очилган масжидларда мусулмонларни радикал йўлга ўтиш ҳоллари бизда аввалда ҳам ҳозирги пайтда ҳам юз бермаган. Москвада янги масжидлар қуриш керак эмас, деган сўзлар, асосан, Россия яхлитлигини истамаган шахслар томонида янграйди. Татарлар, мусулмонлар Москва бино бўлгандан буён бу шаҳарда яшаб келмоқдалар, улар Москвани турли босқинчилик ҳужумларидан ҳимоя этишган, қон тўкишган. Шунинг учун ҳам мусулмонлар Москвада яшаш, масжидлар қуриш ҳуқуқига эга ва ҳеч ким мусулмонларга бу йўлда тўсиқ бўла олмайди, ” дейди Муфтий Нафиғулла Аширов