Тожикистон:гиёҳванд моддалар савдоси камаймоқдами?

Image caption Афғонистондаги энг машҳур "ҳосилнинг" катта қисми Тожикистон орқали дунё юзини кўради

Шимолий Тожикистондаги Зафаробод туманида 27 ёшли Ўзбекистон фуқароси Фурқат Жиянов ноқонуний наркотик модда савдосида гумон этилиб қўлга олинган.

Аслида Сирдарё вилоятининг Ховос туманида яшайдиган, ҳеч қаерда ишламайдиган бу кишининг ёнидан 44 килодан ортиқ наша топилган.

Йилнинг ўтган муддатида Тожикистонда ноқонуний гиёҳванд модда савдоси билан шуғулланган 40 нафардан ортиқ чет эллик қўлга олинган.

Лекин Тожикистон Президенти қошидаги наркотик моддалар назоратига оид агент-лик маълумотларига кўра қўлга олинаётганларнинг асосий кўпчилигини Тожикистон фуқаролари ташкил этади.

Кузатувчилар бунинг сабабини мамлакатда ишсизлик даражасининг ҳамон пасаймаётгани ва ноқонуний наркотик савдоси уюшган кўриниш касб этганлиги билан изоҳлашади.

«Қуш учиб ўта олмас, аммо…»

Ўзбекистонлик фуқаро ноқонуний наркотик савдосида гумон этилиб қўлга олинган Суғд вилоятининг Зафаробод тумани ерлари Ўзбекистоннинг Сирдарё вилояти билан чегарадош.

Чегаранинг аксарият қисмида ўртада тортилган симтўрга кўзингиз тушади. Чегаранинг икки томонида қўлида автомат кўтарган чегарачиларни кўрган одам, бу ердан инсон тугул, қуш учиб ўтмас-ов деган хаёлга келади.

Лекин зафарободлик оддий одамлар фикрича «чегарачилар тилини топса, иш битириш мумкин.» Олтмишни қоралаб қолган зафарободлик ўқитувчининг айтишича эса « Ҳамма нарсани пул ҳал қилаётган пайтда чегарадан героин ё наша нари турсин, уран ё атом бомбасини ҳам олиб ўтиш мумкин.»

Тожикистон Президенти қошидаги гиёҳванд моддалар назорати агентлиги маълумотларига кўра йилнинг ўтган муддатида 700 нафарга яқин киши ноқонуний наркотик модда-лар савдосида айбланиб қўлга олинган. Бу кишиларнинг қирқ нафарга яқини - чет эл фуқаролари. Уларнинг асосий кўпчилиги Афғонистон, Россия ва Покистон фуқаролари-дир. Қўлга олинганлар орасида Қирғизистон,Ўзбекистон, Нигерия, Филиппин ва Саудия Арабистони фуқаролари ҳам бор.

Тожикистонга бангивор моддалар, жумладан героин қўшни Афғонистондан турли яширин йўллар билан ўтказилади.

Хўжандлик кузатувчи Алишер Саидовнинг айтишича аслида ноқонуний гиёҳванд модда савдоси билан шуғулланаётганларни у мамлакат ё бу мамлакат фуқароси деб аж-ратиш тўғри эмас:

«Ўзбекистон, Тожикистон деган гап йўқ. Бу ерда манфаатдор шахс бор. Тожикис-тон тарафда ҳам, Ўзбекистон тарафда ҳам наркотикни жўнатадиган одам бор, қабул қила-диган одам бор. Уни олиб ўтадиган одамлар бор.»

Йилнинг ўтган ойларида Тожикистонда 2 тонна 700 килограммдан ортиқроқ бангивор модда мусодара этилган.

Мутеликка мубталолик

Image caption Гиёҳванд моддалар савдоси ва истеъмоли ошиши сабабларидан бири ишсизликдир

Мутахассислар фикрича агар бангивор модда у ташиладиган йўлдаги ерда қолиб кет-са, айнан ўша минтақада бангилар сони ортиб кетади. Чунки гиёҳванд модда ортидан бойийдиган одамлар моллари кўзланган манзилга ўтказилмай қолганда уни сотишнинг бошқача йўлларини излашади.

Шимолий Тожикистонда бундан уч-тўт йил олдин гиёҳвандлар сони ортиб кетиши-нинг сабабларидан бири сифатида айнан шундай йўл тутиш келтирилганди.

Жорий йилда гиёҳванд сифатида рўйхатга олинганлар сони йигирма фоиз камай-ган. Бошқача айтганда, 1273 нафардан 1001 нафарга тушган.

Тожикистон Президенти қошидаги наркотик моддалар назорати агентлигининг Суғд вилояти бош нозири Жаъфархон Иcҳоқийнинг айтишича гиёҳвандлар сонининг камаяётганлигида мазкур агентлик хизмати ҳам бор. Жумладан, кейинги пайтларда Бир-лашган Миллатлар томонидан етказиб берилган замонавий техника ёрдамида бангивор модда истеъмол этиш зарарларини тушунтириш самараси кучайган.

Лекин гиёҳвандликка қарши курашнинг бундан-да самарали бўлиши учун кучларни бирлаштириш зарур дея ҳисоблайди Исҳоқий жаноблари: «Бир вақтлар хато йўлга кириб, ҳозирги пайтда бундан қутула олмаётган кишилар бор. Чунки биз бангиворликнинг мутеликка мубтало этадиган беморлик эканлигини била-миз. Беморларни бу мутелик занжиридан халос этиш учун ҳукумат ва ноҳукумат таш-килотларнинг биргаликда иш кўришлари зарур дея ҳисоблайман».

Айни бир пайтда ёшларнинг ўзлари гиёҳвандликка юз ўгирмасликнинг яна бир муҳим омили бор деб ҳисоблашади.

Хужанд Давлат дорулфунуни талабаси Низомиддин Жабборовнинг айтишича ҳақиқий исломни таниётган ёшлар ҳеч қачон бангивор модда истеъмол қилмайдилар ва бу зарарли моддани сотиш орқали пул топиш йўлига кирмайдилар.

Суғд вилояти СПИДга қарши кураши маркази маълумотларига кўра Шимолий Тожикистонда 530 нафар кишининг ВИЧга чалингани аниқланган.

Ҳали ҳозиргача ОИТС кўпроқ игна орқали ўтмоқда. Марказ маълумотларига кўра 220 киши ёки ВИЧга чалинганларнинг 40 фоиздан ортиғи игна орқали касаллик юқтирган. Уларнинг асосий қисми гиёҳвандлар эканлиги таъкидланган.

Журналист Алишер Толибнинг фикрича ёшлар орасида ишсизликнинг кўплиги фақат гиёҳвандлар сонини орттирибгина қолмасдан, балки наркотик моддалар савдосига ҳам бошлаши мумкин.

«Кузатишларга қараганда кўп ҳолларда одамлар ишсизлик боис гиёҳванд моддалар савдосига қўл уришади. Ишсиз қолган одам оиласини таъминлаш учун бирон ердан даромад қила олмаганидан сўнг, билиб-билмай қонун бузишга мажбур бўлади», дейди Алишер Толиб.

Балиқ бошиданми?

Image caption Исми жисмига монанд ташкилотми?..

Олдинги йиллар наркотик моддалар ташишда кўпроқ аёллар хизматидан фойдаланилган бўлса, кейинги йилларда бу иш билан асосан эркаклар шуғулланишмоқда. Рас-мий маълумотларга қараганда Шимолий Тожикистонда ноқонуний наркотик модда савдосида айбланиб жиноий жавобгарликка тортилган 200 нафардан ортиқ кишининг 90 фоизга яқини эркаклар .

Кузатувчи Алишер Саидов фикрича ноқонуний наркотик савдосига барҳам берилма-ётганининг сабабларидан бири бу савдонинг уюшган кўриниш касб этганидир:

«Юз грамм, ана боринг бир кило наркотик билан қўлга тушиш мумкин, Лекин юз кило-икки юз кило, катта миқдордаги наркотик билан қўлга олинадиган ҳоллар камдан-кам. Чунки наркотик савдоси уюшган кўриниш касб этган. Бангивор модда савдоси билан шуғулланадиган гуруҳ орасида уларни қўллаб-қувватлаб, ҳимоя қиладиган салоҳиятли одамлар бор.»

Кузатувчиларнинг айтишларича бундай одамлар айрим раҳбарлик мақомотларида ҳам, аслида ноқонуний наркотик савдосига қарши курашиши зарур бўлган ҳуқуқ-тартибот мақомотларида ҳам бор.