Собиқ қирғиз президенти Қурманбек Бакиевнинг жияни 10 йилга кесилди

Image caption Собиқ қирғиз президентининг жияни 10 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилган

Бугун Бишкек Ҳарбий маҳкамаси Қирғизистон собиқ президенти Қурманбек Бакиевнинг жияни Санжар Бакиевни 10 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилган.

Санжар Бакиев билан бирга маҳкамага тортилган яна бир айбланувчи 8 йил, қолган уч нафар судланувчи эса, 3 йиллик шартли қамоқ жазоларига ҳукм этилишган.

Улар шу йилнинг май ойида жанубий Жалол-Обод вилоятида оммавий тартибсизликлар уюштириш, қотиллик ва вилоят ҳокимиятига ҳужум қилишда айбланишганди.

Аммо “Хақиқат йўли” нодавлат ташкилоти раисаси Бувайша Арстанбекованинг айтишича, айбланувчиларга қўйилган айбловлар маҳкама жараёнида буткул далил-исботини топмаган.

Лекин “Айбдорларнинг қийноқлар остида берган иқрорликларини бекор қиламиз ва уларнинг жиноий ишларини холис қараб чиқамиз,” деган маҳкама бугун худди ўша қийноқлар остида тўлдирилган тергов ҳужжатлари асосида адолатсиз ҳукм чиқарди, дейди Арстанбекова хоним.

Бугунги маҳкама жараёнида айбланувчилар ҳам ҳибсда эканликлари чоғида қийноқларга солинганликларини айтишган.

Бундан аввал маҳаллий инсон ҳуқуқлари фаоллари ҳам худди шундай баёнотлар билан чиқишганди.

Тўрттовлон шу йилнинг июн ва июл ойларида ҳибсга олинишган.

Бугунги маҳкама ҳукми 10 кундан кейин кучга киради.

Бу вақт оралиғида судланувчилар Олий маҳкамага шикоят аризаси билан чиқишга ҳақлилар.

Улар жорий пайтда Қирғизистон Хавфсизлик хизмати тергов қамоқхонасида сақланишмоқда.

Уч йиллик шартли қамоқ жазоларига ҳукм этилган айбланувчилар эса, яна 10 кундан сўнг озодликка чиқарилади.

Оқловчилар ва жамоатчилик вакилларининг айтишларича, маҳкама жараёнлари қонун-қоидаларга мос равишда ва холис ўтказилган.

Аввалроқ Қирғизистон Бош прокуратураси собиқ президентнинг қидирувда бўлган укаси Жаниш Бакиевга ҳам сиртдан айблов эълон қилганди.

Президент Хавфсизлик хизматининг раҳбари бўлган Жаниш Бакиев 2005 йил майида қирғиз миллий банкининг Жалолобод шўъбасидан ярим миллион доллардан кўпроқ маблағнинг ўғирланишига алоқадорликда айбланмоқда.

Қирғиз расмийлари Қурманбек Бакиев ва яқинлари июн ойида юзлаб, асосан ўзбекларнинг ўлимига олиб келган этник тўқнашувлар ортида турганини ҳам даъво қилишганди

Яқинда Қирғизистон прокуратураси собиқ президентни 2002 йил Ақсидаги тинч намойишни ўққа тутишда сиртдан айблаганди.

Қурманбек Бакиевнинг Беларусдан бошпана топгани айтилади.