'Азимжон Асқаров ва у билан маҳкамага тортилганлар калтакланишган'

Азимжон Асқаров
Image caption Азимжон Асқаров июн ойидаги зўравонликларда қўл борликда айбланиб, бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм қилинганди

Қатор инсон ҳуқуқлари гуруҳлари тарқатган хабарларга кўра, Қирғизистон жанубидаги бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм этилган таниқли ўзбек инсон ҳуқуқлари фаоли Азимжон Асқаров ва яна етти кишининг шикоят аризаларини кўриб чиқаётган аппеляцион маҳкама жараёнида судланувчилар калтакланганлар.

Даъво қилинишича, ўтган пайшанба куни маҳкамага келтирилган пайт айбланувчиларнинг таналарида калтак изларини кўриш мумкин бўлган.

Биз Қирғизистондаги қатор маҳкамаларни кузатиб келаётган Ҳюман Райтс Уотч ташкилотининг Марказий Осиё бўлинмасидан Оле Солванг билан боғланиб, Азимжон Асқаров ва билан бирга маҳкамадагиларнинг бу галги калтакланиши ҳақида қандай тафсилотлар маълум эканлигини сўрадик:

Оле Солванг: Биз ушбу маҳкама жараёнида ҳозир бўлган бир қатор шахслар билан суҳбатлашишга муваффақ бўлдик. Уларнинг айтишларича, айбланувчилар маҳкама биносидан олиб чиқилаётган вақти уларга ҳужум қилиб калтаклай бошлаганлар. Улардан бири, ҳатто, қонли жароҳат олган. Гувоҳларга кўра, қамоқхона машинасига олиб борилгунга қадар уларни, шунингдек, полиция ходимлари уриб-тепиб боришган.

Би-би-си: Лекин, баъзи инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш гуруҳлари Азимжон Асқаров ва у билан бирга маҳкамага тортилганлар ўша куни маҳкамага олиб келинган вақтлариёқ калтакланган бўлганлари, баъзилари ҳатто машинадан тушиб, ўзлари юролмай қолганлари ҳақида хабар беришмоқда. Бу хабарлар асослими?

Оле Солванг: Биз бу хабарларни ҳам ўрганмоқдамиз. Бу каби ҳолатлар авваллари ҳам рўй берганди, лекин ҳар доим ҳам нималар рўй берганлигини тўла аниқлашнинг имкони йўқ. Муаммо шундаки, айбланувчилар ошкорона тергов мобайнидаги қонунбузарликлар ва тазйиқлар ҳақида гапиришдан жуда қўрқадилар. Аввалги маҳкама жараёнларида биз ўзимиз айбланувчиларда калтак ва қийноқлар белгилари борлигини кўрганмиз. Лекин, шунда ҳам улар бу ҳақда гапиришдан қўрққанлар. Бироқ, охирги икки маҳкама жараёнида, ҳимоячиларнинг айтишларича, улар ўзларига нисбатан ноқонуний муносабат бўлганлиги ҳақида бир оз бўлса ҳам гапира бошлаганлар.

Би-би-си: Улар нималар ҳақида айтишибди?

Оле Солванг: Уларнинг айтишларича, қўйилган айбловларга иқрор бўлиш ва бир-бирларига қарши кўрсатма беришга мажбурланганлар.

Би-би-си: Ўтган ҳафта маҳкамадан олиб чиқилаётган вақти айбланувчиларни ким калтаклай бошлаган?

Оле Солванг: Жабрланувчиларнинг яқинлари ҳужум қилиб калтаклай бошлаганлар. Мана шу ҳолатга қирғиз расмийлари алоҳида эътибор беришлари лозим ва бу амалларга қўл урганларни полиция ходимларими ва ё бошқаларми, бундан қатъий назар жавобгарликка тортишлари лозим.

Би-би-си: Бу каби ҳолатлар ҳақида маҳкамаларни кузатиб келаётган халқаро ташкилотлар бир неча бор ўз хавотирларини изҳор этганлар. Лекин, шунга қарамай, бу давом этмоқда, бу нимадан далолат беради?

Оле Солванг: Афсуски, сиз ҳақсиз, биз бу ҳолатларга кўплаб маҳкамаларда гувоҳ бўлиб келмоқдмиз. Маҳкамалар мобайнида хавфсизлик таъминланмагани катта муаммо бўлиб келмоқда. Жабрланувчиларнинг яқинлари айбланувчилар, уларнинг ҳамоячиларига ҳужум қилишмоқда. Октябр ойида рўй берган ўта жиддий бундай ҳодисалардан сўнг, расмийлар баъзи чораларни қўллаётгандек. Маҳкама жараёнидаги полиция ходимлари сонини кўпайтирдилар, лекин охирги ҳодиса шуни кўрсатиб турибдики, бу чоралар етарли эмас. Расмийлар айбланувчилар дохил ҳамманинг хавфсизлиги таъминлаши учун қўшимча чоралар жорий этишлари лозим.

Би-би-си: Азимжон Асқаров ва у билан бирга маҳкамага тортилганларнинг шу кеча-кундуздаги аҳволлари ҳақида бирон нарса маълумми?

Оле Солванг: Биз айбланувчиларнинг биронтаси ё-да, уларнинг ҳимоячилари билан суҳбатлаша олмадик. Умид қиламизки, расмийлар Асқаров ва шунингдек, бошқаларга ўз ҳимоячилари билан юзма-юз учрашиш имкон яратадилар. Чунки, шу вақтгача улар ўз ҳимоячилари билан ҳоли учрашиб, нималар содир бўлгани ҳақида гаплашишларига рухсат берилмаган. Шу вақтгача, расмийлар айбланувчиларга ўз ҳимоячилари билан ҳоли учрашишга беришмаяпти. Бу эса, ўз навбатида Қирғизистон жиноий процессуал қонун-қоидалари аниқ бузилишидир.

BBCUZBEK.COM таҳририяти SMS рақами +447786201124