Қозоғистонда ҳалол маҳсулотлар ишлаб чиқариш соҳаси ривожланмоқда

Asal
Image caption Ҳалол маркаси остида ишлаб чиқарилган асал...

Қозоғистонда ҳалол маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва савдоси ривожланаётгани айтилади. Ушбу маҳсулотларни ишлаб чиқарувчилар томонидан тузилган уюшма билан бугунга келиб 500 ортиқ миллий ва 30 дан ортиқ халқаро ташкилотнинг ҳамкорлик қилмоқда.

Яқиндагина пойтахт Остонада Исломда рухсат берилган таомларнинг кўргазмаси бўлган эди. Энди эса, ушбу маҳсулотларнинг айримлари Олма ота шаҳрида намойиш этилди.

Бундан беш йил олдин Исломни қабул қилгани рус миллатига мансуб Леонид Демьянов учун ҳалол маркаси остида асал ишлаб чиқариш бу шунчаки бизнес эмас. Ҳеч қандай қўшимчаларсиз тайёрланадиган ушбу асалларнинг харидори кўп.

Леонидга кўра технологияларнинг ривожланиши ортидан, сунъий йўл билан асал олиш ривожланмоқда. Аммо, бу ҳеч қачон табиий асалнинг ўрнини боса олмайди.

"Асалариларнинг ўлишига сабаб гени ўзгартирилган ўсимликларнинг қўлланишидир. Бу маҳсулот асаларининг ошқозонига бориб тушади. Асаларида иккита ошқозон бор ва биттаси асал ишлаб чиқаради. Ушбу ошқозон заҳарлана бошлайди. Асалари учиб юриши мумкин, аммо ошқозон ишдан чиққани учун асал қила олмайди, ва натижада ўлади", - дея қўшимча қилади Леонид Демьянов.

"Асан" брэнди остида чиқадиган ушбу асалларнинг харидори кўп. Олувчилар унинг тоза ва арзон бўлганлиги учун ҳам мақбул кўришларини айтади.

Image caption Исломни қабул қилгани рус миллатига мансуб Леонид Демьянов учун ҳалол маркаси остида асал ишлаб чиқариш шунчаки бизнес эмас

- Чунки, бу асалнинг таъми машҳур. Биз Меркега дам олишга борсак ҳар доим сотиб оламиз. Чунки, бу асал табиий. Ўзимиз синаб кўрганмиз. Нархлари ҳам баланд эмас, - дейди олма оталик аёл.

Олма ота шаҳрида озиқ-овқат саноати кўргазмаси ҳар йили ўтказилади. Аммо бу йилги кўргазманинг олдингиларгидан фарқи шунда бўлдики, унда ҳалол маҳсулотлар ҳам иштирок этди.

Муҳаммад Ризо ўз компанияси билан Қозоғистон бозорига энди кириб келмоқда. Асосан кофе, қуруқ школад, лағмон товуқ, ва мол гўшти таъмини берувчи кукунлар билан савдо қиладиган ушбу компания Қозоғистон бозорида мувафаққият қозонишига ишонади. Бу компания маҳсулотларининг ҳалоллигидан яна бошқа фарқлари, сифати олийлигида ҳамдир.

- Бошқа маҳсулотлардан фарқи шундаки, барчаси ҳалол маркаси остида чиқади. Иккинчи жиҳати эса сифатида. Чунки, биз энг сифатли нарсалардан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқарамиз. Иккинчи даражали ва шубҳали нарсаларни ишлатмаймиз,- дейди Муҳаммад Ризо.

Австрияда жойлашган яна бир компания колбаса маҳсулотлари учун қўшимчалар ишлаб чиқаради. Эътиборга молик томони шундаки, бу компания бошида мусулмонлар турмаса - да, ушбу бозорга кириш учун ҳалол маркаси остида ҳам товарлар етиштиради. Ушбу маҳсулотда умуман ҳайвон ёғлари ишлатилмаган.

Ўзбекистонлик Дилнозанинг Қозоғистонга келганига 3 йил бўлган. Дилноза Исломда рухсат берилган таомларни истеъмол қилиш мусулмон учун муҳим амаллардан эканлигини айтади.

"Ҳалол маҳсулотлар истеъмол қилиш биз учун ўта муҳим. Ва Қозоғистонда мусулмонларнинг сони ортиб бораётганини пайқаш қийин эмас. Шунинг учун ҳам, бу ерда ҳалол маҳсулотлар янада кўпайишига умид қиламан",- дейди Дилноза.

Image caption Қозоғистонда ҳалол маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва савдоси ривожланмоқда

Қозоғистонда ҳалол маҳсулот ишлаб чиқарувчиларнинг уюшмаси тузилганига энди беш йил бўлди ва бу вақт давомида 500 ортиқ ташкилот унга аъзо бўлди. Ҳалол маҳсулотларга бўлган талабнинг тез суръатларга ортиб бораётганини Қозоғистон Ҳалол индустрия уюшмаси директор ўринбосари Алмагул Абилдинова қуйидагича изоҳлайди.

"Ҳалол маҳсулот деганда нафақат чўчқа гўшти қўшилмаган озиқ-овқат тушунилади. Бу экологик тоза, алкогол қўшилмаган ва гени ўзгартирилмаган маҳсулотлардир", - дейди Алмагул Абилдинова.

Шунинг учун ҳам, ҳалол маркаси остидан чиқаётган маҳсулотлар нафақат мусулмонлар орасида, балки бошқаларнинг ҳам ишончига сазовор бўлаётгани айтилади.

Бунинг ортидан эса, Қозоғистонга хориждан ҳалол маркаси остидаги маҳсулотлар кириб келиши ҳам кўпаймоқда. Ҳалол маркаси остида савдо қилиш шунчаки эҳтиёжга эмас, балки катта бизнесга айланаётганини ва бунинг ортидан компания ва давлатлар мўмай даромад олаётгани айтилмоқда.

Бундан сал олдин пойтахт Остона шаҳрида ҳалол индустрия кўргазмаси дабдаба билан илк бор ўтказилган эди. Ташкилотчиларга кўра, унда чўчқа ёғидан олинадиган желатин қўшилгани учун шубҳали бўлган сақичларнинг фақат ўсимлик ёғидан тайёрланган муқобиллари ҳам иштирок этган. Алмагул Абилдинова бундай кўргазмани ҳар йили ўтказиш режалаштирилганини айтади.

Озгур Капанўғлининг компанияси асосан ҳалол гўшт маҳсулотлари ва зайтун ёғи ишлаб чиқаради. Ушбу Компания Қозоғистонга энди кириб келмоқда. Аммо, кучли рақобатга бардош бериб мувафаққият қозонишига компания раҳбарлари ишонади.

Image caption Муҳаммад Ризо: Биз иккинчи даражали ва шубҳали нарсаларни ишлатмаймиз

Кузатувчилар бундай эътибор ва ривожланишда Қозоғистон Малайзия сингари ҳалол махсулотлар етказиш бўйича минтақада етакчига айланиши мумкин дейишади.