Ер босиб олганлар ўзларига қонуний ер ажратилишига эришмоқчилар

Ўш шаҳри четидаги фермерлик ери(Би-би-си мухбири Рустам Қобил 2009 йил кузида тасвирга олган сурат)

Ўш вилояти Қорасув туманидаги деҳқончилик ерларини тортиб олганлар ўзларига қонуний равишда уй-жой қуришлари учун ер ажратилишига эришиш мақсадида штаб тузишга қарор қилганлар.

Штаб тузиш қарорига Ўш вилояти мулозимлари билан музокаралардан кейин келинган.

Бу штаб аъзолари уй-жойга муҳтож кишиларнинг рўйхатини тузишни бошлаганларини, рўйхат бошига шу йил июн ҳодисаларида ҳалок бўлганларнинг оилаларини қўйишларини айтишаяпти.

Улар ўзларининг талабларини расмийларга тақдим этмоқчи эканлари, агар талаблари бажарилмаса, норозилик амалиётларига қўл уришлари ҳақида огоҳлантирганлар.

Ўш вилояти расмийларига кўра, 7 ноябр куни минг нафарча қирғиз миллатига мансуб кишилар Қорасув туманидаги бир неча ўзбек қишлоқлари аҳлига тегишли бўлган деҳқончилик ерларини тортиб олишни бошлаганлар.

Гувоҳларга кўра, ер босиб олувчилар далаларда экин ҳосиллари бўлишига қарамасдан, экинларни пайҳон қилиб, уй-жой қуриш учун ер бўлиб олишни бошлаганлар, ер ўзларига тегишли эканини намойиш этиш мақсадида июн ойида ҳалок бўлган яқинларининг суратларини осиб қўйишган.

Айрим хабарларда мингтача, айрим хабарларда эса бир неча минг киши деб айтилган асосан қирғиз миллатига мансуб кишилар Ўш шаҳрига яқин дала майдонларини 8 ноябр куни ҳам босиб олишни давом эттирганлар.

Хабарларга кўра, бу кишилар кўп йиллардан буён Ўш шаҳрида яшашлари, ўзларининг уй-жойлари йўқлиги, айримлари эса шу йилги июн ойидаги ҳодисалар пайти уйлари куйиб кетганини айтишган, шу ердан ўзларига уй-жой қуриб олмоқчи эканларини билдиришган.

Бир кун илгари бу одамлар билан Ўш вилояти раҳбарлари учрашганлар, уларнинг ҳаракатлари ноқонунийлигини тушунтиришга ҳаракат қилганлар.

Ўш атрофида ерни босиб олаётганлар расмийлардан норози

Аммо 8 ноябр куни ҳам эрталабдан одамлар ҳали экинлари бор деҳқончилик ерлари тақсимланиб олинаётганининг гувоҳи бўлганлар.

Ўш вилоят раҳбарлари бугун ерни босиб олаётганларга бу амалларини тўхтатишлари учун икки соат муҳлат беришган, кейин полиция махсус кучлари ерни босиб олаётганлардан 30 кишини ҳибсга олгани ҳақида хабар қилди.

Гувоҳлар полиция ер босиб олганларни тарқатаётганда кўпчилик ўз ихтиёри билан далаларни тарк этгани ҳақида айтишади, аммо айримлар Ўш шаҳри билан Ўш аэропортини боғлайдиган йўлни тўсиб олганлар, бирмунча вақт траноспорт қатнови тўхтаган.

Расмийлар Қорасув туман прокуратурасидан айтишларича, ҳуқуқ-тартибот органларига ер босиб олганларнинг фермерлик ерларида уй қуришни бошламасликлари учун қурилиш материаллари ортилган автомобилларни ўтказмаслик буйруғи берилган.