Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Азимжон Асқаров: мен жарроҳ кўригига муҳтожман

Image caption Азимжон Асқаров ҳибсга олинганидан буён унга нисбатан бўлаётган ноинсоний муносабатлар ҳақида бонг уриб келинаяпти, аммо буларни Қирғиз расмийлари эътиборга олаётганлари йўқ

Бозорқўрғондаги муваққат ҳибсхонадан нома чиқарган қирғизистонлик таниқли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Азимжон Асқаров ўзининг соғлигини текшириш учун жарроҳ киргизишни сўраган.

Бу ҳақда Азимжон Асқаров яқинлари маълум қилишган.

Қариндошлари Азимжон Асқаров ҳамда у билан бирга маҳкамага тортилган инсонларнинг шикоят аппеляцияси кўриб чиқилган маҳкамадан кейин унга озиқ-овқат топширишган пайтида Асқаров эмас, бошқа инсон дастхати билан озиқ-овқат олингани ҳақида жавоб хати чиққанидан ҳам хавотирга тушганлар.

Бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм этилган таниқли ўзбек инсон ҳуқуқлари фаоли Азимжон Асқаров ва яна етти кишининг шикоят аризаларини кўриб чиқаётган аппеляцион маҳкама жараёнида судланувчилар калтакланганлар.

Яқинлари ўтган пайшанба куни маҳкамага келтирилган пайт айбланувчиларни қўриқчилар калтаклаганини кўрганларини айтганлар.

Жалолобод вилояти Ноокен тумани Маси қишлоғида 15 сентябр куни ўтган маҳкамада ҳакам Асқаровга бир умрлик қамоқ жазоси белгилаган ва мол-мулкини мусодара қилишга оид қарор чиқарган.

Азимжон Асқаровни Қирғиз расмийлари оммавий тартибсизликларда иштирок этиш ҳамда ҳукумат расмийларига бўйсунмасликка чақириш ва зўравонлик қўллаш орқали миллатлараро адоватни келтириб чиқаришда айблашди.

Қирғизистон жанубида июн ойида қирғиз ва ўзбек жамоалари ўртасида юз берган зўравонликларда аксари ўзбеклардан иборат юзлаб инсон нобуд бўлгани ва 400 минг киши бошпанасиз қолгани айтилади.

Этник ўзбек бўлган Азимжон Асқаровга чиқарилган ҳукм ҳукумат зўравонликларни келтириб чиқаришда фақат ўзбеклар жавобгарликка тортаётгани борасидаги янги қўрқувларга сабаб бўлган.

Қатор халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари Азимжон Асқаров ва у билан бирга маҳкамга тортилганларнинг дастлабки тергов пайтида қийноқларга тутилгани эътироф этилганини хабар қилишган, улар устидан маҳкама жараёнларининг мамлакат қонунчилигига зид ўтганини қоралашган.

Би-би-си Азимжон Асқаров зудлик билан шифокор кўригидан ўтиши ҳақидаги хабарлар ҳақида унинг қариндоши Турдихон Асқарова билан суҳбатлашди.