Роза Ўтинбоева: АҚШ базасига ёнилғи таъминотидан Қирғизистонга наф бўлмаяпти

Маҳаллий радио билан суҳбатида Қирғизистон Президенти Роза Ўтинбоева Бишкекдаги АҚШ Транзит марказини ёнилғи билан таъминлаш тартибини танқид қилди.

Қирғизистон раҳбари Америка базасига ёнилғи етказаётган оффшор бизнес ширкатлари фаолиятига чек қўйиш истагини билдирган.

Ўтинбоева хоним сўзларига кўра, Қирғизистондаги АҚШ Транзит марказига ёнилғи таъминлашдан кўплаб оффшор компаниялари фойда кўрмоқда, республиканинг ўзига эса бу бизнесдан наф бўлаётгани йўқ.

Қирғиз радиоси билан интервьюсида Президент Ўтинбоева Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлигининг олдинроқ эълон қилган баёнотини шарҳлаган.

Ташқи ишлар вазирлиги АҚШ ҳукумати билан Mina Corp ширкати ўртасидаги Транзит марказини ёнилғи билан таъминлашни кўзда тутувчи шартномани қайта кўриб чиқишга чақирган.

Баёнотда Қирғизистон прокуратураси ўзининг терговини ниҳоясига етказгунича Mina Corp билан ҳамкорликни тўхтатиб туриш сўралган.

"Ўзингиз тушуниб турганингиздек, бу Транзит марказидаги кўплаб Америка учоқларига ёнилғи етказиб бериш катта бизнес. Ва бу бизнесдан фақат оффшор ширкатларигина даромад кўраяпти. Қирғизистонга, бизнинг бюджетимизга пул тушмайди. Келадиган бўлса ҳам жуда оз миқдорда. Маблағлар асосан оффшорга, бошқача айтганда, фақат ҳавода мавжуд, бизнинг мамлакатимизга алоқаси йўқ виртуал компанияларга кетаяпти", деб айтган Роза Ўтинбоева.

"Биз ўйлаймизки, бу турдаги ноқонуний бизнес Қирғизистонда юз бераётган экан ва Қирғиз ҳукумати бюджетига зарур тушумлар тушмаётган экан, биз бундай бизнеснинг бу ерда фаолият юритишига қаршимиз. Биз ўз баёнотимизда бунга қарши эканлигимизни изҳор этдик", деб айтган Қирғизистон раҳбари.

Америка матбуотига кўра, ноябр ойи бошида Пентагон авиаёнилғи таъминлаш борасида Mina Corp ширкати билан янги битим имзолаган.

Mina Corp компаниясининг ўзи ҳақида маълумотларни тақдим этишдан воз кечаётган сирли, бироқ Америка ҳарбийларининг ишончли алоқаларга эга ширкат экани айтилган.

Америка матбуоти АҚШ парламенти комиссияси ширкат фаолиятини текширганини, бироқ қонун бузилиши ҳолларини аниқламагани ҳақида ёзган.

Қирғизистоннинг апрел ойидан кейин қудратга келган ҳукумати Бишкекдаги "Манас" аэропорти ҳудудида жойлашган АҚШ Транзит марказини ёнилғи билан таъминлаш битимлари ноқонуний бўлгани, мамлакатнинг собиқ президентлари Асқар Акаев ва Қурманбек Бакиев яқинлари билан ҳамкорлик қилинганини танқид қилган.

Даставвал "Манас" деб аталган ҳарбий база АҚШ ва иттифоқчиларининг Афғонистондаги аксилтеррор амалиётларини дастаклаш мақсадида 2001 йилда ташкил этилган эди.

2009 йилда собиқ президент Қурманбек Бакиев Америка томони ҳарбий база учун кам маблағ тўлаётгани важи билан уни ёпиш ҳақидаги парламент қарорини чиқаришга эришган, бироқ ярим йиллик музокаралардан кейин ҳарбий база номини Транзит марказига ўзгартирилгани ҳақидаги келишувга эришган эди.