Туркманистон Марказий Осиёдаги энг йирик Олимпия комплексини қурмоқчи

Дунёнинг кўплаб давлатлари глобал молиявий инқироз сабаб, "кўрпаларига қараб оёқ узатаётган" бир пайтда Туркманистон Осиё Ўйинлари каби йирик халқаро спорт мусобақаларига мезбонлик қилиш учун Марказий Осиёдаги энг катта Олимпия мажмуасини қуришга киришган.

5 миллиард долларга тушиши айтилаётган янги лойиҳа ташаббуси билан Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов чиққан.

Янги спорт мажмуасини қуриш ишлари уч босқичдан иборат бўлади ва Туркиянинг Polimeks İnşaat ширкати томонидан амалга оширилади.

Бу ҳақда Туркиянинг инглиз тилида чоп этилувчи Today's Zaman газети хабар берган.

Айни шу муносабат билан пойтахт Ашхободда бўлиб ўтган махсус маросимда сўзга чиққан туркман раҳбари маданий ва спорт иншоотларини қуриш билан Туркманистонда буюк ўзгаришлар қилиш истагида эканини айтган.

Президент Бердимуҳаммедовнинг урғулашича, улкан Олимпия спорт комплекси, "Туркманистон ва Марказий Осиёнинг фахрига айланади".

Туркман раҳбари янги мажмуа маҳаллий спортчилар орасидан халқаро миқёсдаги юлдузларни тарбиялаб чиқариш йўлидаги муҳим қадам эканини ҳам айтган.

Ҳозир лойиҳанинг қарийб 2 миллиард долларга тушувчи биринчи қисмини қуриш ишларига киришилган.

Туркия қурилиш ширкати мутасаддиларига кўра, Олимпия спорт комплекси 2016 йилгача қуриб битказилади ва Туркманистон бемалол 2017 йилги Осиё Ўйинларига мезбонлик қилишга даъво қила олади.

Туркиялик қурувчиларнинг айтишларича, янги мажмуа Ашхобод марказида қад ростлайди ва шаҳарнинг архитектурасига мос кўринишда барпо этилади.

Уларга кўра, ҳали бунақанги муҳташам Олимпия мажмуаси бирор бир Марказий Осиё давлатида қурилмаган.

Билдирилишича, комплекс таркибига кирувчи Олимпия стадиони Халқаро Спортчилар Федерацияси, Халқаро Футбол Федерацияси ва Халқаро Олимпия Қўмитаси мезонлари асосида қурилади. Ва 60.000 кишига мўлжалланган бўлади.

Бутун мажмуанинг ўзи эса, бир ярим миллион квадрат чақиримга яқин жойни эгаллайди.

Стадиондан ташқари, 15.000 кишига мўлжалланган гимнастика зали, теннис кортлари, чўмилиш ҳавзалари, бир неча юз ўринли меҳмонхона, ногирон спортчилар учун махсус мажмуа ҳам қурилиши айтилади.

Мавжуд спорт мажмуалари халқаро талабларга жавоб бера олмагани учун ҳали бирор бир Марказий Осиё давлати Осиё Ўйинларига мезбонлик қила олган эмас.

Ўз ўрнида Туркманистонга виза олишнинг қанчалик қийинлигини назарда тутган кўплаб кузатувчилар орасида Туркманистоннинг бу каби амбицияларини савол остига олаётганлари ҳам анчагина.

Аммо бу - биринчиси эмас!

Туркманистон бундан аввал ҳам ўзининг оламшумул қурилиш лойиҳалари билан тилга тушган.

Дейлик, марҳум Туркманбоши Сапармурот Ниёзовнинг жазирама иссиқ Туркманистонда минг кишига мўлжалланган муз саройи қуриш таклифи анчагина шов-шувларга сабаб бўлганди.

Туркманистонда, шунингдек, дунёдаги энг йирик масжидлардан бири ҳам қад ростлаган.

Туркманистонда минглаб чақирим узоқликдан келтирилувчи сув эвазига саҳрода барпо этилиши режаланган янги кўл лойиҳаси ҳам поёнига етиб қолган.

"Олтин аср" деб номланувчи янги кўл лойиҳаси дунёдаги энг йирик ва осмонўпарларидан биридир. Унинг қиймати озмунча эмас - 20 миллиард долларга тенг бўлиши мумкин.

Гурбангули Бердимуҳаммедов 2007 йилда Каспий денгизи соҳилида мамлакатнинг асосий сайёҳлик масканини бунёд этишга 1 миллиард доллар маблағ сарфлаш ва бунга қўшимча хориж сармояларини жалб этиш режасини ҳам эълон қилганди.

Туркманистон дунёдаги энг йирик газ ва нефть захираларига эга давлатлардан бири сифатида кўрилади.

Туркман раҳбарияти улкан қурилиш лойиҳаларига миллиардлаб доллар маблағ сарфлаётган бир пайтда, маҳаллий кузатувчилар эса, Туркманистонда ишсизлик чуқур илдиз отгани, озиқ-овқатлар нархларининг қимматлиги, аҳолининг олаётган маоши оз экани боис, ҳаёт кечиришнинг қийинлиги ҳақида кўп гапиришади.