Тожикистон: беқарор Раштдаги амалиётлар деярли поёнига етди

Тожикистонлик хавфсизлик мулозимларининг айтишларича, беқарор шарқий Рашт водийсидаги ноқонуний қуролли гуруҳларни буткул янчиб ташлашларига бир баҳя қолган, холос.

Тожикистон Миллий Хавфсизлик қўмитаси раҳбариятига кўра, минтақа ҳозирга келиб жангарилардан деярли буткул тозаланган. Ҳудуд назорати эса, буткул ўз ихтиёрларига ўтган.

Аммо Рашт водийси билан алоқа буткул узиб қўйилгани боис ҳақиқий вазиятни билиш қийин. Журналистларнинг ҳам у ерга боришлари тақиқланган.

Шу йилнинг 19 сентябр куни Камароб дарасида ҳукумат ҳарбийлари карвонига қарши уюштирилган ҳужум ортидан Тожикистон хавфсизлик кучлари жангариларга қарши кенг кўламли ҳарбий амалиётга қўл уришганди.

Ўттизга яқин аскарнинг ўлдирилишига жавобан уюштирилган ва катта сондаги ҳарбийлар жалб этилган амалиётлар қарийб икки ойдан бериб давом этиб келади.

Ҳукумат кучлари бу орада 40 дан ортиқ ҳарбийларини бой берганликларини айтишади.

Аммо уларга кўра, ҳарбий амалиётлари чоғида ўнлаб жангариларни ўлдириб, ҳибсга олишга ҳам муваффақ бўлишган.

Биз сўнгги хабар тафсилотларини билиш учун Тожикистондан журналист Искандар Фируз билан боғландик:

Искандар Фируз: Тожикистон Миллий Хавфсизлик қўмитаси раҳбарининг сўзларига кўра, бор-йўғи 5-6 та жангари омон қолган. Улар ҳозир қуршаб олинган ва тез орада яксон этилишади. Жаноб Якимовга кўра, катта сондаги жангарилар ҳукуматга таслим бўлишган, қолганлари эса, ўлдирилган. Тожикистон президенти Имомали Раҳмон яқинда Афғонистонга қилган сафари чоғида Раштдаги жангарилар орасида бирор бир хорижлик йўқлиги, уларнинг барчаси собиқ Шўро давлатлари фуқаролари эканлигини айтганди.

Би-би-си: Раштдаги амалиётларга катта сондаги ҳарбийларнинг жалб этилганликлари айтилганди. Амалиётлар деярли якунлангани айтиларкан, уларнинг ортга сафарбарликлари нима бўлмоқда?

Искандар Фируз: Бизнинг қўлимизда бўлган маълумотларга кўра, Раштдаги ҳарбий амалиётларга жалб этилган аскарлар босқичма-босқич олиб чиқилиб, доимий хизмат манзилларига қайтарилмоқда. Яна мисол ўлароқ шуни айтишим мумкинки, Тожикистон ҳарбий олий ўқув юрти курсантлари ҳам Раштдаги ҳарбий амалиётларга жалб этилишганди. Дейлик, ўтган ҳафта уларнинг ҳаммаси ортга қайтарилиб, ҳозир яна ўз таҳсилларини бошлаб юборишган. Демоқчиманки, аскарларнинг ортга сафарбарликлари давом этмоқда.

Би-би-си: Энг сўнггида Камароб дарасида қуршаб олинганликлари айтилган икки собиқ дала қўмондонлари Мулло Абдулло ва Али Бедакийларнинг тақдирлари борасида нима маълум?

Искандар Фируз: Уларнинг ўлдирилган ёки қўлга олинганликларига оид бирор бир расмий маълумот йўқ. Аммо кеча Facebook веб саҳифасида пайдо бўлган видео лавҳада Али Бедакийни ўн нафарча жангариси билан қорли тоғ чўққиларидан бирида эканини кўриш мумкин. Уларнинг сўзларига қулоқ тутилса, Раштдаги тоғлардан Тожикистон марказидаги Зиддий қишлоғига қараб кетаётганликларини англаш мумкин. Мулло Абдулло ҳақида ҳозирча бирор бир маълумот йўқ. Лекин сўнгги видео лавҳа расмийлар бераётган кўплаб маълумотларни савол остига қўяди. Дейлик, масъуллар икки ҳафтадан бери жангариларни тоғли бир ҳудудда қуршаб олганликлари, уларнинг ҳеч қаёққа қочиб чиқолмасликларини айтиб келишади. Видео лавҳадан эса, Али Бедакий бошчилигидаги ўнга яқин жангарининг қуршовни ёриб чиққанликлари аён бўлади.

Би-би-си: Агар Али Бедакий бошчилигидаги жангарилар қўл етмас тоғли ҳудудларда бўлишса, ҳарбийларнинг уларни қўлга олиш имкониятлари қандай?

Искандар Фируз: Агар улар видео лавҳада акс этган ҳудудга қаралса, жангарилар денгиздан 4 минг чақирим баландликда бўлган юксак тоғ чўққиларида. Ҳукумат кучлари учун бу қадар баландда амалиёт олиб бориш ниҳоятда қийин бўлади. Чунки уларнинг тикучарлари жуда ҳам осонлик билан жангариларнинг нишонига айланишади. Шу сабабдан ҳам, ҳукумат кучлари уларнинг ортидаш тушиш ва йўқ қилишга имконли бўладилар, деб ўйламайман.

Би-би-си: Тожикистонлик масъуллар катта сондаги жангарилар таслим бўлишганини айтишмоқда? Уларнинг сони қанча ва ораларида таниқли дала қўмондонлари ҳам борми?

Искандар Фируз: Тожикистон Миллий Хавфсизлик қўмитаси бу борада аниқ рақамларни келтирмади. Аммо аввалроқ мамлакат Ички ишлар вазирлиги 20 га яқин жангари ҳукуматга таслим бўлганини айтганди. Кейин яна бунга қўшимча янги маълумотлар ҳам айтилди. Барчасини жамлаб айтганда, таслим бўлган жангариларнинг сони 30 нафарга яқин. Уларнинг орасида энг таниқлиси собиқ дала қўмондони Мирзохўжа Аҳмадов. Масъулларга кўра, у ҳозир Мулло Абдуллони таъқиб этишда ҳукумат кучлари билан ҳамкорликда ишламоқда.

Би-би-си: Масъулларга кўра, Раштдаги вазият ҳозир буткул ўз назоратлари остида. Амалда бунинг нишоналари қанчалик кўзга ташланади?

Искандар Фируз: Ҳақиқатда ҳам Раштдаги вазият ҳукумат назорати остида. Минтақага боришга муваффақ бўлган саноқли журналистларнинг гувоҳликлари ҳам бунга далолат қилади. Чунки ҳукумат кучлари бир гуруҳ ноқонуний қуролли гуруҳларни қуршаб олганини айтаётган Камароб дараси баланд тоғ қўйнида жойлашган. Минтақанинг қолган барча қисми ҳукумат назорати остида. Лекин шуни ҳам таъкидлаш лозимки, Рашт водийси билан алоқалар ҳануз тикланмаган.

Би-би-си: Тожикистонлик масъуллар куни-кеча таниқли собиқ дала қўмондонлари Мулло Абдулло ва Али Бедакий бошчилигидаги қуролли гуруҳ аъзоларини Камароб дарасида буткул қуршаб олганликлари, уларнинг қўлларидан қуролларини қўйиш ёки ҳалок бўлишдан бошқа чоралари қолмаганини айтишганди.

Собиқ дала қўмондонларига тегишли бу икки гуруҳ ҳар бирининг йигирматача жангаридан ташкил топгани айтилганди.

Тожик ҳукумати уларни Камаробдаги ҳужум ортида турганликда айблайди.

Аввалроқ Тожикистон Бирлашган мухолифатининг икки таниқли собиқ дала қўмондони - Мирзохўжа Аҳмадов ва Мулло Садриддин авф ва жиноий жавобгарликдан буткул халос этилиш эвазига қўлларидан қуролларини қўйишга рози бўлишгани ҳам хабар берилганди.

Камаробдаги ҳужумга масъулиятни "Ал-Қоида" тармоғи билан алоқаси борлиги айтилувчи Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ўз зиммасига олганди.

Шарқий Рашт водийси 90-йиллар бошидаги фуқаролар уруши ортидан собиқ дала қўмондонларининг асосий таянч нуқтаси бўлиб келган.

Расмий манбаларда Рашт водийсидаги ноқонуний қуролли гуруҳ аъзоларининг сони уч юздан ортиқ экани айтилади.