Қирғизистон: паспортларда миллатни 'қирғиз' дея ўзгартиришга нима сабаб бўлмоқда?

Ўзбеклар ва қирғизлар
Image caption Қирғизистон жанубида асосан икки миллат вакиллари-қирғизлар ва ўзбеклар яшашади

Қирғизистонда ўзбек ва бошқа баъзи миллий озчиликларга мансуб фуқаролар ўз паспортларини ўзгартириб, ундаги миллати кўрсатилиши керак бўлган жойига "қирғиз" деб ёздириш ҳоллари кузатилмоқда. Саксон ёшдаги Абдурашид бобо Қирғизистон жанубидаги Ўш вилояти Новқат туманида истиқомат қилади. У ҳам паспортини алмаштириб, ҳужжатида ёзилган "ўзбек" миллатини "қирғиз"га ўзгартиримоқчи эканини айтади.

Бошида дўппи кийган ушбу кекса инсоннинг ташқи кўринишидан қирғиз дея тахмин қилиш кийган. Абдурашид бобо менга оиласининг қарийб бир асрлик тарихини ҳикоя қилади.

У каби, айниқса, мамлакат жанубида истиқомат қилаётган ўзбек аҳолисининг айрим вакиллари: "Аввал бизнинг аждодларимиз қирғиз бўлишган, биз ҳам илк миллатимизни паспортга ёздириб, ҳужжатлаштиришни истаймиз",-дея расмий идораларга мурожаат қилишмоқда.

Бу ҳақда Ўз ва Новқат шаҳарлари, умуман, Қирғизистон жанубида мен билан учрашган бир неча киши айтиб берди.

Янги паспорт олиш орқали миллатини ўзгартирган одамлар ўз қарорлари сабабларини тушунтиришаркан, бунга ўтган июн ойида кечган миллий низолар сабаб бўлганини кескин рад этишади.

Улар ўзларига ҳеч ким "босим" қилмаётганини айтишади.

Ёзда бўлиб ўтган зўравонликлар ортидан ўзаро хавотир ва ҳадиклар ҳали тарқамаган, аммо жанубий ҳудудларда маҳаллий жамолар аъзолари биргаликда сулҳ маросимлари ўтказишган.

Фозилжон Охунбоев Қиргизистон шимолидаги Иссиқ-Кўл вилоятининг Қоракул шаҳрида маҳаллий жамоалардан бирига раҳбарлик қилади.

У нафақат ўзбеклар, балки баъзи уйғурлар ҳам паспортларини алмаштириб, ҳужжатларига миллатини ўзгартирганларини айтади.

Ва ўзининг бундай ҳолларга салбий муносабатини яширмайди.

Қирғизистон жанубида асосан икки миллат вакиллари-қирғизлар ва ўзбеклар яшашади.

Мен Новқат тумани Қизил-Бўстон қишлоғида истиқомат қиладиган Қўзи Қутпудиновга:"Паспортларда миллатларини ўзгартириб ёздириш ҳолларига аҳоли ўртасидаги номақбул муносабатлар сабаб бўлганми-йўқми?"-деган саволни бердим.

"Йўқ, ўзаро муносабатлар аввалгидек, яхши даражага етиб борган. Бир-биримизга яхши муносабат қиламиз. Лекин, тан олиш керак, ўзбекларнинг кайфияти аввалгидан анча ёмонлашган, пасайган", -дейди у.

Аммо, айни пайтда ҳужжатларига миллатларини ўзгартириш ҳоллари оммавий равишда кузатилаётгани ҳақида маълумот йўқ.

Ҳукумат идоралари ҳам бу ҳолларни тасдиқламади.

Расмий маълумотга биноан, айни пайтда Қирғизистонда 5 миллиондан ортиқ аҳоли яшади. Сўнгги марта аҳоли рўйхатга олинаркан, ўзбеклар сони 700 минг нафар атрофида эканлиги эълон қилинганди.

Лекин, нодавлат ташкилотлар ва мустақил мутахассилар ушбу сон аллақачон бир миллион нафарга етганини айтишади.