Бишкекда намойишчиларни ўққа тутишга ким масъул экани аниқланмоқда

Қирғизистонда ўтган апрел ойидаги аксилҳукумат намойишлари чоғида намойишчиларга ўт очиш айблари билан 30 га яқин мулозим маҳкамага тортилмоқда.

Уларнинг орасида Қирғизистоннинг қидирувга берилган собиқ президенти Қурманбек Бакиев ва унинг қариндошлари ҳам бор.

Судланувчилар одам ўлдириш мақсадида зўравонликка қўл уриш, куч ишлатиш каби қатор айбловларга юз тутмоқдалар.

Маҳкама жараёни пойтахт Бишкекдаги улкан Спорт саройида, кучли хавфсизлик чоралари остида бошланган.

Қирғиз собиқ президенти Қурманбек Бакиев бошчилигида мамлакатни тарк этишга улгурган яна олти нафар айбланувчи сиртдан маҳкамага тортилган.

Қирғизистонлик масъуллар уларни аввалроқ халқаро қидирувга ҳам беришганди.

Ўттизга яқин қолган айбланувчилар орасида собиқ қирғиз президенти котибияти бошлиғи Оксана Малеваная, ҳукумат маъмуриятининг собиқ раҳбари Қанибек Жороев, собиқ Бош прокурор ва президент маслаҳатчиси Элмурза Сотиболдиев билан бирга давлат хавфсизлик хизматининг зобитлари ҳам борликлари айтилади.

Расмий маълумотларга биноан, маҳкама жараёнида жами 500 га яқин шахс иштирок этмоқда.

Фақат жабрланувчилар, дея тан олинган фуқароларнинг сони 300дан ортиқ.

Маҳкама хавфсизлигини таъминлаш учун юзлаб ҳуқуқ-тартибот ходимлари жалб этилишган.

Дастлаб тинч бошланган маҳкама жараёни кейин зўравонликларга айланиб кетган.

7 апрелдаги қонли тўқнашувларда қурбон бўлганларнинг яқинлари айбланувчиларнинг ўлдирилишини талаб қилиб, уларнинг қариндошлари ва оқловчиларига ҳужум қилишган.

Ҳибсхонада экани пайти жарроҳлик амалиётини бошидан ўтказган Давлат Хавфсизлик хизмати раҳбарларидан Дониёр Дўнганов, "Ўлим", "Ўлим," дея қичқираётган жабрланувчиларнинг талаблари билан "Тез ёрдам" машинасида маҳкама бўлиб ўтаётган бинога етказилган.

Дониёр Дўнганов Спорт саройининг қоқ ўртасида, замбилда ётганча сўроқ берган.

Американинг Бишкекдаги элчихонаси маҳкама жараёнининг биринчи кунида юз берган зўравонликлардан чуқур хавотир билдирган.

Қирғизистон ҳарбий прокуратураси билан Миллий Хавфсизлик хизматининг собиқ юқори мартабали мулозимларидан Қуввотбек Қўжоналиев бугунги маҳкамани, "Нюренбург жараёни каби тарихий маҳкама," деб таърифлаган.

Лекин айбланувчиларнинг ўнлаб оқловчилари ушбу маҳкама жараёни кўплаб қонунбузарликлар билан ташкил этилгани ва бирорта ҳам айбланувчига қўйилган айбловлар мутлақо исбот-далилини топмаганлигини айтишмоқда.

Маҳаллий ҳуқуқшунослар ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари бугунги маҳкама жараёнига "хўжакўрсинга" уюштирилган сиёсий спектакль, дея баҳо беришмоқда.

Шу йилнинг 7 апрель куни ўзларини "тинч намойишчилар," деб номлаган минглаб қуролланган шахслар Ҳукумат уйи атрофида йиғилган ва бинога ҳужум қилишганди.

Жорий қирғиз ҳукуматига кўра, ўша пайтдаги қонли тўқнашувлар оқибатида 87 киши нобуд бўлган.