Amnesty International: 'Тожикистон шимолида Россия фуқароси қийноққа тутилмоқда'

Image caption Расмийларга кўра Хўжанддаги худкушлик ҳужумидан сўнг 10дан ортиқ киш ҳибсга олинган.

Amnesty International инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти Шимолий Тожикистонда Россия фуқаросининг милиция мулозимлари томонидан қийноққа солинаётгани борасида баёнот тарқатган.

32 ёшли Илҳом Исмонов Ўзбекистон ёки Туркистон Исломий ҳаракатига мансубликда айблаб қўлга олинган.

Илҳом Исмонов устидан маҳкама бошланган вақти у ўзининг қаттиқ қийноқларга солингани, жумладан электр токи билан қийнашгани борасида шикоят қилган.

Милициянинг уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлими ходимлари томонидан гумон остидаги шахсни қийноққа солиш ҳодисаси биринчи марта рўй бераётгани йўқ.

Жорий йил баҳорида бошқа бир Россия фуқаросининг қариндошлари мазкур бўлимда ўз яқинларининг қийноқлар натижасида оламдан ўтганидан шикоят қилишганди. Хўжанддаги "Инсон ҳуқуқлари маркази" ноҳукумат ташкилотининг билдиришича Илҳом Исмонов 3 ноябр куни Конибодомдаги уйидан бедарак кетган.

Эртаси куни унинг уйига икки киши келиб нарсаларни рўйхатга олган. Улар Илҳом Исмоновнинг турмуш ўртоғига эри уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлимида эканлигини айтишган.

Лекин ҳибсга олиш борасида маҳкама томонидан берилган санкцияда уни ҳибсга олинганидан тўққиз кундан кейинги муддат қўйлган.

Гумон этилаётган шахс адвокатининг айтишича шу кунгача у билан учрашувга ижозат берилмаган.

Маҳкамада қатнашган гувохлардан бирининг айтишича, Илҳом Исмонов ўзининг тергов давомида қийноққа солингани, жумладан, электр токи билан қийноққа тутилгани, устидан қайноқ сув қуйишганини айтган. Лекин унинг қийноқ изларини кўрсатиши борасидаги илтимоси ҳакам томонидани инобатга олинмаган.

Amnesty International гумон этилган кишини қийноққа солингани борасида Тожикистон ҳукуматини зудликда тиббий текшириш ўтказиш ва мамлакат Жиноий Прцсессуал кодекси бузилгани ҳолатларини аниқлашга чақирган.

Айни бир пайтда Суғд вилояти прокуратураси Илҳом Исмоновга нисбатан жиноий иш қўзғаб, унинг жорий йилнинг август ойида Москвада Ўзбекистон ёки Туркистон Исломий ҳаракатининг аслида Исфара шаҳридан бўлган минтақавий раҳбари билан учрашгани айтилган.

У қидирувда бўлган бу раҳбарнинг буйруқ ва кўрсатмаларини бажариш мақсадида яширин иш кўриш учун Тожикистонга келганлиги гумон қилинаётир.

Кузатувчиларнинг айтишларича, Шимолий Тожикистоннинг турли шаҳарларида ҳибсга олишлар Тожикистон Ички Ишлар вазирлигининг Хўжанддаги уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлими биноси олдидаги портлашдан сўнг бошланиб кетган.

Сентябр ойи бошларида содир этилган худкушлик ҳужуми натижасида уч нафар милиция мулозими ва худкуш ҳужумчининг ўзи ҳалок бўлганди.

Расмий маълумотларга кўра, ушбу ҳодисага алоқадорликда гумон қилиниб, шу пайтгача ўндан ортиқ киши қўлга олинган.

Ҳибсга олиш амалиётлари пайтида юз берган отишмада уч киши ҳалок бўлган.

Расмийларга кўра қўлга олинганлар ҳам, отишмалар натижасида ҳалок бўлганлар ҳам Ўзбекистон ё Туркистон Исломий Ҳаракатига мансублар сифатида кўриладилар.