Британ сиёсатчилари: умид қиламизки, Асқаровнинг ҳибсда ўлиб кетишига йўл қўйилмайди

Британия парламентидаги барча партия вакилларидан иборат Инсон ҳуқуқлари гуруҳи, умрбод қамоқ жазосига хукм қилинган қирғизистонлик инсон ҳуқуқлари фаоли Азимжон Асқаровнинг соғлигидан жиддий ташвиш изҳор этган.

Британ парламенти аъзоси ва инсон ҳуқуқлари гуруҳи раиси Анн Клуид Би-би-си билан суҳбатда Азимжон Асқаровга керакли тиббий ёрдам кўрсатилиши кераклигини қайд этиб, у қамоқхонада ўлиб кетмайди, деб умид билдирди.

Биз Анн Клуид хонимларидан Қирғизистон Ички ишлар вазири номига жўнатган мактубига қандай жавоб олгани ҳақида сўрадик.

Анн Клуид: Бизга маълум бўлишича, Қирғиз ҳукумати ҳалигача жавоб берани йўқ, бироқ мактубни жўнатганимиздан кўп вақт ўтмай, Азимжон Асқаров Бишкекдаги қамоқхона шифохонасига ўтказилгани ва унга тиббий ёрдам кўрсатилгани, унинг олдига бир неча яқинлари қўйилгани борасида биз маълумот олдик. Бу ҳаракатлар мактуб жўнатганимиз натижасида амалга оширилганми-йўқми, биз билмаймиз, лекин сўзсиз бутун дунё бўйлаб кўплаб одамлар унинг тақдири борасида ўз хавотирларини билдиришмоқда. Ва Қирғиз ҳукумати Асқаровнинг соғлигини назорат этишни давом эттиради, деган умиддамиз.

Би-би-си: Бироқ, бизга келаётган хабарларга кўра, Азимжон Асқаров Бишкекка кўчиртирилган. Бироқ у ойналари йўқ совуқ ва зах ертўлада сақланаётган экан.

Анн Клуид: Зах ертўлада сақланмоқда, дейсизми? Буни мен керакли тиббий ёрдам деб атамаган бўлардим. Айнан унинг соғлиги ёмонлашгани боис, биз ҳам бу ишга аралашдик. Бизга келган хабарларга кўра, унинг соғлиги жуда аянчли ҳолда. Азимжон Асқаров устидан ўтказилган маҳкама жараёни қанчалик адолатли ўтгани ҳам бизда катта хавотирлар уйғотди.

Би-би-си: Нима сабабдан айнан Азимжон Асқаровнинг маҳкама иши сизларда хавотирлар уйғотиб, Қирғизистон Ички ишлар вазирига мактуб ёзишга ундади?

Анн Клуид: Барча партиялар аъзоларидан ташкил топган Британия парламентидаги Инсон ҳуқуқлари гуруҳи Азимжон Асқаров билан ўтмишда ишлаган ва унинг Қирғизистонда инсон хуқуқларини ҳимоя қилиш ҳаракатлари уларда катта таассурот қолдирган. Иккала палата, жумладан, Лордлар палатасидан ҳам ташкил топган кўп партиявий гуруҳнинг юзга яқин аъзоси Асқаров билан анчадан буён ҳамкорлик қилиб келган. Сўзсиз, маҳкама жараёни ҳамда маҳкама қандай ўтгани борасидаги хабарлар уларни чуқур хавотирга солди.

Би-би-си: Сизнинг апрел ҳодисалари ва июн ойидаги қонли ҳодисаларга доир Қирғизистонда ўтаётган маҳкама жараёнлари борасида фикрингиз қандай? Улар нақадар адолатли ва қонуний ўтмоқда?

Анн Клуид: Албатта, бизда маҳкама жараёнларининг қонунийлиги жиддий хавотирлар уйғотмоқда. Шу вақтга қадар бўлиб ўтган жараёнлар адолатли маҳкамалар борасидаги халқаро андозаларга тўғри келмаяпти, деб ўйлаймиз. Масалан, ҳимоячилар ва адвокатлар ўз мижозлари билан маҳкама олдидан юзма-юз учраша олмаётганлари, маҳкама жараёнлари пайтида адвокатлар кўрсатма бериш учун керакли гувоҳларни чақиролмаганлари, адвокатларга жабрланганларнинг қариндошлари ва бошқа шахслар тазйиқ ўтказишлари давом этаётгани, албатта, бизда хавотирлар уйғотмоқда. Бундан ташқари, ҳимоячилар давлат томонидан тазйиққа учраётганлари ҳақида бизда ишончли ҳисоботлар бор. Ва бизнинг хавотирларимизга нисбатан муайян жавоб бўлиши керак, деб ўйлайман.

Би-би-си: Сиз Қирғиз ҳукуматидан жавоб оламиз дея умид қиляпсизми? Умуман нималарни кутаяпсиз?

Анн Клуид: Бошида айтганимдек, биз шу вақтга қадар жавоб олганимиз йўқ. Умид қиламизки, Қирғизистон ҳукумати бошқа давлат парламент аъзоларининг Азимжон Асқаровнинг тақдири билан боғлиқ хавотирларини инобатга олишади. Унинг инсон ҳуқуқларини ҳимоялашда юргизган фаолиятини ҳамма яхши билади. Унга қамоқхонада ўлиб кетишига йўл қўйилмайди, деб умид қиламан. Унинг аҳволига тиббий томондан эътибор қаратилади, деган умиддаман. Ва агар уни шифокорлар текширган бўлишса, биз унинг соғлиги қай аҳволда эканлиги ва тиббий мутахасислар қандай баҳолашганини билмоқчимиз. Шунингдек, унга нисбатан маҳкама жараёни қайтадан адолатли ўтишини, ҳамда мамлакатда рўй берган зўравонликларнинг сабаблари ўрганилиши, хусусан, жанубдаги миллий низоларнинг сабаблари халқаро мустақил ташкилот томонидан текширилиши керак. Ушбу халқаро текширув гуруҳининг саволларига ҳам жавоблар берилиши лозим.