'Ўғлим жасадини чегара ҳудудидан ололмадик, Ўзбекистондаги яқинларимиз келтиришди'

Мирзообод деган ёзув йўналиш берган кўчага қайрилиб, биринчи учраган йўловчидан чегарада жабрланган йигитлар ҳақида сўрагандик, у аза очилган уй қаердалигини батафсил тушунтирди.

Ҳовлига киришимиз билан оқ рўмол ўраган аёлларнинг йиғи овози эшитилди.

Абдусоли Ваҳобовнинг қариндошларидан фожиа қандай юз берганлиги борасида сўраш оғир бўлди. Аёллар йиғиси тинганидан сўнг ва дуои фотиҳа ўқилгач, Абдусолининг отаси Абдуқаҳҳор ҳассага таянганча сўзлай бошлади:

"Қуймичдан урган, орқадан, ўқ тўғри юракка келиб теккан. Жойида ўлган. Ҳаҳ, номард, бопладинг, деган, тамом. Биз катта ўғлим билан у ерга бордик. Лекин боламнинг жасади олдига бора олмадик. Икки-уч аёл бор экан, қайтинг ака, сизниям отади, дейишганди. Қайтдик".

Абдуқаҳҳорнинг айтишича, жасадни олиб келиш ҳам осон бўлмаган.

"Хайрият, Сирдарёда яшайдиган қариндошларим бор, улар ёрдам қилишди", дейди Абдуқаҳҳор.

- Авлод-аждодларга телефон орқали хабар қилдик. Сирдарёда укам бор, амакиваччаларим бор. Улар менга ёрдам қилишди, ўғлимни … олиб келиб беришди.

- Тўй қилмоқчи эдик, бунақа бўлиб қолди, - дейди Абдуқаҳҳор.

"Раҳматли ўғлим 1987 йилда туғилган. Йигирма тўртга кираётганди. Уйлангани йўғиди. Энди тўйни ҳаракатини қилаётгандик. Тақдир қилмади. Ўғлим жувонмарг бўлди. Ўғлимни отишганда бошқа одамлар ҳам бўлишган. Лекин улар жабрланишмаган. Фақат қўшнимиз қўлидан ярланган", дейди ота.

Абдуқаҳҳорнинг айтишича илгари ҳам мирзоободлик кишилардан бири чегарада ўқ тегиб яраланган. У беморхонада ётиб даволанган.

Кейинги ҳовлида Абдусолининг тенгдоши Икром Каримов яшайди. Бу икки ўртоқ тирикчилик важидан яширин ўтказиладиган молларни ташиб бериш учун кечки пайт ўзлари яшайдиган Мирзоободдан икки чақиримча наридаги чегарага боришади. Икромнинг айтишича улар борган Зафаробод ва Ховос туманлари ўртасидаги бу чегара ери ҳали-ҳозирча симтўр билан тўсилмаган.

"Кетаётгандик. Мен орқада эдим. Бир марта, тўхта, деб бақирди, Осмонга ўқ узди. Отишни бошлади. Қочдим. Ўқ тегди".

Чап қўлининг оғриғига зўрға чидаётган Икром яна ўқ тегиб қолишидан чўчиб чегаранинг Тожикистон томонига қочиб ўтади.

"Чегарадан ўтиб қўлимдан қон оқаётганини кўрдим. Ўзим уйгача келиб, кейин беморхонага бордим", дейди Икром.

"Ўзимиз не иложда қозон қайнатамиз. Уч юз сомоний сарфладик. Энди топган пулимиз ўғлимни даволашга кетяпти", дейди Икромнинг онаси.

Кузатувчиларнинг айтишларича мирзоободлик йигитлар фожиаси чегарада юз берган можаронинг биринчи оқибати эмас. Бундан олдин ҳам зафарободлик бир йигит ўзбекистонлик чегарачи узган ўқдан ҳалок бўлган, бир неча киши, жумладан бир аёл яраланган экан.

Аслида Зафаробод билан Ўзбекистоннинг чегарадош туманларига визасиз бориб-келиш учун зафарободликларга икки мамлакат ўртасидаги келишув асосида ҳуқуқ берилган.

Лекин икки орадаги қонуний ўтиш жойлари Ўзбекистон томонидан ёпиб ташланган.

Натижада одамлар қон-қариндошларини кўриш ё бирон юмуш юзасидан Ўзбекистонга ўтадиган бўлсалар, чегарани бузишга мажбур бўлишаяпти, дейишади кузатувчилар.