'Янги йилдан Қозоғистонга келаётган чет эл филмлари қозоқ тилига ҳам ўгирилиши керак'

Жеймс Бонд филмидан сурат
Image caption Энди Жеймс Бонд Қозоғистонда қозоқча гапириши керак

Жеймс Бонд қозоқча гапиради. Янги йилдан бошлаб, Қозоғистонга кириб келаётган ҳар қандай чет эл филми ва мултфилмлари қозоқ тилига ҳам ўгирилиши шарт. Қозоғистон Маданият вазири Мухтар Қул-Муҳаммад ўтказган онлайн конференциясида мамлакат кино ижарасига кириб келаётган ҳар қандай филмлар қозоқ тилига ўгирилиши кераклигини таъкидлади.

- Кўплаб давлатларнинг қонунчилигида ушбу масалага аниқлик киритилган ва меъёрлар қабул қилинган. Ҳар қандай хориж филми кўрсатиш учун олиб кирилаётганда қозоқзабон томошабин учун ҳам муқобили бўлиши шарт. Афсуски, мустақилликнинг 20 йили давомида қонунчилигимизда бундай талаб йўқ эди, дейди Мухтар Қул-Муҳаммад.

Хориж филмларини қозоқ тилига дубляж қилиш қонуни Қозоғистон қуйи парламенти депутатлари томонидан қабул қилинди. Бу ҳақда депутат Бекбўлат Тиловхан шундай деган эди:

"Қозоғистондаги қозоқ тилида сўзлашувчиларнинг ҳуқуқини поймол қилмаслик лозим. Мисол учун, Монголия, Хитой ва Ўзбекистондан келган ўролмонлар рус тилини билишмайди-ку, аммо улар ушбу филмларни кўришни исташади," дейди Бекбўлат Тиловхан.

16 миллион аҳолисининг асосий қисми русийзабон бўлган Қозоғистонда рус тили расмий тил ҳисобланади ва истеъмолда асосан ушбу тилдан фойдаланилади. Зиёлилар амалдорларни қозоқ тилини етарли даражада оммавийлаштирмасликда айблашади. Лекин, келгуси йилдан бошлаб барча хориж филмларининг қозоқ тилига ўгириш қарори ушбу тил жонкуярларига хуш хабар бўлди.

- Менимча, бу жуда тўғри қарор. Мисол учун бизга Франциядан француз тилида, Амрерикадан инглиз тилида келадиган филмларни рус тилига ўгирамиз, нимага энди қозоқ тилига таржима қилмаслигимиз керак,- дейди "Адилет" демократик партияси раис ўринбосари Сирим Мухаметжан.

Зиёлига кўра, бу қарор бошқа миллатларинг ҳам қозоқ тилини ўрганиш ҳаракатларини осонлаштиради.

Бироқ ушбу хабар кино қўйиш бизнеси билан шуғулланувчиларни жиддий ўйлантириб қўйган. Олма отадаги "Арман" кинотетри ижрочи директори Бауржан Шукенов битта филмни дубляж қилиш 30 минг евродан бошлаб юқорилаб кетишини айтади.

Филмни дубляж қилиш дистрибьюторлар орқали амалга оширилиши керак. Кино ижарачилар бундай ҳаражатларни кўтара олишмайди.

Асосан Россияда жойлашган бу дистрибьюторлар Ҳолливуд ва шу каби йирик кино ишлаб чиқарувчилардан таржима қилиш ҳуқуқини сотиб олади ва бутун МДҲ мамлакатларига рус тилига таржима қилинган филмларни сотишади. Кўлам кенг бўлгани бу нарса уларга арзонга тушади ва фойда келтиради. Аммо томошабини кам бўлган Қозоғистон учун қозоқ тилига таржима қилиш ҳуқуқини улар сотиб олмаслиги мумкин.

Шу пайтгача хориж кино ва мултьфилмларини қозоқ тилига ўгиришни телевидения амалга ошириб келмоқда.

Қозоғистон кино бозори энди ривожланиб келмоқда, мамлакатда ҳозирча 200дан камроқ кинотеатрлар мавжуд. Бауржан Шукенов Украна тажрибасини мисол қилиб келтиради, бу каби ўзгаришлар киритилгандан сўнг касса йиғимлари сезиларли даражада тушиб кетган. Шукеновга кўра, дистрибьюторлар шунчаки Қозоғистон бозоридан кетишни афзал билиши мумкин.

-Ҳудудимизда кино ижараси ҳаражатларининг қиймати жуда улкан. Энди эса умуман фойдали бўлмай қолади. Мантиқан ўйлаб қарасак, бу қарор ортидан дистрибьюьторларнинг ўлкага бўлган қизиқиши сўнади,- дейди "Арман" кинотеатри ижрочи директори Бауржан Шукенов.

Кинотетр директори шу билан бирга филмларнинг қозоқ тилига таржима қилинишида ижобий томонларини ҳам бор дейди.

- Агар рус тили билан бирга қозоқ тилида ҳам сифатли дубляж бўлса, биз ўз аудиториямизни сезиларли даражада кенгайтирган бўлардик. Мен бунга аминман. Аммо, ҳамма талабларга жавоб берувчи сифатли дубляж қила олувчи кучга эга эмасмиз. Ушбу стандартлар актёрлар овозини ўқишдан тортиб, актёрларни танлашгача ва ҳар бир картинада мавжуд бўлган долби талабларига жавоб беришни назарда тутади. Агар буларнинг ҳаммаси муҳайё бўлса, нима учун йўқ деймиз,-дейди Бауржан Шукенов.

Қозоқфилм киностудияси дубляж маркази бош муҳаррири Асилбек Ихсанов қозоқ тилига сифатли дубля қилиш муаммо эмаслигини таъкидлайди.

-Бир йилда 60-70 филмни таржима қила олиш қурбига эгамиз. Техник базамиз шундай қила олишимизга имкон беради. Бизда моно, стерео долби имкониятлари мавжуд протус жиҳозлари, яна Долби премиер деб номланадиган қайта ёзиш жиҳозлари бор. Бундан ташқари профессионал овоз режисёрларимиз ҳам бор,- дейди дублаяж маркази бош муҳаррири.

Асилбек Ихсановнинг айтишича, энг муҳими янги иш ўринлари яратилади.

- Биз ўзгаришларни кутаяпмиз, бизга керак бу. Чунки одамларимизни иш билан таъминлашимиз керак, Олма ота театрларида қанчадан қанча актёрлар армияси ишлаган. Бу улар учун ҳам пул ишлаб олишга бир имкон бўлади, - дейди Ихсанов.

Арман кинотеатри ижрочи директори Бауржан Шукенов четдан олиб келинаётган филмларнинг давлат тилига ўгирилишига қарши эмас, аммо унга кўра ушбу жараённинг механизмини ўйлаб топиш керак.

-Тил бизга Америка кинолари орқали келмаслиги керак. Тил бизга ўзимизнинг маҳаллий филмларимиз орқали кириб келиши керак. Қозоғистонда суръатга олинаётган ҳар бир филм қозоқ тилида бўлиши шарт. Ушбу махсулот томошабинга қозоқ тили билан бирга кириб келади. Ана ўшанда кино тилига бўлган қизиқиш шаклланади. Бироқ бу нарса шу йилдан бошлаб филмларни қозоқчага ўгирамиз деб юқоридан берилган буйруқ асосида бўлмайди. Ҳеч ким бу нарсанинг механизмини, қандай жорий қилинишини, қандай ва кимнинг пулларига амалга оширилишини ўйлаб кўргани йўқ,-дейди Бауржан Ихсанов.

Қозоғистон кинотеатрларида миллий филмларнинг улуши 5 фоиздан ошмайди, қолган киноларнинг ҳаммаси хорижники.

BBCUZBEK.COM таҳририяти SMS рақами +447786201124