Қирғизистондаги қонли ҳодисалар учун яна 17 ўзбекни айбдор деб топишди

Қирғизистон жанубидаги маҳкама 17 инсонни шу йил июн ойидаги қонли ҳодисаларда айбдор деб умрбод қамоқ жазоларига ҳукм этган.

Айбдор деб топилганларнинг барчаси этник ўзбеклардир.

Жалолобод вилоятининг Ноокен туман маҳкамаси ҳакамига кўра, бу кишиларнинг оммавий қотилликлар ва этник зўравонликларда айбдорлиги исботланган.

Ноокен тумани ҳаками Дамирбек Назаровнинг оммавий ахборот воситаларига айтишича, айбланувчилар ўзларига қўйилган айбларни бўйниларига олмаган бўлсалар-да, уларнинг Бишкек билан Ўш шаҳарларини боғлайдиган катта магистрал йўл четида 16 кишини ўлдирганлари тергов даврида ўз тасдиғини топган.

Қирғизистондаги ушбу янги ҳукм июн ойидаги хунрезликларда фақат этник ўзбекларни айбдор қилиб кўрсатилаётгани борасидаги янги хавотирларни пайдо қилган.

Халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари қонли ҳодисалар бўйича шу пайтгача Қирғизистонда бўлиб ўтган маҳкамаларнинг аксари ўзбеклар устидан бўлиб ўтгани ва ҳодисалар учун асосан ўзбеклар айбдор деб топилаётганини қайд этадилар.

Қирғизистон Президенти Роза Ўтинбоева хунрезликларда фақат ўзбеклар айбдор кўрилаётгани ҳақидаги даъволар ҳақиқатга тўғри келмайди, деган баёнотни берган.

Бироқ халқаро ташкилотлар Қирғизистон расмий идораларига мурожаат қилиб, Қирғиз маҳкамалари айбдор деб топаётган инсонларнинг дастлабки тергов пайтида қийноқларга тутилгани, маҳкама жараёнлари эса халқаро адолат мезонларига мос келмаганини урғулаганлар.

Бўлиб ўтган маҳкамаларда айбланувчи кўрилганларнинг кўрсатмалари инобатга олинмаган, жабрланган тараф сифатида маҳкамада иштирок этган кишиларнинг айбланувчилар, уларнинг ҳимоячилари ва яқинларига таҳдид қилганлари, жисмоний ҳужумга тутилган ҳоллари кузатилди.

Бундай ҳодисаларга нисбатан расмий органлар вакиллари "оддий томошабин" бўлиб туришни афзал билганлар.

Куни кеча Британия парламенти аъзолари Қирғизистон расмийларига таниқли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Азимжон Асқаровнинг соғлиги борасида билдирган ўзларининг хавотирли мактубларига жавоб олиш истагида эканларини билдирдилар.