Қурмонбек Бакиев ўзига қўйилаётган айбловларни рад этмоқда

Жорий пайтда маҳкамага тортилаётган Қирғизистон собиқ президенти, унинг маъмуриятининг юқори мартабали мулозимлари ва апрел ойидаги қонли тўқнашувлар ортида турганлиги айтилаётган "Альфа" аксилтеррор бўлинмаси аъзолари ўзларига қўйилаётган айбларни рад этишган.

30 га яқин айбланувчилар устидан маҳкама жараёни 17 ноябр куни бошланганди.

Судланувчиларга қарши айбловлар эса, ўтган сешанба куни расман эълон қилинганди.

Қоралов томонига кўра, улар 7 апрел куни Бишкекдаги марказий майдонда намойишга чиққан намойишчиларни отишга буйруқ беришган.

Отишмаларда жами етмишдан ортиқ киши қурбон бўлганди.

Айбланувчилар устидан маҳкама жараёнининг камида 2 ой давом этиши айтилади.

Собиқ президент Қурмонбек Бакиев, унинг укаси Жанибек Бакиев, катта ўғли Максим Бакиев ва Қирғизистон Миллий Хавфсизлик хизматининг собиқ раҳбари дохил олти нафар айбланувчи эса, сиртдан маҳкамага тортилишмоқда.

Шу ҳафта бошида собиқ ҳукуматнинг маҳкамага тортилаётган уч нафар юқори мартабали мулозимининг четга қочиб кетишгани хабар берилганди.

Апрел ойида Қирғизистон Бош прокуратураси қонли тўқнашувлар ортида бевосита собиқ қирғиз президентининг укаси Жанибек Бакиев турганлигини даъво қилганди.

"Альфа" аксилтеррор гуруҳи аъзолари эса, ўзларига қўйилаётган айбловларга ақллари етмаётганини айтишган.

"Мен Жанибек Бакиев билан ҳеч қачон ҳамкорлик қилмаганман. Ҳатто уни кўрмаганман ҳам," деб айтган бўлинма командирларидан бири.

Кенг миқёсли намойишлар ортидан Қирғизистонда Роза Ўтинбоева бошчилигидаги муваффақ ҳукумат қарор топаркан, Қурмонбек Бакиев Беларусдан бошпана топганди.

Расмий Минск қирғиз ҳукуматининг жаноб Бакиевни ортга экстрадиция этишга оид сўровини икки бор рад этган.

Янги қирғиз ҳукумати Қурмонбек Бакиевни Қирғизистон жанубида ўтган июн ойида юз берган қонли этник низоларни келтириб чиқаришда ҳам айблайди.

Ўшанда юзлаб кишилар қурбон бўлган, минглаб кишилар яраланган ва юз минглаб кишилар яшаб турган жойларини ташлаб чиқишга мажбур бўлишганди.

Жабрланганлар аксариятининг ўзбеклар экани айтилади.

Апрел ҳодисалари юзасидан маҳкама жараёни давом этмоқда.