'ОХҲТга раислиги пайтида Қозоғистонда матбуот эркинлиги аҳволи яхшиланмади'

Image caption Остонада Дуня Миятович қатъий баёнот билан чиқди

Декабр ойининг бошида Остонада бўлиб ўтиши режаланган Оврўпода хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг саммити МАрказий Осиёда энг йирик ва муҳим маросимлардан бири бўлиши айтилмоқда.

Ташкилотнинг аввалги саммити бундан 11 йил аввал истанбулда ўтказилган бўлиб, АҚШ президенти Билл Клинтон ҳурматли меҳмон бўлганди.

Бу гал унинг рафиқаси АҚШ давлат котибаси Ҳиллари Клинтоннинг саммитга келиши айтилган.

У билан бирга Британия Бош вазири ўринбосари Ник Клегг ва БМТ Бош котиби Пан Ги Мун ҳам ҳозир бўладилар.

26 ноябр куни эса Остонада саммитга тайёргарлик сифатида кўрилган анжуманларнинг навбатдагиси бошланган.

Эришилган мақсадларни кўриб чиқишга бағишланган анжуманларнинг дастлабкилари Варшавада, ундан кейин Венада ўтказилди.

Остонада ўтказилаётган анжуман ушбу анжуманларнинг учинчиси ва унинг якшанба куни тугаши режаланган.

Анжумандан асосий мақсад - қўйилган вазифалар неқадар бажарилганлигини кўриб чиқиш ва саммитга тайёгарлик.

Аввалги анжуманлар инсон ҳуқуқлари масалалари, иқтисодий, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, хавфсизликнинг сиёсий ва ҳарбий кафолатлари каби мавзуларга бағишланган эди.

Остонадаги анжуман матбуот эркинлиги, муҳожирларга нисбатан бетоқатлик ва инсон савдоси муаммоларига қаратилган.

Ташкилотга раислик қилаётган Қозоғистоннинг вакили Мадина Жарбусиновага кўра, анжуманда инсон ҳуқуқлари масаласи ҳам кўтарилаётганлиги, Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ҳудудларида ҳануз инсон ҳуқуқларини топташ кузатилаётганлиги белгисидир.

"Бу мураккаб масалаларнинг турли жиҳатларини муҳокама қилиш вазиятга баҳо бериш ва амал қилишнинг аниқ мехнизмларини ишлаб чиқишга ёрдам беради", деб айтди Жарбусинова хоним.

Кўриб чиқиладиган асосий масалалардан бири матбуот эркинлиги соҳасида аъзо мамлакатлар, жумладан Қозоғистоннинг ўзида ҳам мавжуд бўлган камчиликлардир.

Ташкилотнинг матбуот эркинлиги бўйича вакили Дуня Миятович мавжуд муаммолар ҳақида анча қатъий баёнот билан чиқди.

Дуня Миятович айтишича, мамлакатлар матбуот эркинлиги соҳасида ўз зиммаларига олган вазифаларни бажаришдан ҳали узоқдирлар. Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотига аъзо бўлган тобора кўпроқ мамлакатлар замонавий ё анаънавий матбуот воситаларида танқидий, ҳажвий, ўткир ё қарама-қарши фикрларни изҳор этганларни таъқиб остига олиб, ҳуқуқларни поймол этмоқдалар.

"Кўринишича, ташкилотга аъзо давлатлардаги сиёсатчилар анъанавий матбуотга бўлган даражада Интернетга ҳам чекловларни қўллаш билан чегарланмай, назорат қилиб бўлмайдиган соҳани назорат остига олиш йўлида керак бўлса қўшимча чекловчи қонунларни ишлаб чиқишга тайёрлар", деди Миятович хоним.

"Яхши маълумотга эга бўлган инсонлар тўғри қарорларни қабул қиладилар. Бу эса демократия тамал тошининг асосийларидан биридир", дея илова қилди у.

Матбуот анжумани мобайнида Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг матбуот эркинлиги бўйича вакилидан, Қозоғистон ташкилотга раислик қилган вақти вазият қандай ўзгаргани ҳақида сўралганда, шу пайтгача бирон ижобий ўзгаришлар кўзга ташланмаганлигини айтди.