Дабдабали анжуман ўтаётган Остона, Саммитхон ва бир-бирига зид манзаралар...

Остонадаги Хон чодири

Қозоғистон сиёсатчилари бир неча йиллардан бери кутган кунлар бугун келди. Расмийлардан тортиб, баъзи оддий аҳоли вакиллари ҳам фахр билан тилга олаётган Оврўпада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммити ва ниҳоят айнан шу собиқ Шўро давлати Қозоғистонда ўтказилмоқда.

Саммитда имзоланиши керак бўлган ҳужжатлар борасида ҳали бирон битимга келинмаган эса-да, ушбу йиғин Қозоғистонга казо-казо давлат раҳбарларининг бир вақтда ташрифи билан ҳам қозоғистонликлар хотирасида қолиши тайин.

Ҳамма ҳушёр ҳолатда

Шимолда жойлашган Остона бугун бизни ўзининг совуқ шамоллари билан қарши олди. Кечагина илиқ бўлиб турган об-ҳаво бугун меҳмонларни тўнини тескари кийиб қаршилаётгандек. Бизни олиб келган учоқ капитани ташқарида ҳаво ҳарорати 15 даража совуқлигини айтди. Учоқ пойтахт ҳаво қўнолғасида қунди, аммо бизни совуқ шаҳарга қўйгиси келмагандай 20 дақиқа эшикларини очмади. Журналистлар махсус автобуслар билан олдиндан белгиланган меҳмонхоналарга олиб келинди. Шаҳар кишида гуё саммитга эмас, ҳарбий амалиётларга тайёргарлик кўраётгандек тасаввур пайдо қилади. Ҳар қадамда милиционерлар тургани етмаганидек, чорраҳаларда оғир техникали ҳарбийлар автоматларини кўтариб, у ёқдан бу ёққа бориб келади.

Журналистлар учун ажратилган махсус меҳмонхоналар ҳам юқори тайёргарлик ҳолатига келтирилган. Кираверишда миллий хавфсизлик хизмати ходимларидан тортиб, милиционерларгача сизни кутиб олса, ҳар бир қаватга қўйилган аёл милиционерлар сизнинг қадамингизни кузатиб ўтиришади.

Саммит ўтиши режаланган Мустақиллик саройи биқинида матбуот маркази жойлашган Санъат университетига фақат махсус автобусларда келиш мумкин холос. Бунинг ҳаммаси бекорга қилинмаётгандек, чунки 28 давлат раҳбари ва бир неча кўзга кўринган давлатлар юқори мартабали мулозимлари келиши кутилаётган ушбу саммитда бирон нохуш ҳодиса юз бермаслиги учун расмий Остона имкон қадар уринмоқда. Шу материални тайёрлаш давомида ҳам матбуот марказига ўрнатилган экранлар аэропортдан тўғридан-тўғри кадр узатиб турибди.

Деярли ҳар дақиқа оралиғида учоқларни қабул қилаётган Остона ҳаво қўнолғаси нуфузли меҳмонларни муносиб қарши олишга ҳаракат қилмоқда.

Кўчаларда эса, уни эрталабдан кечгача тозаликни сақлашга уринаётган фаррошлар ва тартибни назорат қилаётган ҳуқуқ-тартибот тизими ходимларига кўпроқ кўзингиз тушади.

Мен билан суҳбатда бўлган бир фаррош: "Саммит баҳонасида тирикчилиги кўчада ўтадиган барча одамларни қувишди",- дейди. Саммит атрофидаги воқеалар эса, маҳаллий матбуотда кенг ёритилмоқда. Қозоғистоннинг халқаро сиёсатда қўлга киритган йирик ғалабаси сифатида кўрилаётган ушбу саммит баҳона Президент Назарбоевнинг шахси янада улуғланмоқда.

Саммитхон

Остоналиклар ҳам ушбу саммитдан кўнгиллари осмонга кўтарилганини яшириб ўтиргани йўқ. Асли жануб вилоятларидан кўчиб келган оила ўз фарзандига саммит шарафига Саммитхон дея исм бергани маълум бўлди.

Ҳамманинг хотирасидан чиқса ҳам 2010 йил Остонада Оврўпада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг саммити бўлиб ўтгани вақти келиб норғул йигит бўладиган Саммитхоннинг эсидан ҳеч чиқмаса керак.

Деярли ҳар куни меҳмонлар шарафига концерт ва кўнгилочар тадбирлар ташкил қилинган. Ушбу 3 кун оралиғида Остона ўзининг энг гўзал хислатларини қўноқларига кўрсатиш учун зўр бермоқда.

Бир-бирига зид манзаралар

Аммо, сиёсий жабҳада бўлганидек, Остонанинг ўзида ҳам бир-бирига мос тушмайдиган манзаралар меҳмонларни ажаблантирмай қўймаяпти.

Нуфузли саммит бўлиб ўтиши керак бўлган Мустақиллик саройининг бир томонида тўқайзор ва қурилиш учун қазиб қўйилган хандақларни кўриш мумкин. Ушбу манзара кишида пойтахтга эмас, олис шимол туманларининг бирига келиб қолгандек тасаввур беради.

Аммо, сал ичкарироқдаги замонавий осмонўпар бинолар, равон йўллар Марказий Осиёнинг шиддат билан ривожланиб бораётган шаҳрида эканлигингизни уқтиради.

Бу сиёсий саҳнада олдига юқори амбицияларни қўйган, аммо коррупция ва сўз эркинлигига қўйилган тўсиқ орқали танқид қилиниб туриладиган Қозоғистон учун хос манзара.

Саммит арафасида журналистлар ва инсон ҳуқуқи ҳимоячилари сўровига қарамай, уларнинг бир неча эркин фикрловчи ҳамкасблари турли айбловлар билан умрини ҳамон ҳибсхоналарда ўтказишмоқда.

ОХҲТдек нуфузли ҳамжамиятга раислик қилаётган Қозоғистон учун ишлари ҳамон муаллақ бўлиб турган ўзбекистонлик бошпана изловчилар ҳам "бош оғриқ" бўлиб турибди десак муболаға бўлмайди.

Расмий Тошкент билан муносабатлари ҳавас қиларлик даражада бўлмаса-да, аммо у билан ҳисоблашишини афзал билувчи Остона ҳибсда сақланаётган 27 қочқинни Ўзбекистонга на берарини ва на бермаслигини маълум қилди.

(Қозоғистондаги ушбу дабдабали йиғинда Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов келмаслиги, Ташқи ишлар вазири жўнатилиши маълум бўлди).

Нима бўлганда ҳам, бугун Остона ўз муаммоларни унутган ҳолда саммитни юқори даражада ўтказишга жазм қилган.

Расмий маълумотлар ушбу саммитга 11 миллион евро харж қилинганини айтмоқда. Аммо, мустакил кузатувчиларга кўра, сарф-харажатлар учун кетган ҳақиқий рақамлар ҳеч қачон ошкор этилмайди. "Қозоғистон элбошиси обрўси учун сарфланадиган пулнинг аҳамияти йўқ", дейишади улар.