Қирғизистон пойтахти Бишкек марказида портлаш юз берди

Бишкекдаги портлаш Спорт саройида ўтаётган маҳкама жараёнини тўхтатиш мақсадида амалга оширилгани тахмин этилади
Image caption Бишкекдаги портлаш Спорт саройида ўтаётган маҳкама жараёнини тўхтатиш мақсадида амалга оширилгани тахмин этилади

Ҳодиса маҳаллий вақт билан эрталабки соат 9ларга яқин 7 апрел намойишчиларига ўқ узишда айбланганлар устидан маҳкама жараёни ўтаётган бино олдида содир бўлган.

Портлаш оқибатида 3 ҳуқуқ-тартибот ходими дохил 6 киши жароҳатланган. Ҳодиса жойида ўн метрлик чуқур пайдо бўлган.

Аксар собиқ ҳукумат расмийларидан иборат айбланувчилар устидан маҳкама жараёни Спорт саройида давом этаётганди.

Бир кун олдин Ўш шаҳрида амалга оширилган махсус амалиётда тўрт нафар исломий жангариликда гумон қилинган шахс ҳалок этилганди.

Ўшда нишонга олинган шахслар кимлар ва ё қайси гуруҳга мансуб деган саволлар очиқ қолмоқда.

Айни пайтда Америка Давлат котибаси Ҳиллари Клинтоннинг Қирғизистонга сафар қилиши кутилмоқда.

Портлашни ким уюштиргани маълум эмас

Ҳуқуқ - тартибот ходимларига кўра, ҳозирча номаълум қолаётган шахслар портловчи воситани бинонинг шимолий қисмидаги канализация қопқоқли туйнуги ичига жойлаштириб кетишган.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик кенгаши котиби Марат Иманқуловнинг билдиришича, уч килограммдан кўпроқ тротил қувватига тенг келадиган қўлбола портловчи восита ўтган дам олиш кунлари ўрнатилган бўлиши мумкин. Чунки, унинг айтишича, ҳафтанинг иш кунлари мазкур бино кечалари ҳам қўриқланади.

Ҳукумат мулозимларининг тахминларича, Бишкекдаги портлаш Спорт саройида ўтаётган маҳкама жараёнини тўхтатиш мақсадида амалга оширилган.

Собиқ ҳукумат расмийларидан иборат айбланувчилар устидан маҳкама жараёни икки ҳафтадан бери давом этмоқда. Портлаш сабабли сешанба кунги маҳкама жараёни қолдирилган.

Душанба куни аниқланган янги тартиб асосида шу ҳафтадаги маҳкама йиғинлари эрталабки соат 09:00да бошланиши режаланган, лекин кеча бир қатор айбланувчилар ҳимоячилари талаби билан сешанба кунги маҳкама мажлиси соат 10:00да бошланиши керак бўлган.

Қирғизистоннинг ҳукумати ҳали расман бекор қилинмаган муваққат ҳукумати аъзоси Азимбек Бекназаров маҳкама ишлари бундан кейин бошқа бинода ўтказилиши мумкинлигини айтган.

Тахминлар

Хавфсизлик хизмати расмийларига кўра, Бишкекдаги ва душанба куни Ўшда юз берган портлашларнинг бир ҳафта олдин мамлакат жанубида ўтказилган махсус амалиёт чоғи қўлга олинган 9 шахснинг ноқонуний фаолияти ўртасида бевосита боғлиқлик бор.

Миллий хавфсизлик хизмати мулозимларининг айтишларича, "Қирғизистон ҳудудида террор ҳаракатларига бош қўшган 39 кишининг шахслари аниқланган ва ҳозир уларнинг 8 нафари ҳибсга олинган. Душанба куни эса, Ўш шаҳрида ўтказилган махсус амалиёт чоғида бир киши ўзини портлатиб юборган ва яна уч киши отиб ўлдирилган".

Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати раиси ўринбосари Қулбой Мусаевга кўра, душанба куни Ўшда ҳалок этилган шахслардан бири Мажримтол маҳалласи масжиди имоми Фарҳод Нурматовдир.

Мулозимнинг айтишича, отишма ва портлашлар ушбу шахснинг ҳовлисида юз берган ва портлаш оқибатида имомнинг уйи бутунлай вайрон бўлган.

Расмий маълумотларга биноан, Калашников русумидаги автомат билан уйдан шошилинч чиқиб келган ва ўқ узган уй эгаси биринчи бўлиб ўлдирилган. Хавфсизлик расмийларининг тахминларича, имом билан бирга унинг 48 ёшли қариндоши Зокир Нурматов ҳам бўлган. Зокир Нурматов Андижон ҳодисаларига алоқадорлик айбловлари билан Ўзбекистонда судлангани ҳам айтилади.

Қирғиз расмийларининг билдиришларича, қўлга олинган ва ўлдирилган шахсларнинг "Исломий Жиҳод Иттифоқи" ва "Туркистон Исломий Ҳаракати" деб номланган ташкилотларга алоқаси борлиги тахмин қилинади.

Билдирилишича, улар Қирғизистон бўйлаб 30дан ортиқ портлашларни амалга оширишни режалашган.

Қирғизистон мулозимлари ушбу шахсларни "миллат-бузғунчилар гуруҳи" дея таърифлашмоқда. Аммо, гуруҳ таркибида қирғиз, ўзбек ва рус миллатига мансуб шахслар борлиги айтилади. Қўлга олинганлардан бири Ўзбекистон фуқароси эканлиги ва уни ватанига эстрадиция қилишга ҳозирлик кўрилаётгани эълон қилинган.

Шу билан бирга ҳуқуқ-тартибот ходимлари Ўш шаҳрида яна бир неча рейдлар ўтказиш режаланганини маълум қилганлар. Расмийларнинг айтишларича, Қирғизистондан Россияга қочишни режалаган шахсларни қўлга олиш бўйича Россия Федерал хавфсизлик хизмати билан ҳам келишилган.