Ҳиллари Клинтон 'Манас' учун Қирғизистонга миннатдорлик билдирди

Бишкекка сафари пайти АҚШ Давлат котибаси Ҳиллари Клинтон Қирғизистонда коалицион ҳукумат барпо этишга эришилганини олқишлади, "Манас" базаси учун миннатдорлик билдирди.

АҚШ давлат котибасининг Қирғизистонга сафари октябр ойидаги парламент сайловларида кўп овоз тўплаган партиялар коалицион ҳукумат барпо этиш борасида бир келишувга эришган пайтга тўғри келган.

Клинтон хоним демократик сайловларга асосланган коалицияни шакллантиришга муваффақ бўлинганини юқори баҳолаган.

У "Манас" аэропортида жойлашган АҚШнинг Транзит маркази учун Қирғизистон раҳбариятига миннатдорлик билдирди.

АҚШ қўшинларини Афғонистонга етказиш ва олиб чиқиш, ҳарбий учоқларни ёқилғи билан таъминлаш мақсадида фойдаланиладиган Транзит марказини ёпиш ғоясини Қирғизистондаги бир неча сиёсий партия кўтариб чиққан, мамлакатнинг жорий ҳукумати базани ёқилғи билан таъминлаш тартибидан норозилик билдирган.

АҚШ Давлат котибаси Ҳиллари Клинтон Афғонистонда АҚШ қўшинлари жойлашиши Қирғизистон манфаатига ҳам мос келиши ҳақида айтган.

"Агар биз Афғон ҳалқига тинч, барқарор мамлакат барпо этишига кўмак берсак, Қирғизистон янада хавфсизроқ бўлади", деб айтган Клинтон хоним.

АҚШ Давлат котибаси Бишкекда жонли телевизион дебатда талабалар ва фуқаролик жамияти вакиллари қаршисида сўзлар экан, ўтган ой АҚШ ва НАТОга аъзо мамлакатлар 2011 йилдан назоратни маҳаллий Афғон расмийларига ўтказишни бошлашга келишганлари ҳақида айтган, АҚШ Транзит марказини "сақлаб туриш" истагида эканини билдирган.

Давлат котибаси Ҳиллари Клинтоннинг Бишкекка сафари олдидан халқаро Human Rights Watch ташкилоти баёнот эълон қилган, ўз мурожаатида Клинтон хонимни Қирғизистон раҳбариятини шу йил июн ойидаги зўравонликлар юзасидан ҳар томонлама ва холис текширувга чақиришга чорлаган.

Human Rights Watchга кўра, АҚШ давлат котибаси апрел ва июн ҳодисалари юзасидан ҳар тарафлама ва холис текширув зарурлигини, Бишкек ва мамлакат жанубидаги зўравонликларга боғлиқ ишларда адолатли маҳкама ҳуқуқини таъминлаш, маҳкама жараёнлари атрофида хавфсизликни кучайтириш масалаларини кўтариши керак.

"Ҳиллари Клинтон, шу йил бошидаги зўравонликлар юзасидан ҳақиқий адолатга эришишнинг ягона йўли инсон ҳуқуқларига риоя этиш эканини Қирғизистоннинг янги раҳбариятига тўғридан-тўғри айтиши керак", дейилади Нuman Rights Watch баёнотида.

Мухбирларга кўра, Бишкекдаги талабалар ва фуқаролик жамияти вакиллари билан жонли телевизион мулоқотда Клинтон хоним "мамлакатда барқарорлик фақат инсон ҳуқуқлари орқали таъминланиши мумкин" деб айтган.