Қирғизистондаги янги коалиция таназзулга учради

Қирғизистонда уч партия иштирокида яқиндагина ташкил этилган парламент коалицияси парчаланиб кетди. Бу ҳақда бугун Қирғизистон Олий Кенгашининг ижроий раиси Ташболот Балтабаев расман маълум қилди.

Пайшанба куни тунда парламент вакиллари "Ата-Мекен" партиясининг раҳбари Омурбек Текебаевнинг номзодини спикерликка тасдиқлашмади.

Омурбек Текебаевнинг номзоди ушбу лавозимга янги коалиция томонидан илгари сурилганди.

Жаноб Балтабаевга кўра, энди "навбатдаги коалиция ташкил топгунга қадар" парламент ўз фаолиятида бир неча кунга танаффус эълон қилади.

Қирғизистон қонунчилигига мувофиқ, президент Роза Ўтинбоева 15 иш куни орасида янги коалиция тузиш вазифасини бошқа бир партияга топширишга ҳақли бўлади.

Бундан аввал қирғиз раҳбари ушбу масъулиятни вақтида ўзи аъзоси бўлган Социал-Демократик партияга юклаганди.

Агар бу гал ҳам коалиция тузиш ҳаракати иш бермаса, у ҳолда парламент мустақил равишда ўзи бундай иттифоқни барпо этиш ҳуқуқига эга бўлади.

Бу каби уринишлар ҳам самара бермаган тақдирда эса, Қирғизистон Олий Кенгаши тарқатиб юборилади ва мамлакатда янги сайловлар чақирилади.

Коалиция

Октябр ойида бўлиб ўтган парламент сайловларида бешта партия ғолиб чиққан, Қирғизистон собиқ президенти Қурмонбек Бакиевнинг тарафдорлари томонидан дастакланган "Ата-Журт" партияси парламентда кўпчиликни ташкил этиш даражасида бўлмаса ҳам, энг кўп овозларни қўлга киритганди.

Аммо янги коалиция 30 ноябр куни Социал-Демократик, "Республика" ва "Ата-Мекен" партиялари томонидан ташкил этилганди. Россияпараст "Ор-Номус" партияси эса, коалицияга киришдан бош тортганди.

Муваққат ҳукумат даврида президент Роза Ўтинбоеванинг муовини бўлган Алмазбек Атамбаевнинг номзоди Бош вазирлик лавозимига илгари сурилганди.

"Республика" партияси раҳбари Омурбек Бабанов эса, унинг муовини бўлиши кўзда тутилганди.

Қирғизистон жанубида юз берган ва аксарияти ўзбеклардан иборат юзлаб кишиларнинг умрларига зомин бўлган қонли этник низолардан қарийб олти ой ўтиб, қирғиз сиёсатчилари бир тўхтамга келгандек бўлишганди.

Собиқ Иттифоқ ҳудудидаги мамлакатлардан биронтаси шу вақтгача парламент республикаси тизимига эга бўлмаган, бу мамлакатлар кўпда ўта марказлашган, қудрат асосан бир шахснинг қўлида мужассамлашган президентлик тизимларини афзал кўрадилар.