Якуний декларация ёхуд қази-қартаю-бешбармоқлардан иборат илтифот самараси

Image caption Гўёки саммит эмас, Назарбоевнинг юбилейи нишонланаётгандек эди

Остонада Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг саммити ўз ишини якунлади.

3 декабрга ўтгандан сўнг, соат тунгги бирда томонлар ниҳоят бир битимга келишди.

Ярим тундан ўтганда журналистлар қошига чиққан президент Нурсултон Назарбоев ушбу саммит тарихга киражагини айтди.

Якуний декларацияда баҳсли деб кўрилган асосий масалалар борасида аниқ бир фикр айтилмади.

Умумий гаплар билан қабул қилинган ушбу ҳужжат Қозоғистонда Остона эришган энг катта ютуқ, дея баҳоланмоқда.

Илк маротаба бунча кўп нуфузли меҳмонни қабул қилган остоналиклар қақшатқич совуқда ҳам туни билан ишлаб чиқдилар.

Шимолнинг аччиқ шамоли учириб юрган қорлар техника ва одамлар кучи билан тозаланишдан бир зум тинмади.

Бутун шаҳарнинг эътибори гўёки шаҳарнинг бир четида жойлашган Мустақиллик саройига қаратилганди.

Саммитнинг иккинчи куни натижалар эълон қилиниб, сиёсатчилар умумий декларацияни имзолашлари ва бу ёш Қозоғистоннинг халқаро дипломатияда қўлга киритган энг катта ютуғи дея қабул қилиниши лозим эди.

Аммо 56 давлатнинг кўнглини олиш учун қази-қарта, бешбармоқ ва концертлардан иборат қозоқча илтифот камлик қиларди.

Назарбоевга Россия–Гуржистон, Озарбайжон–Арманистон муносабатлари ҳақиқий маънода бошоғриқ бўлди.

Саммитнинг иккинчи куни тушгача томонлар бир келишувга келиши ва қоқ тушда Назарбоев якуний матбуот анжумани бериши лозим эди. Аммо баҳсли масалалар борасида умумий ечим топилмагани учун, ушбу матбуот анжумани бир соат кечга сурилаверди. Эълон қилувчилар чарчади шекилли соат кечки 7 дан кейин матбуот анжумани қачон бўлишини эълон ҳам қилмай қўйишди.

Image caption Миллий хавфсизлик хизматидан тортиб оддий ҳайдовчиларгача тик турган ҳолда ушбу байрамона руҳнинг тушмаслиги учун содиқларча хизмат қилишди

Компьютер, телефон, телевизор билан жиҳозланган хона ва заллардаги журналистлар сухандоннинг ҳар бир гапини диққат билан кутарди. Орага муҳим бир палла олдидан сукунат чўкканди.

Сухандон эса, Остонани сайр қилдирадиган автобус жўнаяпти, деган гапни эълони қилгандан сўнг енгил кулги кўтариларди.

Айрим журналистлар узоқ кутишга чидолмай матбуот марказини тарк этдилар.

Қозоғистонликлар орасида хавотир пайдо бўлганди.

- Наҳотки, шунча дабдаба ва тайёргарлик ҳавога кетади? Агар якуний декларация имзоланмаса, ҳаммаси бир пул бўлади-ку, - дейди журналистларга улов ташкиллаштириб бериб юрган ташқи ишлар вазирлиги мулозими.

Бундан 11 йил олдин Истанбулда ўтган саммит ҳам худди шундай кечганди. Экперт ишчи гуруҳларининг икки йиллик муҳокамаларидан сўнг, ўшанда ҳам икки кун кечикиб умумий декларация қабул қилинганди.

ОҲХТнинг декларацияси ҳуқуқий мажбуриятлар юклай олмаса-да, сиёсий босим ўтказа оладиган ҳужжат ҳисобланади.

Агар 56 аъзо давлатнинг бирортаси ҳам ушбу ҳажжатга имзо чекмаса, декларация қабул қилинмаган ҳисобланади.

Россия президенти ортидан, ташқи ишлар вазири ҳам ҳужжатга имзо қўймай кетиб қолгани маълум бўлди.

Image caption Тадбир миқёсининг кенглигини англаш мушкул эмас эди

Ниҳоят 3 декабрга ўтгандан сўнг соат тунгги 1 да Қозоғистон президенти журналистлар қошида пайдо бўлди.

Унинг юзидаги қувончдан мақсадига эришгани кўриниб турарди. Журналистлар тик турган ҳолда президентни қарсаклар билан олқишладилар.

Назарбоев муҳим бўлган ҳужжат қабул қилинганини эълон қилди. Аммо унда баҳсли бўлган Гуржистон ва тоғли Қорабоғ масалалари умуман тилга олинмади. Томонлар умумий гаплар билан чекланиб, асосий урғуни хавфсизлик масалаларига қаратишгани маълум бўлди. Конфликтларни ечиш учун аниқ бир кўрсатмалар йўқ эди ушбу қоғозда.

Ҳаммаси хон учун

Саммитнинг маҳаллий матбуотда ёритилишини кузатаркансиз, асосий мақсад муаммоларнинг ечими эмас, балки Қозоғистон обрўси, айниқса, уни бошқараётган элбошининг хурсандчилиги учун қилинаётган катта бир тадбирдек таассурот пайдо бўларди.

Деярли ҳар бир нашрда Ванкувердан Владивостоккача бўлган ҳудудни бирлаштирган ташкилот деган жумлани учратиш мумкин. Бу сўзлар президентнинг оғзидан ҳам бир неча маротаба янграб ўтди.

Image caption 56 давлатнинг кўнглини олиш учун қази-қарта, бешбармоқ ва концертлардан иборат қозоқча илтифот камлик қиларди

Телевидениеда жаноб Назарбоевнинг шаънига илиқ сўзлар айтган давлат раҳбарлари бот-бот кўрсатилди. Гўёки саммит эмас, Назарбоевнинг юбилейи нишонланаётгандек.

Миллий Хавфсизлик хизматидан тортиб, оддий ҳайдовчиларгача тик турган ҳолда ушбу байрамона руҳнинг тушмаслиги учун содиқона хизмат қилишди.

Аммо шимолнинг кўзни очирмас совуқ ҳавоси ва жанубдан келган ва келмаган зотлар ушбу байрам руҳига озгина таъсир қилгандек бўлди.

Ёр келмади...

Саммитга АҚШ президенти дохил яна бир неча ривожланган давлатларнинг раҳбарлари келмаган бўлишса-да, ён қўшни Ўзбекистон президентининг келмаслиги Назарбоев ва унинг амалдорларининг таъбини бироз хира қилгани кўриниб турарди.

Гап орасида Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги ходимидан Ислом Каримовнинг келиш–келмаслигини сўраганимизда, бирдан кайфияти тушган ҳолда, "бизга Ташқи ишлар вазири келишини маълум қилишди", дея қуруқ жавоб олдик.

Телевизион тасвирчиларнинг айтишича, делегация раҳбарлари ҳар бирининг қўлини қисиб қарши олган Назарбоев жанобларининг Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норовни қаршилаётганда юзлари тундлашган.

Норов жаноблари ҳам илтифот қилиб ўтирмай, мезбонни "тузлаб" қўя қолди. Саммит давомида сўз олган деярли ҳар бир меҳмон Қозоғистон ва унинг раҳбарини "алқаб" ўтди. Ҳеч ким Қозоғистон раҳбарлик қилган даврдаги ОХҲТни танқид қилмади. Бироқ Норов жаноблари бундан мустасно бўлди.

Image caption Матбуот марказида "Остонани сайр қилдирувчи автобус жўнаяпти" деган эълонлар бўлиб турди

У Қирғизистон жанубидаги этник тўқнашувларда Қозоғистон бошчилигидаги ОХҲТ ўта сусткашликка йўл қўйганини айтди. Мустақил халқаро коммисия ташкил қилиниши кераклигини таклиф қилди.

Маҳаллий матбуотда Норовнинг ушбу танқидлари умуман ўрин олмади. Ҳаттоки, анча мустақил деб кўриладиган телеканал ҳам жаноб Норовни кўрсатмади, унинг чиқиши ҳақида бир оғиз эслатмади.

Назарбоевнинг қўшниси Каримов келмаганидан ранжиганини амалдорларнинг гапларидан ҳам билиш мумкин эди.

- Мен у (президент Каримов демоқчи) ҳақда бир нарса демайман. Аммо бизга март ойида келаман деб ваъда берганди. Хулосани ўзингиз чиқариб олинг, - дейди ўзаро суҳбатда қозоғистонлик амалдорлардан бири.

Мана шундай камчиликларни ҳисобга олмаганда, маҳаллий кузатувчилар тили билан айтганда, "Назарбоев шарафига уюштирилган тўй" кўнгилдагидек ўтди.

Маҳаллий матбуотда қабул қилинган декларацияда асосий конфликтлар бўйича аниқ кўрсатмалар йўқлиги борасида бирор сўз айтилмаслиги мумкин.

Аммо 11 йиллик танаффусдан сўнг, деярли кўпчиликнинг эсидан чиқиб бораёзган ОХҲТнинг саммити Остонада бўлиб ўтгани, унда казо-казо раҳбарларни Президент Назарбоев кутиб олгани йиллар давомида айтилиши тайин.