Қирғиз ширкати Американинг ҳарбий базасини ёқилғи билан таъминлайди

Аён бўлишича, Қирғизистоннинг давлатга қарашли Манас Ёқилғи қуйиш комплекси Бишкекдаги АҚШ ҳаво базасига лозим бўлган жаъми ёқилғининг ярмини ўзи етказиб беришни режаламоқда.

"Манас" аэропортида жойлашган ҳаво базаси Американинг Афғонистондаги ҳарбий амалиётлари учун муҳим транзит маркази ҳисобланади.

Америка томонининг расмий ҳисоб-китобларига кўра, жорий пайтда Афғонистондаги ҳарбий амалиётларини дастаклаш учун НАТО "Манас"даги транзит маркази орқали кунига 3.5 мингта аскар ва олти минг тоннадан ортиқ ҳар хил юкларни ташиб ўтади.

Бундан ташқари, Россиянинг давлатга қарашли "Газпром" ширкати ҳам янги шартномадан ўз ҳиссасига умид қилмоқда.

Қирғизистон Бош вазири муовини Амангелди Муралиевнинг айтишича, "сўнгги хабар янги қирғиз ҳукуматининг шаффоф фаолият олиб боришга ҳозирлиги йўлида қўйилган илк қадамни намоён этади".

"Манас" ҳаво базасини ёқилғи билан таъминлашга оид шартномалар собиқ қирғиз президенти Қурмонбек Бакиев вазифасидан четлатилган апрел ойидан буён коррупцияга оид даъволар гирдобида қолиб келади.

Муваққат ҳукумат Бакиев оиласини бу каби битимлардан адолатсиз бир равишда фойда олганликда айблайди. Жорий пайтда Қирғизистон Бош прокуратураси айни иш юзасидан тергов ишларини олиб бормоқда.

Шу йил ноябр ойида АҚШ Қурмонбек Бакиев маъмурияти даврида "Манас" ҳаво базасини ёқилғи билан таъминлаб келган ва Гибралтарда рўйхатдан ўтган Mina Corp ширкати билан янги келишув имзолаганди.

Ширкат, ўз навбатида, собиқ қирғиз президентининг оиласига ҳеч бир алоқаси йўқлигини айтганди.

Қирғизистондаги Америка элчилигининг билдиришича, энди Mina Corp ширкатининг ёқилғи таъминотидаги улуши 50 фоизга қисқаради. Қолган тенг ярми эса, қирғиз ширкатларига ихтиёрига ўтади.

"Манас" ҳаво базасини ёқилғи билан таъминлашга оид миллионлаб долларлик битимлар қашшоқлашиб қолган, аммо Россия, АҚШ ва Хитой ўз таъсир доирасига олишга уринган стратегик жиҳатдан муҳим Қирғизистонда нозик масала саналади.

Америка Нато Афғонистон хавфсизлигини афғон кучларига топшириши кутилаётган 2014 йилдан сўнг ҳам Қирғизистонда ўз ҳарбий ҳозирлигини сақлаб қолиш ниятида эканини яшираётгани йўқ.

Манас Ёқилғи қуйиш комплекси жорий йил охирига қадар ҳаво базасига 20.000, келаси йилдан бошлаб эса, 100.000 тоннадан ортиқ ёқилғи етказиб беришни режаламоқда.